Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мун Чже Ин ва Шавкат Мирзиёев расмий ташриф ҳақида келишиб олишди

Мун Чже Ин ва Шавкат Мирзиёев расмий ташриф ҳақида келишиб олишди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 январь куни Корея Республикаси Президенти Мун Чже Ин билан видеоанжуман шаклида учрашув ўтказгани хабар қилинганди.

Мулоқотда президент Мун Чже Ин Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши масаласига ҳар томонлама кўмаклашишини яна бир бор тасдиқлади.

Давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабарига кўра, саммит чоғида глобал ва минтақавий аҳамиятга эга масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Томонлар БМТ ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида, шунингдек, юқори технологиялар, «яшил» ва рақамли иқтисодиёт соҳаларидаги дастурларни илгари суриш мақсадида «Корея Республикаси – Марказий Осиё» ҳамкорлик форуми доирасида яқиндан ҳамкорликни давом эттирадилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Сеулнинг Корея ярим оролидаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш борасидаги саъй-ҳаракатларини доимо қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Томонларнинг минтақавий ўзаро боғлиқликни кучайтириш бўйича ташаббуслари юксак баҳоланди.

Давлат раҳбарлари экология соҳасидаги ҳамкорлик, шу жумладан Оролбўйи минтақаси учун кўп шериклик асосидаги Траст фонди фаолиятини қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида тўхталдилар.

Бўлажак олий даражадаги тадбирлар режаси кўриб чиқилди. Президент Мун Чже Ин Президент Шавкат Мирзиёевга Корея Республикаси ташриф билан келиш тўғрисидаги таклифини тасдиқлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Саммит якунида «Тўртинчи саноат инқилоби»га кўмаклашиш мақсадида рақамлаштириш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандум,  EDCF билан ҳамкорлик бўйича уч йилга мўлжалланган 1 миллиард долларлик дастурни амалга ошириш бўйича битим, замонавий кўп тармоқли клиника ва лойиҳавий институт – Кимёвий технологиялар марказини қуриш лойиҳалари бўйича заём битимлари имзоланди.

Бундан ташқари, етакчи компаниялар даражасида мамлакатимиз энергетика инфратузилмасининг муҳим объектларини модернизация қилиш тўғрисидаги битимлар имзоланди.

Давлат раҳбарлари ҳар доимгидек очиқ, самимий, конструктив ва дўстона муҳитда ўтган саммит якунларидан мамнун эканликларини қайд этдилар.

Томонлар онлайн-музокаралар ўз вақтида ўтказилгани ва натижадорлиги жиҳатидан юзма-юз учрашувлар амалиётидан қолишмаганини таъкидладилар.

Президентлар дўстлик ва кенг кўламли шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш, биродар мамлакатларимиз ва халқларимиз фаровонлиги йўлида ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришда қатъий эканликларини яна бир бор тасдиқладилар.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг