Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Колбаса ёки демократия: қай бирини танлайсиз?

Колбаса ёки демократия: қай бирини танлайсиз?

Собиқ иттифоқнинг биринчи ва охирги президенти биринчи хоним билан.

Krsk.kp.ru

Ҳали иттифоқ тарқалмаган пайтида бу давлатнинг биринчи ва охирги президенти Михаил Горбачёв пойтахт марказида одамлар билан учрашди. Ўша даврларда эълон қилинган «ошкоралик» шиоридан руҳланган одамлар унга дардларини тўкиб солишди, телевидение эса бу учрашувни «демократиянинг юксак намунаси» сифатида намойиш этди.

Қизиғи, президент билан учрашган одамларнинг аксарияти маиший масалалардан нарига ўтмади. Улардан бири ҳатто «нега дўконларда колбаса йўқ, қачон бўлади, билмайсизми?» деган мазмунда савол берди. Горбачёв ҳам мутлақо жиддий тарзда «ҳозир кўпчилик дўкончиларни текширяпмиз, колбаса топсак, сотувга чиқарамиз» дея жавоб берди. Халқни қийнаган муаммони-ю, унга берилган жавобни қаранг! Сиёсий онг мутлақ йўқолиб кетиб, фақат қорин ғамига ўралашиб қолиш шунчалик бўлади-да.

Орадан йиллар ўтди, мустақилликни ҳам қўлга киритдик, ўз парламентимизга, партияларимизга эга бўлдик. Пештахталар турли-туман маҳсулотларга тўлиб тошди. Ҳозир президент билан учрашиш имконияти туғилса, бу даражада бемаъни савол беришни бирор киши ўзига эп кўрмайди. Аммо ўйлаб кўрайлик, фуқаролик позициямиз кутилганидек фаолми, умуман борми ўзи шунақа позициямиз?

Нега  кўпчилигимиз муаммо деганда чироқнинг ўчиши, газнинг бўлмаслиги, гўштнинг қимматлигини, давлат деганда фақат бизнинг тушунчамиздаги, фақат бизнигина қийнаётган муаммоларни албатта бизга ечиб бериши керак бўлган ташкилотни тушунамиз.  Албатта, муаммолар мавжуд, уларнинг ечимини излаш керак. Аммо улар қайси давлатда йўқ? Оддий ҳақиқат — дунёда 200 дан ортиқ давлат бўлса, шундан нари борса 30 тасида биз орзу қилган ҳаёт, тўкинлик бор. Лекин шунда ҳам ўша давлатнинг талаби даражасида меҳнат қилсангиз, керакли мутахассис бўлсангиз, рақобатга чидай олсангиз яхши яшайсиз. Бўлмаса камбағаллик ҳар жойда таъқиб қилаверади.

Мавзуга қайтамиз — нега муаммоларни фақат маиший масалаларда кўришга ўрганиб қолганмиз? Бирортамиз бозорда картошка нархининг ошиб кетгани тўғрисидаги соатлаб давом этган баҳсларда Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамияти олдидаги обрўсини кўтариш бўйича бир дақиқа ажратганмизми? Ёки бизга машинани арзон ва навбатсиз олиш муҳимми ёки Қуддус шаҳрининг кимга тегишлилигими?

Тушунмаяпман дейсизми?

Саволни бошқачароқ қўямиз: мана, 24 декабр куни пойтахтда халқ депутатлари сайланади. Худди шундай жараёнлар вилоятларда ҳам бўлган албатта. Лекин бирор марта бирор депутатнинг (агар у яқин танишимиз бўлмаса) дастурини оиламиз ёки дўстларимиз даврасида муҳокама қилганмизми? Номзодлар-ку уйғониб қолишди, озми-кўпми ҳаракат қилишяпти, уларнинг вакиллари ёки ўзлари уйма-уй юриб тарғибот олиб боришяпти. Лекин қачон уларга дуч келсак, энсамиз қотишини яширмаймиз. Нега бундай йўл тутишимизни депутатларнинг бирор муаммомизни ҳал қилиб бера олмасликлари билан изоҳлаймиз. Хўш, бизнинг аниқ қўллаб-қувватлашимизга суяниб ҳаққоний сайланмаган, биз сиёсий жараёнларда фаол қатнашиб танланмаган депутатдан яна нима кутамизу, нимани талаб қиламиз? Бу ўзимиз ясаган самолёт учмаса, осмонда учиб юрган бургутдан домангир бўлишга ўхшамайдими?!

Ҳар бир инсон уйғониши, давлатдан нимадир кутиб нолишдан ташқари, шу масалаларнинг ечимини таҳлил қила билиши, мамлакат келажагида шунчаки миллионларнинг бири сифатида эмас, ўз меҳнати ва ҳаракатлари билан из қолдирадиган бўлиб киришга интилиши зарур.

Илтимос, энсангиз қотмасин.

Аброр Зоҳидов

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг