Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Гватемала ўз элчихонасини Қуддус шаҳрига кўчирмоқчи

Гватемала ўз элчихонасини Қуддус шаҳрига кўчирмоқчи

Бенямин Нетаняҳу

Фото: «Euronews»

Душанба куни Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу Гватемала президенти Жимми Моралеснинг мамлакат элчихонасини Қуддус шаҳрига кўчириш ҳақидаги қарорини қутлади. Бу ҳақда Евронюс хабар тарқатмоқда.

Гватемала президенти Жимми Моралес якшанба куни ўзининг «Facebook» саҳифасида Исроил бош вазири билан бўлиб ўтган учрашувдан сўнг мамлакат элчихонасини Қуддус шаҳрига кўчириш ҳақидаги қарорини эълон қилди.

«Худо ўзи қўлласин дўстим Моралесни. Мен сизларга айтган эдим, бошқа давлатлар ҳам Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олади ва ўз элчихонасини Қуддусга кўчиради деб. Мана, аллақачон иккинчи давлат тан олди, такрорлайман, бу ҳали бошланиши, ҳали бошқалар ҳам бунга қўшилади», дея баёнот берди Нетаняҳу.

Жума куни БМТ Бош ассамблеяси Трампнинг Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олиш ҳақидаги қарорини қоралаб овоз берган эди. Ўшанда 9 та давлат Трамп қарорини қўллаб-қувватлашини билдирган. Гватемала ҳам Исроил ва АҚШ қаторида овоз берган эди.

Фаластин расмийлари Гватемала президентининг ушбу қарорини шармандали ҳолат, дея баҳолаганлар. Шунингдек, улар «Дунёнинг аксарият давлатлари Фаластин томонида эканлигини ва Гватемаладек давлатнинг қарори ҳеч нарсани ўзгартирмаслигини» билдирганлар.

БМТ ҳам ўз позициясини ўзгартирмайди ва Шарқий Қуддусни Исроил томонидан босиб олинган ҳудуд дея ҳисоблайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг