Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бўстонлиқда нечта давлат объекти сотилиши маълум қилинди

Бўстонлиқда нечта давлат объекти сотилиши маълум қилинди

Фото: Президент матбуот хизмати

Бўстонлиқ туманида 80 га яқин давлат объектларини хусусийлаштириш режалаштирилган. Бу ҳақда  бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев туманда  туризм салоҳиятини кенгайтиришга доир лойиҳалар тақдимоти билан танишиши жараёнида айтилди.

Таъкидланишича, бу орқали туризм соҳасида давлат иштироки қисқартирилади ва хусусий тадбиркорлик ривожланади. 15 мингтагача янги иш ўрни яратилади. Рақобат кучайиши ҳисобига мақбул нарх-наво шаклланади.

Ноқонуний фаолият кўрсатаётган субъектларни аниқлаш ва уларни рўйхатдан ўтказиш борасидаги ишлар бўйича ҳам тадбирда маълумот берилди.

Жумладан, Бўстонлиқ туманида солиқ солиш объектларини ҳисобга олишни соддалаштириш мақсадида «Orom.uz» мобил иловаси ва ягона электрон платформаси ишлаб чиқилди. Бу платформа орқали 3 минг 700 дан ортиқ ижарачилар рўйхатга олинди. Бундан ташқари, қўшимча таянч пунктлари ташкил этилиб, 16 мингдан зиёд объект хатловдан ўтказилди. Булар натижасида солиқ тушуми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан деярли 3 бараварга ошган.

Бўстонлиқ туманида йўл инфратузилмасини ривожлантириш ва таъмирлаш бўйича ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан,  автомобиль йўллари таъмирланди, ерости сувларини қочириш мақсадида дренаж қувурлари ўрнатилди, 10 километрдан ортиқ пиёдалар йўлакчалари қурилди.

Президентимиз йўлларни пухта ўйланган, тежамкор лойиҳалар асосида қуриш ва таъмирлаш зарурлигини таъкидлади.

Сайёҳлар оқимининг кўпайиши чиқиндиларни оқилона бошқаришни ҳам талаб этади. Ҳисоб-китобларга кўра, Бўстонлиқ туманида кунига ўртача 102 тонна маиший чиқинди ҳосил бўлади. Афсуски, дам олиш маданияти пастлиги туфайли кўпинча йиғиштирилмай, табиат қўйнида ташлаб кетилади.

Бу муаммони бартараф этиш, ҳудудни тозалаш тизимини такомиллаштириш мақсадида чиқинди йиғиш пунктлари ва ташувчи техникаларни кўпайтириб, Экоинспекция назоратини йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда. Бунинг натижасида ҳудуд 100 фоиз санитария тозалаш хизматлари билан қамраб олинади. Ташриф буюрувчиларнинг экология ва атроф-муҳит муҳофазаси талабларига риоя этишлари устидан доимий назорат юритилади.

Шунингдек, Бўстонлиқ туманида ичимлик суви ва канализация тармоқларини яхшилаш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. Йил бошидан буён 7,6 километр ичимлик суви қувури, насос ва сув миноралари қурилган. Келгуси икки йилда 36 километр ичимлик ва 3,5 километр оқава сув қувури, 10 га яқин сув ва канализация иншооти барпо этилиши режалаштирилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Туманда электр таъминотини яхшилаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Президент мавжуд электр тармоқларини таъмирлаш билан бирга сув, шамол ва қуёш энергияси манбаларини бунёд этиш, туристик объектлар энергия эҳтиёжининг катта қисмини шулар ҳисобидан таъминлаш бўйича кўрсатмалар берди.

Тоғ ёнбағирларида, ўрмон ва сув фонди ерларида енгил конструкцияли кўчма дам олиш масканларини ташкил этиш лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг