Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Енгилмас Флойд Мэйвезернинг режалари

Енгилмас Флойд Мэйвезернинг режалари

Флойд Мэйвезер.

Фото: «Foxnews»

«Мен Россия фуқароси бўлиб, Грозний шаҳрида уйим бўлишини истайман», дейди бокс устаси Флойд Мэйвезер. Албатта, унинг бу қарорини кўпчилик кутмагани аниқ. Аммо сўнгги йилларда машҳур киноактёр ва спортчиларнинг Россия фуқаролигини қабул қилиши урф бўлганини инобатга олсак, бу ишнинг амалга ошиши ҳақиқатга яқин.

350 миллион АҚШ доллари

Флойд ММА чемпиони Конор МакГрегор билан ўтказилган жангдан сўнг 350 миллион АҚШ долларига эга бўлди. Бундан ташқари, у 50 та жангининг барчасида зафар қучиб, фаолияти давомида умуман мағлубиятга учрамаган боксчи сифатида рекорд ўрнатди. Хўш, ҳозир у нима билан машғул? Умуман олганда, 2017 йил Флойд учун қандай ўтди?

Пуллар нималарга ишлатилмоқда?

Флойд Мэйвезер «йил жанги»дан сўнг АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳридаги бойлар истиқомат қиладиган Беверли-Хиллздан 25,5 миллион долларга майдони 1400 квадрат метрга тенг бўлган янги уй сотиб олди. Мебелларининг ўзига 500 минг доллар сарф қилди. Флойд янги уйининг хоналаридан бирига ҳурмат юзасидан рақиби МакГрегорнинг ҳам катта портретини осиб қўйди.

«Беверли-Хиллздаги турмуш тарзи жуда мароқли, соғлом ва тинч эканлигини айтиб ўтмоқчиман», — дейди у. Ушбу кошонани харид қилганидан сўнг Мэйвезер автомобиллари коллекциясига яна тўрт «тойчоқ»ни қўшиб қўйди. «Феррари», «Ламборжини», «Роллс-Ройс» ва «Бугатти»лар чемпионга 4 миллион долларга тушди.

Мэйвезер видеоўйинлар тимсоли!

Флойднинг ажойиб жанглари унга нафақат рингда, балки спортдан ташқарида ҳам катта муваффақият келтиряпти. Ноябр ойида Мэйвезер ижтимоий тармоқлар учун ўйинлар ишлаб чиқарувчи «Playtrex», шунингдек, «Hero Digital Entertainment» билан узоқ йиллик шартнома имзолади. Шартномага кўра, ушбу брендлар Мэйвезернинг юзидан фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритди. У «Wild Poker» деб номланган ўйиннинг асосий тимсолига айланди.

«Wild Poker»ни кўрганимдан сўнг, мен унинг бир қисми бўлишни жуда хоҳладим. Мен бошқа рекламаларда суратга тушишим мумкин. Аммо «Wild Poker» мен учун катта аҳамият касб этади», дея ўз фикрларини маълум қилган Мэйвезер.

У яна рингга қайтадими?

40 ёшни қарши олган Флойд Мэйвезер МакГрегор билан жангдан сўнг ўз фаолиятини якунлаганини эълон қилган эди. Бироқ, орадан бир муддат вақт ўтгандан сўнг, унинг яна рингга қайтиши борасида хабарлар тарқалди. Унда Мэйвезер ўзининг 51-жангига тайёргарлик кўраётгани айтилган. Лекин, спортчининг яқинлари бу хабарни рад этган. Аммо «шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди», — дейишади.

МакГрегор билан реванш жанги ўтказиладими?

«Йиқилган курашга тўймас», — деганларидек, МакГрегор жангда ғалаба қозонганини, лекин ҳакамларнинг нохолислиги туфайли мағлубият аламини тотганини иддао қилмоқда. Аммо ўша жанг гувоҳи бўлганлар Мэйвезер Конорни жуда қийин аҳволга солиб қўйганини жуда яхши билишади.

«Агарда яна бир маротаба Флойд билан жанг қилсам, албатта ғалаба қозонаман. Мен ўшанда унга жанг бокс қоидалари бўйича бўлишини айтган эдим. Шундай ҳам бўлди. У эса мен билан аралаш яккакурашларда беллашаман, деган эди. Агарда жанг ўшанда ММА тизимида ўтказилганда, албатта уни осонгина таслим этардим», дея ўз сўзларини маълум қилмоқда МакГрегор. Мэйвезер эса бошқача фикрда. «Ҳақиқатни билмоқчимисиз? Биринчи жангда мен уни имкон борича авайладим. Чунки Конорга жиддий шикаст етказиб қўйишни умуман истамадим. Унинг реванш ҳақида ўйлаши умуман ақлга сиғмайди».

Икки томон ҳам ўз фикрида собит турибди. Лекин, оддий ҳақиқат бор. Бокс қоидалари бўйича жанг ўтказилар экан, Флойд Мэйвезернинг ғалабасига шубҳа қилишнинг иложи йўқ. Флойд ва Конор ўртасида жанг яна ташкил этилиши мумкин. Бироқ, бу баҳс фақатгина пиар учун ўтказилади ва унда фойдани фақат икки спортчи кўради.

Чин юртига сафар...

Флойд Мэйвезер пулни қаерга ишлатишни ва қандай топишни яхши билади. У Хитойга ташрифи давомида биргина панда учун 15 минг доллардан воз кечди. Шунингдек, бошқа харажатлар учун боксчи бир неча юз минглаб долларларни сарф этди. Лекин у Хитой, Ҳонконг, Макаога ташрифи чоғида 3 миллион доллар ишлаб топди.

«Менинг ҳаётим, яшаш тарзим ва топаётган пулларим ҳақида мен ҳеч кимга ҳисобот бермайман. Бу менинг ишим», — дейди у.

Мэйвезер Россия фуқароси...

Флойд сўнгги маротаба Россияга ташриф буюрганида, яъни жорий йилнинг март ойида Россия фуқароси бўлишни ва бу ерда ўзининг шахсий бизнесини очиш режаси борлигини маълум қилган эди. «Россия фуқаролигини олишни умид қиламан. Менга ҳаттоки ўзимнинг янги уйимни кўришни таклиф этишди. Фақат бунга вақтим бўлмагани учун бу ишни кейинга қолдирдим. Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров менга Грозний шаҳридан уй таклиф этди. Бу менга маъқул келди. Тўғри, Москвада ҳам уйлар кўп. Лекин Грозний ёқиб қолди», — дейди боксчи.

Ҳозирча унинг қачон Россия фуқаролигини олиши ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Аммо Россия фуқаролигини олган кўплаб машҳур инсонлар сингари Флойд Мэйвезер ҳам яқин вақт ичида россияликка айланиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг