Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистоннинг янги элчиси БААда расман иш бошлади

Ўзбекистоннинг янги элчиси БААда расман иш бошлади

Фото: «Дунё» ахборот агентлиги

Ўзбекистоннинг янги тайинланган элчиси Умид Шодиев Бирлашган Араб Амирликлари ташқи ишлар вазири ўринбосари Умар Убайд ал-Шамсийга ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар қилди.

Учрашув давомида икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва келгуси истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар ўзаро муносабатларни янада ривожлантириш имкониятларини кўриб чиқди.

Умар ал-Шамсий янги элчини қутлаб, унга дипломатик фаолиятида муваффақиятлар тилади. У БАА ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни барча йўналишларда кенгайтиришга тайёр эканини билдирди.

Ўзбекистон элчиси Умид Шодиев икки давлат ўртасидаги анъанавий дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни давом эттиришини таъкидлади.

Маълум қилинишича, томонлар иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инвестицияларни жалб этиш ва маданий алмашинувларни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратган.

Шунингдек, мулоқотда ҳудудий ва халқаро кун тартибидаги айрим долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Маълумот учун, Умид Шодиев 43 ёшда бўлиб, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини тамомлаган. У дипломатик фаолиятини 2005 йилда бошлаб, турли масъул лавозимларда ишлаган. Жумладан, у Ўзбекистоннинг Вашингтон ва Нью-Йоркдаги дипломатик ваколатхоналарида хизмат қилган, 2018–2023 йилларда Париждаги ЮНЕСКО ҳузурида доимий вакил бўлган.

Ушбу тайинлов билан у аввал БААда элчи бўлиб ишлаган ва кейинчалик Туризм қўмитаси раиси лавозимига ўтган Абдулазиз Аққулов ўрнини эгаллади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг