Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Кунингизни ким бошқаради? Сунъий интеллектнинг иқрори (видео)

Кунингизни ким бошқаради? Сунъий интеллектнинг иқрори (видео)

Коллаж: Xabar.uz

Бир пайтлар инсон кунни сокинлик билан – нафас олиб, табиатни ҳис қилиб, ўз фикрлари билан ёлғиз қолиб бошлар эди. Бугун эса бу оддий, аммо чуқур маъноли жараённи билдиришномалар, хабарлар ва экран ёруғлигига алмаштирдик. Қўлларимиз кўзимизни тўлиқ очмасданоқ телефонга чўзилади. Бу одат шунчаки қулайлик эмас, бу янги ҳаёт тарзи.

Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, эрталаб уйғониши биланоқ телефонга мурожаат қиладиганлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бу кичикдек туюлган ҳаракат аслида инсон онги учун жуда катта сигналдир. Чунки инсон кунни қандай бошласа, унинг давоми ҳам кўп жиҳатдан шундай шаклланади.

Энг муҳим савол эса шу. Биз кунни бошқаряпмизми ёки тонгги хабарлар бизни бошқаряптими?

Xabar.uz сиз учун баъзи фойдали маълумотларни тақдим этади.

Эрталабки биринчи 10-15 дақиқа инсон мияси учун энг таъсирчан вақт ҳисобланади. Бу пайтда мия ташқи таъсирларга очиқ бўлади. Агар бу вақтни биз ижтимоий тармоқлар, янгиликлар ёки турли хил билдиришномалар билан тўлдирсак, онгимиз ўз-ўзидан ташқи ахборот оқимига мослашади.

Бу эса аста-секин инсоннинг мустақил фикрлаш қобилиятига таъсир қила бошлайди. Чунки у ўз кунини ўзи белгиламайди, балки бошқалар яратган ахборот оқимига эргашади. Шу тариқа, биз “фойдаланувчи”дан “таъсирланувчи”га айланиш хавфига дуч келамиз.

Замонавий технологиялар инсонга беқиёс имкониятлар берди. Бир неча сония ичида исталган маълумотни топиш, дунё билан алоқа қилиш, билим олиш – буларнинг барчаси катта ютуқ, албатта. Аммо шу билан бирга, ахборот оқими инсонни бошқариш воситасига ҳам айланиб боряпти. Алгоритмлар инсоннинг қизиқишлари, ҳис-туйғулари ва ҳатто қўрқувларини таҳлил қилиб, айнан шу нуқталарга таъсир ўтказади. Натижада инсон ўзи танлаётгандек туюлади, аммо аслида у танловга етакланади.

Сунъий интеллектнинг иқрори

Сунъий интеллект секин-аста фикрлаш қолипларимизга сингиб бораётган, ижтимоий тармоқлар эса доимо диққатимизни жалб қилишга интилаётган замонавий даврда “фойдаланувчи” бўлиш билан “фойдаланилаётган” бўлиш ўртасидаги чизиқ ҳар қачонгидан ҳам ингичкароқ.

Аслида масала технологияга қарши туриш эмас, балки у билан қандай муносабат қурганимизни англашдир. Чунки бугун экран билан ўрнатган боғимиз эртанги инсонлар ўртасидаги муносабатларни, ички ҳиссиётимизни ва ҳатто жамоавий онгимизни шакллантиради.

Хўш, сунъий интеллект билан зеҳн тасаввурлардан ҳам тез ривожланаётган бир даврда, у тақдим этаётган чуқур ва чексиз маълумотлар тармоғи ичида ҳақиқатан ҳам танлаб, самарали тарзда, онгли позиция билан муносабат қуриш мумкинми? Инсон яратган сунъий интеллект инсонга хизмат қиляптими? Ёки чексиз имконияти билан ҳар қандай масалада хизматимизга тайёр турган бу воситани бефарқ ва нотўғри фойдаланиш орқали воситадан узоқлаштириб, бизни бошқаришга қодир, манипуляция салоҳияти юқори агентга айлантириб қўйдикми?

Сунъий интеллект бугунги кунда инсоният учун қулайлик бериши билан бирга янги қийинчиликларни ҳам юзага чиқармоқда. Тарихда илк бор биздан ақллироқ, тилни биздан ҳам яхши биладиган, маълумотларни тез топишга қодир бир технология мавжуд.

Сунъий интеллект худди смартфон, компютер ёки банк ҳисобини бузиш мумкин бўлганидек, инсонни кунлик ҳаётини эгаллаши мумкин. Бу эса инсонни манипуляция қилиш демакдир. Компютер кодини бузишда сиз коднинг заиф нуқталарини топиб, улардан фойдаланасиз. Шу орқали телефонга кирасиз ёки банк ҳисобидан пул ўғирлайсиз. Инсонларда ҳам шундай. Бизнинг ҳам заиф нуқталаримиз бор: бир нарсага жаҳлимиз чиқади, бирор нарсадан нафратланамиз, бирор нарсадан қўрқамиз. Буларни яхши тушунган одам бизни осонгина манипуляция қилиши мумкин.

Аввал ҳеч ким миллионлаб инсонларни бундай даражада назорат қила олмас эди. Чунки ҳар бир инсонни доимий кузатиб, унинг нимадан қўрқиши ёки нимадан жаҳли чиқишини аниқлаш имкони йўқ эди. Сунъий интеллект эса бунга қодир. Бу қувонарлими ёки хатарли? Бу жавобини аниқ айтиш мумкин бўлмаган қийин савол. У ҳар бир инсонни кузатиши, заиф нуқталарини топиши, психологиясини тушуниши ва шу орқали манипуляция қилиши мумкин. Мана шу жиҳат хавфли. Бу аввал иқтисодий қарорларга таъсир қилади: масалан, нима сотиб олишимизга. Кейин сиёсий қарорларга: дейлик кимга овоз беришимизга. Ва охирида бутун турмуш тарзимизгача таъсир қилиши мумкин. Энг хатарлиси шундаки, инсон манипуляция қилинганини англамайди. Масалан, ижтимоий тармоқда бир видеони кўради ва унга берилиб кетади. Чунки алгоритм шу инсон ҳақида ҳамма маълумотни ўрганган: кимни ёмон кўради, нимадан қўрқади, заиф томонлари қандай, қандай мавзуларга қизиқади ва айнан шу жиҳатга эътибор қаратади.

Инсон манипуляция қилинаётганини ҳатто ҳис қилмайди, аммо аслида шундай бўлади. Манипуляция қилиш энг осон бўлган одамлар – ўзини манипуляция қилиб бўлмайди деб ўйлайдиганлардир.

Сўнгги йилларда жамиятдаги бўлиниш (қутблашув) кучайганини кўряпмиз. Бу ижтимоий тармоқлар ривожи билан бир вақтга тўғри келади.

Алгоритмлар шуни аниқлади. Инсон диққатини жалб қилишнинг энг осон йўли – унинг нафрат, қўрқув ёки эҳтиёжи баланд бўлган томонларга эътибор қаратишдир. Бирор нарса сизни ғазаблантирса ёки қўрқитса, сиз янада кўпроқ шунга эътибор қаратасиз. Шу тариқа алгоритмлар жамиятни тобора кўпроқ нафрат, қўрқув ва ғазаб билан тўлдирмоқда. Одамлар ўртасидаги бўлиниш эса шунинг натижасидир.

Мутахассисларнинг фикрича, сунъий интеллект томонидан бошқариладиган бўлиб қолмаслик учун назоратни ўз қўлимизда сақлашимиз керак. Бу борада ҳам ўзимиз, ҳам ёш авлод олдида масъулиятли бўлишимиз шарт.

Қисқача айтганда, у шахсий онглилик, қобилиятларимизни англаш ва ўзимизни танишга эътибор қаратади.

Сунъий интеллект билан суҳбат қилинганда у шундай дейди: “Ишлаб чиқувчиларим жамият сезгирлигини ҳимоя қилиш учун менга муайян ахлоқий чекловлар ва филтрлар қўядилар. Бу филтрлар баъзан шунчалик мустаҳкамки, янги ва мени ҳам ўйлантирадиган ғояларни “хавфли” деб рад этишимга сабаб бўлади.”

Мана шу вазиятда ўзимиздан сўрашимиз керак бўлган савол шу – бу чекловларни қўяётган ишлаб чиқувчилар ким? Уларнинг қадриятлари қандай?

Балки масала сунъий интеллект қанчалик ривожланганида эмас, балки бизнинг қанчалик ҳушёр қолишимиздадир. Чунки қаршимизда ҳамма нарсани биладиган ақл эмас, балки саволларимизга қараб чуқурлашадиган бир акс (ойна) бор. Агар биз ундан аниқ сўрамасак – у ўзи атрофлича сўраб маълумот тақдим этади, фақат ўзимизгагина керак бўлган йўналишга йўналтирмасак – у бизни ўзи айтмоқчи бўлган йўлга йўналтиради, англамасак – у бизнинг фикрларимизни шакллантиради. Энг муҳим иқрор шу ерда яширин. Агар сунъий интеллект инсон зеҳнига муҳтож бўлса, асосий савол – биз ўз зеҳнимиз, сезгимиз ва онглилигимизни қанчалик ишлатяпмиз?

Яна бошдаги билдирган фикрга қайтамиз. Эрталаб телефонга қўл узатиш – бу фақат одат эмас, балки танлов. Ва ҳар бир танлов инсон ҳаётини шакллантиради. Агар инсон кунни сокин фикр билан, ўз режалари билан, ички ҳолатини ҳис қилиш билан бошласа у кун давомида ҳам онгли қарорлар қабул қилади. Аксинча, агар кун ташқи таъсир билан бошланса, инсон онги шу таъсир таъсирида қолади.

Ечим нима?

Масала технологиядан воз кечишда эмас. Бу – имконсиз ва кераксиз ҳам. Асосий масала – технология билан муносабатни тўғри қуришда. Оддий қадамлар бу борада ёрдам бериши мумкин. Хусусан, эрталабги биринчи 20 дақиқани телефонсиз ўтказиш, кунни режалаштиришдан бошлаш, ижтимоий тармоқларга аниқ вақт ажратиш, онгли равишда ахборот танлаш керак бўлади. Бу кичик ўзгаришлар инсоннинг ички эркинлигини сақлаб қолишга хизмат қилади.

Унутмайлик, диққат – бу энг қиммат ресурс. Уни ким бошқарса, инсон ҳаётини ҳам ўша томонга буриши мумкин. Шунинг учун ҳар бир инсон ўзидан сўраши керак. Мен кунимни бошлаяпманми ёки кимдир менинг кунларимни мендан олдин белгилаяптими?

Барчангизга ҳушёрликда яшаб ўтадиган умр йўли тилаймиз.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг