Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Икки нафар футболчимиз Португалиянинг “Брага” клубига ўтди

Икки нафар футболчимиз Португалиянинг “Брага” клубига ўтди

Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасининг икки нафар иқтидорли аъзоси — Сайфиддин Содиқов ва Садриддин Ҳасанов фаолиятини Европада давом эттиради. Ёш футболчилар Португалиянинг номдор “Брага” клуби билан расман шартнома имзоладилар.

Келишувга кўра, ҳамюртларимиз Португалия клубида сотиб олиш ҳуқуқи билан бир йиллик ижара асосида тўп суришади. Агар ушбу опция келгусида фаоллаштирилса, ўйинчилар билан 5 йиллик узоқ муддатли шартнома имзоланади. Европа футболи шиддатига ва муҳитига муваффақиятли мослашиш учун ўзбекистонлик ёшлар дастлабки босқичда “Брага”нинг 23 ёшгача бўлган (U-23) жамоасида тўп суришади

“Брага” мамлакат футболида ўзининг мустаҳкам ўрнига эга. Жамоа анъанавий равишда “Бенфика”, “Порту” ва “Спортинг”дан иборат бўлган машҳур катта учликдан кейинги энг асосий спорт кучи ҳисобланади. Маҳаллий мухлислар ва футбол жамоатчилиги орасида жамоа “Қуролсозлар” лақаби билан машҳур.

Клуб ўз тарихида 3 марта Португалия кубогини, 3 марта Лига кубогини қўлга киритган. Жамоанинг халқаро майдондаги энг йирик муваффақияти 2010/11 йилги мавсумда Европа Лигаси финалига қадар етиб боргани ҳисобланади.

“Брага” бутун Европада ўзининг ўта кучли скаутлик тизими ва юқори савиядаги академияси билан ном қозонган. Клуб мунтазам равишда ёш ва истиқболли иқтидорларни кашф этиб, уларнинг салоҳиятини очади ва кейинчалик Европанинг топ чемпионатларига манфаатли трансферларни амалга оширади. Бу муҳит ўзбекистонлик ёш футболчилар учун катта футбол эшигини очишда ажойиб трамплин вазифасини ўташи мумкин.

Клубнинг уй учрашувлари ўтказиладиган “Брага муниципал стадиони” ҳам дунёдаги энг ўзига хос ареналардан биридир. Монте-Каштру гранит қояси бағрида ўйиб ишланган ушбу муҳташам стадион фақатгина икки четда жойлашган трибуналардан иборат бўлиб, ўзининг ноёб архитектураси билан ажралиб туради.

Ёш футболчиларимизга Португалия заминидаги янги ва масъулиятли фаолиятларида улкан зафарлар тилаймиз!

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг