Новости в нашем Телеграм канале Подписаться ×

Бугун журналистлар байрами эмас

Бугун журналистлар байрами эмас

Фото: «Rakurs.tv»

Ушбу постни бир йил аввал фейсбукда ёзган эканман. Бу йил бир оз бошқачароқ ― байрам йўқ, шекилли а?

БУГУН ЖУРНАЛИСТЛАР БАЙРАМИ ЭМАС.

Бугун халқаро СЎЗ ЭРКИНЛИГИ КУНИ!

Бу ерда мантиқий  урғу «сўз эркинлиги»га тушади. Ва бу кун ҳеч қандай байрам-пайрам эмас, рост сўз, мустақил фикр, танқидий дунёқарашни ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш кунидир.

1991 йилда ЮНЕСКО  ҳурфикрлилик, матбуот эркинлиги ва плюрализмни ҳимоя қилиш мақсадида 3 майни Халқаро сўз эркинлиги куни деб белгилади.

2000-йилларда Ўзбекистонда бу кун бошқача ўтарди: турли анжуманлар, йиғилишларда сўз эркинлиги муаммолари роса муҳокама қилинарди. Карим Баҳриев, Бобомурод Абдулла каби журналистларнинг ўша пайтлардаги нутқлари ёдимда. Кейин...

Кейин нималардир ўзгариб кетди, бу кун байрамга айлантирилди, журналистларни энг яхши ундай мақола, энг яхши бундай лавҳа учун тақдирлашлар бошланди, муаммони гапириш ўрнига ютуқларни кўз-кўзлашга буриб юборилди. Хуллас, 3 май эркин сўз айтувчилардан мукофотли сўз айтувчиларга олиб берилди.

Дунёга боқинг ва ўзимизга қаранг: бошқалар шу куни соҳа муаммоларини гапирадилар, биз эса тантана билан мукофот топширамиз. Бошқалар рост сўзи учун жабр кўрганларни қўллаб-қувватлайдилар, биз эса рост гапни ҳаммадан ҳам дўндириб қўйгандек бир-биримизни табриклаймиз.

Аслида сўз эркинлиги, ҳурфикрлилик Конституциямиз томонидан кафолатланадиган олий ҳуқуқлардан. Демак, бу маълум бир касбга эмас, ҳаммага бирдек тааллуқли кун.

Бугун касб байрами эмас, ҚАДРИЯТ куни. Шундай экан, журналистларни эмас, доим ўз фикрига эга ва ўзига етадиган зарардан қатъи назар уни айта оладиганлар, шу туфайли доим шумшук ва ёқимсиз кўринса-да, алалоқибат ўзгаришларга, тараққиётга сабаб бўладиган ҳар бир кимсани табрикланг, агар шундайларни топа олсангиз.

Мен эса эркин фикри учун қатағон қилинган аждодларимни, рост сўзи учун қамоқхоналарга ташланган, қийналган, ўлдирилган барча инсонларни эслайман, ўшалар ҳақига дуо қиламан.

Тўғри сўзни қадрлайдиган, эркин фикрга йўл очиб берадиган, уни эшита ва қабул қила оладиганларни, шунга тоқати етадиганларни дуо қиламан.

Журналистларни  27 июнда қутларман.

Комментарии 0

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети