Лукашенко: «Беларус ўзбек халқидан қарздор»
Беларус президенти Александр Лукашенко ўз мамлакати ўзбекистонлик меҳнатсевар мигрантларни қабул қилишдан мамнун эканлигини билдириб, ўзбеклар олдида «қарздормиз» деди. Бу ҳақда «БЕЛТА» агентлиги хабар берди.
Лукашенко душанба куни Минскда Ўзбекистоннинг Беларусдаги элчиси Раҳматулла Назаров билан учрашуви чоғида ўзбеклар Иккинчи жаҳон уруши даврида беларусларга салмоқли ёрдам кўрсатганини таъкидлади. Кўплаб беларуслар Ўзбекистондан паноҳ топган ва у ерда уларга меҳр билан муносабатда бўлишган. У мана шу контекстда Беларус ўзбек халқи олдида муайян қарздорликни ҳис қилишини таъкидлади.
Лукашенко, шунингдек, Беларус Ўзбекистондан келадиган меҳнатсевар фуқаролар учун очиқ эканини қайд этди. У мамлакатда ишлашни хоҳлайдиган кўплаб ўзбеклар яшаётганини тилга олиб, улар беларуслар учун яқин инсонлар ҳисобланишини урғулади.
Лукашенко Ўзбекистондан фарқли ўлароқ, Беларус демографик муаммоларга дуч келаётганидан афсусда эканини ва шу сабабли Ўзбекистондан келадиган меҳнатсевар мигрантларни кутиб олишдан доимо мамнунлигини билдирди.
Шу билан бирга, давлат раҳбари Беларусда мигрантларни қабул қилишнинг қатъий тартиби ҳақида огоҳлантирди. Лукашенко мигрантларнинг фарзандлари учун боғча, мактаб ва олий таълим каби барча шароит ва хизматлар беларуслар, россияликлар, украиналиклар ва бошқа аҳоли билан тенг шароитларда тақдим этилишини таъкидлади.
Беларус Президенти, шунингдек, мамлакат меҳнат мигрантларини қабул қилиш учун кенг имкониятларга эга эканини қўшимча қилди. У одамлар фаол равишда келиб ишлаётганини қайд этди ва Беларус бу масалада Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигига ишонтирди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter