Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

XIX аср миршаблари: бир маошга 3 та қўй!

XIX аср миршаблари: бир маошга 3 та қўй!

Исёнкор Омон Ниёзни масжиди Калон минорасидан улоқтирганларида ҳамма ҳайратдан ёқа ушлади. Негаки ёвмуд исёнкори 15 метрлик минорадан ерга тушганига қарамай, тирик қолган эди. Бироқ у Муҳаммад Аминхон фармонига кўра ўлимга ҳукм қилингани боис, миршаблар томонидан таёқ билан уриб ўлдирилди. Бу воқеа 1846 йилда бўлиб ўтганди...

Ҳар бир давлатда бўлгани каби, Хива хонлигида ҳам хоннинг юқоридаги тариқа фармонларини ижро этиш миршаблар зиммасида эди. Бироқ улар ўз хоҳишича иш тута олмас, давлат ва шариат қоидаларига қатъий бўйсунар ва қиладиган ишлари, асосан, Ичан қалъани қўриқлаш, қози ҳукмига кўра, белгиланган жазоларни ижро этишдан иборат бўларди.

Хива хонлиги архив ҳужжатларига кўра, миршаблар озчилик бўлиб, маоши ҳам кам эди. Пойтахтдаги Паҳлавон дарвоза, Шайх дарвоза, Маҳмуд ота дарвоза, Хизр бобо дарвозаларида жами 29 миршаб хизмат қилган. Маош эса миршабларга қуйидагича тақсимланган: «Ота дарвозадаги 8 миршабга 32 тилло, Паҳлавон дарвозадаги 7 миршабга 28 тилло, Боғча дарвозадаги 7 миршабга 28 тилло, Тош дарвозадаги 7 миршабга 28 тилло маош берилган» (Россия ФА шарқшунослик институти, 33-архив фонди, 8, 60-варақлар).

Миршаблар вазифаси дарвозадан кирадиганларнинг қоплари ёки чўнтакларини титиш эмас, ҳар бир даврда бўладиган ўғриларни ушлаш, ўзаро жанжал-низоларни бартараф этишдан иборат эди. Шунингдек, улар қози ҳукмига кўра ўғриларни, зино қилганлар, осий бўлган бандаларни жазолаш, зиндондаги бандаларни қўриқлаш билан ҳам шуғулланган. Бу хизматлари эвазига уларга ўртача 4-5 тилло маош бериларди. 1 тилло Россия пули бирлигига кўра 1842–1873 йилларда 3 рубль 160 тийин бўлганини ҳисобга олсак, миршабнинг маоши 14 рубль 40 тийин – 15 рублни ташкил этган. 14-15 рубль маош олган миршаб бу пулига, Л.Костенконинг «Город Хива в 1873 году» мақоласида ёзилишича, 3 та қўй ёки 1 та эшак сотиб олиши мумкин эди.

Хоразм бозорларида эса нарх-наво қуйидагича бўлган: «Бир ботмон (20 кг) ғалла 40–60 тийин, шу миқдордаги гуруч 80 тийиндан 1 рублгача, 1 кг мол гўшти 20 тийин, 1 товуқ 20–30 тийин, 100 дона тухум 60–70 тийин турарди» (Хива хонлиги архив ҳужжатларидан).

Шу тарзда 14-15 тилло маош оладиган миршаб учун олган хизмат пули оила харажатини бемалол қопларди. Аммо унинг маошини мактаб ёки мадраса мударриси маошига таққосласак, мударрисникига қараганда оз бўлганини кўрамиз.

Биргина Қутлуғ Мурод иноқ мадрасаси мударриси охуни 1858 йил 13 сентябрда маошига 324 ботмон ғалла олгани ҳужжатларда қайд этилган. Мадаминхон мадрасаси охуни 150 тилло, мударриси 100–200, имом ва муаззинлар эса 40 тиллодан маош олишган. Яъни, хонликдаги мактаб, мадрасаларнинг ўз вақф ерлари бўлиб, улардан келадиган барча даромад мударрис ва талабаларга берилган. Ҳа, мударрислар жамиятда энг қадрли инсонлар бўлиб, энг юқори маош билан сийланган. Ваҳоланки, ўша даврда қозикалон 40 тилло, раис 30 тилло маош оларди.

Шундай шароитда 4-5 тилло ҳақ оладиган миршаблар олган маоши оиласи таъминоти учун етганига қаноат қилиб, хизмат вазифасини масъулият билан адо этарди. Соғлиги ёмонлашган ёки кексайган миршаб ишини қўйиб, бирор-бир ҳунармандчилик ёхуд савдо-сотиқ билан машғул бўлар, миршаблик пайтида қайсидир ўғрини ушлагани, қайсидир зинокорни жазолагани билан мақтаниб юрарди.

Умид БЕКМУҲАММАД,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг