Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Италиядаги парламент сайловига назар: кимнинг имконияти қандай?

Италиядаги парламент сайловига назар: кимнинг имконияти қандай?

Фото: Euronews

Уч нафар сўл-марказчи қўл остидаги ҳукумат(сўнгги беш йилда Энрико Летта, Маттео Ренци ва Паоло Жентилони бош вазир бўлишга улгурди)дан кейин 2018 йил 4 март куни италияликлар яна миллий ҳукуматни шакллантиришга хизмат қилувчи сайловда қатнашадилар.

Уч йирик рақобатчи партиянинг мавжудлигига қарамай, уларнинг бирортаси сайловда кўп овоз олиш имкониятига эга эмас: бунга ҳатто муаллифларининг ўзларини ҳам ўйлантириб қўйган янги сайлов тизими  сабабчи.

Башоратчилар «Беш юлдуз» ҳаракатининг муваффақиятини тахмин қилишмоқда. Ушбу ҳаракат фуқаролик жамияти ташаббуси билан шакллантирилган бўлиб, раҳбари собиқ актёр Беппе Гриллодир. «Беш юлдуз» ҳаракати етакчилари парламент қуйи палатасида ҳам сенатдагидай энг кўп ўрин олишни мақсад қилишган. Лекин сўровлар партия парламентда яққол кўпчилик бўлиш имкониятини тақдим этадиган 40 фоизлик овозни тўплай олмаслигини кўрсатмоқда.

Caption

 

Янги сайлов қонуни «Rosatellum» дея аталади. Ҳужжат уни қабул қилишга ундаган Демократик партия депутати Этторе Розато шарафига номланган. Қонун яккапартиявийликни йўққа чиқариб, турли номзодларни курашга тортади ва коалицияга йўл очади.

«Беш юлдуз» партияси турли сиёсий ландшафтга эга партияларни бирлаштиради.

Демократик партия чап-марказчиларнинг коалицияси бўлиб, унга собиқ бош вазир Маттео Ренци бошчилик қилади. Амалдаги бош вазир Паоло Жентилони Римдаги сайлов рўйхати бўйича айнан шу партиядан сайловда қатнашади. Бир неча ой илгари пенсия ва меҳнатга оид қонунга ўзгартириш киритилишига норозилик белгиси сифатида салмоқли миқдордаги депутатлар мазкур партияни тарк этишди. Бу депутатлар «Liberi e Uguali» номли алоҳида чап йўналишдаги  блокка асос солдилар.

«Тенглик ва озодлик» партиясига собиқ судья, итальян мафиясига қаршилиги билан машҳур сенат аъзоси Петро Грассо бошчилик қилади. Кўпчилик уни Маттео Ренцининг ашаддий рақиби сифатида кўради. Тахминларга кўра бу партия сайловчилар сони бўйича «Беш юлдуз»дан сўнг иккинчи ўринни эгаллаши мумкин. Январ ойидаги сўровлардан бирида партия 25 фоиз овоз тўплаган бўлса-да, бугун бу кўрсаткич 5-6 фоизни ташкил этмоқда.

Эмми Бонино блоки («+Европа») либерал ҳаракат саналади ва Демократик партиянинг иттифоқчисидир. Эмми Бонино радикал итальян сиёсатчиларидан бири, фуқаролар ҳуқуқи учун кураш ҳаракатининг яққол фаоли. У «+Европа» блокини Бруно Табаччи бошчилигидаги христиан демократлар билан шакллантирди. Сўровларда унинг натижаси 2-3 фоизни ташкил этмоқда.

Бу ҳаракатнинг асосий тарафдорлари электоратнинг ёш зиёли қатлами, сўл-марказчилар ва чет элдаги итальян диаспораси ва Демократик партияга қаршилардир.

«Олға, Италия» 2013 йилда молиявий фирибгарлиги туфайли давлат мансабларини эгаллаши ман этилган бўлса-да, сиёсатга қайтган медиамагнат Силвио Берлускони партияси саналади. Сўровларга кўра бу партия 15 фоиз овоз тўплаб, учинчи йирик кучга айланган.

«Шимол лигаси» Италияда оддийгина «Лига» деб ҳам аталади, унга Маттео Савини раҳбарлик қилади. «New York Times»нинг ёзишича, охирги беш йилда Савини антиглобал ва антиевропа сиёсатини ёйишга, шу орқали Европадаги миграция сиёсатига қаршиларнинг эътиборини тортишга уринди. Ижтимоий тармоқ ва матбуотдаги можароли томошалардан сўнг Савини тарафдорлари 2013 йилги 4 фоиздан бугунга келиб 13-14 фоизга етди.

«Итальян биродарлари» эса профессионал сиёсатчи аёл Рима Жоржия Мелони бошчилик қилувчи блок саналади. «Guardian» нашрининг маълумот беришича, «Итальян биродарлар» неофашистик илдизларга эга бўлиб, «Шимол лигаси»нинг жанубий эквиваленти саналади. Блок «Forza Italia», «Лига» ва марказчи блок бўлмиш «Биз Италия учун» билан алянс ҳосил қилади ва 5 фоизгача овоз олиши мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг