Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жанжалкаш хотинлар ҳамда юзкўрмас ака-ука бренди: «Adidas» ва «Puma»

Жанжалкаш хотинлар ҳамда юзкўрмас ака-ука бренди: «Adidas» ва «Puma»

Adidas» ва «Puma» брендларининг асосчилари ака-ука Адолф ва Рудолф Дасслерлар.

Фото: «Sports.ru»

Херцогенаурах. Ниманидир эслатмаяптими? Гарчи бу ерда бирорта машҳурроқ спорт клуби бўлмаса-да, бутун Германия учун у муҳим спорт шаҳри ҳисобланади. Айнан Аурах дарёси бўйида дунёдаги энг машҳур спорт брендлари бўлмиш «Adidas» ва «Puma»нинг штаб-квартиралари жойлашган. Бугунги кунда уларнинг маҳсулотлари бутун дунёда севиб кийилмоқда. Ўтган асрнинг биринчи ярмида ака-ука Рудолф ва Адолф Дасслерлар ўзаро рақобат қилишмаганида ҳаммаси бошқача бўлиши мумкин эди.

Болаликдаги рақиб. Умумий фирма

Этикдўз ва кир ювувчининг фарзандлари – Рудолф ва Адолф болалигидан кирхонада ишлашди. Кейин отаси билан кунини устахонада ўтказишди. Улар жуда иноқ эди, бироқ доим баҳслашишни хуш кўришарди: ким тезроқ югуради, ким баландроқ сакрайди ёки ким кўпроқ нарса билади?

Фото: «Sports.ru»

1914 йили Биринчи жаҳон уруши бошланганида Рудолфни ҳарбий хизматга чақиришди. Адолф икки ёш кичик бўлгани учун фронтга ҳам сал кейинроқ, уруш якунланаётганда борди. Жангу-жадаллар уларга жиддий жароҳат етказмади. Адолф уйга қайтди, Рудолф эса полиция курсларида ўқиш учун Мюнхенга йўл олди. Укаси фабрика очаётганидан хабар топгач, дарҳол Херцогенаурахга отланди.

1924 йилда спорт пойабзаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган «Gebrüder Dassler» фирмаси ишга тушди. Бу ишни бошлаш учун анчагина жасорат керак эди. Зеро, эндигина урушдан чиққан ва инқирозни бошидан ўтказаётган мамлакатда спорт билан айтарли ҳеч ким шуғулланмас эди. Бироқ ака-укаларнинг ҳаракатлари бесамар кетмади. Адолф зўр уста эди: у турли оёқкийимлар бичимини тайёрлар ва ишлаб чиқаришни яхши тушунар эди. Рудолф эса мижоз топишда тенги йўқ эди. Бизнес гуллаган сари фирмага янги ишчилар олина бошлади.

1928 йили Рудолф 18 ёшли Фридл исмли қизга уйланди. Адолф эса олти йилдан сўнг 17 ёшли Катарина билан турмуш қурди. Қизлар уларга фабрикада ёрдам беришар эди, аммо улар ҳам эрлари сингари рақобатни канда қилишмасди. Жиззаки Катарина кўпроқ ҳукмини ўтказишга ҳаракат қилар, камтар ва мулоҳазали Фридлга бу нарса унчалик ёқмас эди.

«Фридл шанба ва якшанба кунлари ҳам ишларди, – деб эслайди унинг синглиси Бетти. – У ҳисоб-китоб ишлари билан ҳам банд бўлар, корхона учун жуда кўп иш қиларди». Катарина эса анча ёш бўлиб, бундай ишларга ҳуши йўқ эди. Унинг ўз йўли ва қизиқишлари бор эди. Шунинг учун у доим Адолфни ажралиб чиқишга, фирмани ўз қўлига олишга ундарди».

Ҳитлер ҳокимият тепасида. Дасслерларга худо берди...

1933 йили Ҳитлер ҳокимият тепасига келиши билан Дасслерлар бизнеси учун янги имкониятлар очилди. Национал-социалистлар Берлинда ўтказиладиган 1936 йилги олимпиада учун жуда кўп пул тикишди. Улар шу орқали ўз тузумларининг обрўсини оширишга ҳаракат қилишарди. Икки ойлардан сўнг Рудолф ва Адолф ҳам нацистлар партияга аъзо бўлишди.

Фото: «Sports.ru»

«Нацистлар спортга жуда қизиқишарди. Шунинг учун ака-укалар бундан фойдаланишга ҳаракат қилишди, – деб ҳикоя қилади «Adidas» архивчиси Карл-Хайнц Ланг. — Ёшларни спорт орқали партияга жалб этишар, бунинг учун эса кўп пойабзал ишлаб чиқариш талаб қилинар эди. Кейинчалик ака-укалар нацистлар билан ҳамкорлик қилишгани учун қаттиқ афсусланишди».

«У пайтда ҳар қандай немис компанияси партия билан алоқа қилмасдан бирор натижага эриша олмасди, – дейди «Adidas» ва «Puma» курашига бағишланган «Sneaker Wars» китобининг муаллифи Барбара Смит. – Айниқса нацистларнинг тарғибот машинасининг асоси бўлган спорт ҳақида гап кетганда бунинг иложи йўқ эди».

Дасслерлар олимпиада бошлангунга қадар бойиб кетишди. Уларни Херцогенаурахнинг энг бой кишилари деб аташарди. Катта уй сотиб олиб, биргаликда яшай бошлашди: биринчи қаватда – Адолфнинг оиласи, иккинчи қаватда – Рудолфники. Энг юқорида эса – ота-оналари. Аввалига ҳаммаси рисоладагидек эди. Фридл ва Катаринанинг келишмовчилиги ана шу хотиржамликни бузди, хотинлар жанжаллашишар, эрлари уларнинг тарафини олишарди.

Фото: «Sports.ru»

Дасслерларни катта жанжалдан ягона мақсад – ўз иштироки билан фирмани олимпиада ўйинларида реклама қиладиган зўр спортчини топиш тўхтатиб турарди. Адолф шу ҳақида америкалик енгил атлетикачи Жесси Оуэнс билан гаплашиш учун олимпия шаҳарчасига йўл олди. Уни кўндириш учун бир чамадон тишли пойабзал олиб борди.

«Унинг тишли оёқкийимлари пойабзал бизнесини остин-устун қилиб юборди. Оуэнс уларни кийиб кўрганида ҳайратдан ёқа ушлади, – деб ҳикоя қилади Барбара Смит. – Гарчи афроамерикаликлар билан ҳамкорлик қилиш катта таваккалчилик бўлса-да, Дасслерлар буни қойилмақом қилиб уддалашди».

Оуэнс ишончни оқлади: у тўртта олтин медал олиб, фабрика шуҳратини кўкка кўтарди. Шундан сўнг Дасслерлар кунига мингдан ортиқ пойабзал ишлаб чиқара бошлашди.

Бир йил ичида улар жуда катта даромад қилиб (400 минг марка), ишлаб чиқариш учун янги бино сотиб олишди. Бу ҳали бошланиши эканлигини тушуниб туришарди. Аммо Иккинчи жаҳон уруши уларнинг барча режасини чиппакка чиқарди.

Яна уруш. Ака-укалар жанжали...

1939 йилда ака-ука Дасслерларни фронтга жўнатишди, фабрикани эса қурол ишлаб чиқаришга мослаштиришди. Бироз вақт ўтиб Адолфни уйга, аскарларга оёқкийимлар ишлаб чиқариш учун қайтаришди. Бу пайтда урушда бўлган Рудолф укасининг қайтганини эшитиб, ғазабланди.

«Қайтадан армияга олишганида ҳар иккисининг ёши қирқдан ўтган эди. Адолфга жавоб беришгач, у фирмага қайтди», – дейди «Adidas» архивчиси Карл-Хайнц Ланг. «Puma» тарихчиси Ҳелмут Фишер эса: «Рудолфнинг гестапода хизмат қилиши ҳақида миш-миш тарқалди. Кейинчалик у буни инкор қилди. Шунчаки унга укасининг бир ўзи ишни давом эттириш учун уйга қайтгани ёқмаган эди», — деб қўшимча қилади.

Иттифоқчилар самолётлари Херцогенаурах атрофига бомба ёғдираётган пайтда Рудолфнинг хотини Фридл синглиси, ўғли Армин ҳамда Адолфнинг оиласи билан уй ертўласида жон сақлашарди. Адолф яшириниш чоғида «Бу тўнғизлар яна қайтишди!» дейди. Фридл негадир бу гапни ўзига олади.

«Мен унга бир неча марта Адолф биз ҳақимизда эмас, душман самолётлари ҳақида гапирди десам ҳам қулоқ солмади», – деб хотирлайди Фридлнинг синглиси. Бу воқеа Дасслерларнинг муносабатини янада ёмонлаштирди. Ака-ука деярли гаплашишмасди. Бундай вазият фабриканинг тақдирини ҳал қилиб бўлмасди.

Фото: «Sports.ru»

Уруш тугаган пайтда Бавариянинг бир қисми ҳисобланган Херцогенаурах Америка оккупация зонаси таркибида эди. Дасслерларни обдан сўроққа тутишди. Бу сафар ҳам Рудолфга осон бўлмади. Гестапо билан боғлиқ ишлари учун уни собиқ ҳарбийлар лагерига жўнатишди. Адолфни эса, аксинча, ишини давом эттириши учун шаҳарда қолдиришди. Америкаликларга Адолфнинг ўтган олимпиадада уларнинг спортчиларини қандай қилиб пойабзаллар билан таъминлагани ҳақидаги ҳикоялари ёқиб қолган эди.

«Ҳар иккаласи ҳам бош бўлишни хоҳлар эди, – дейди Рудолфнинг набираси Йорг. – Менинг бобомни америкаликлар чақиришганида, у гестапо билан алоқадорлигини тан олади. Кейинчалик ўз сўзидан қайтса-да, уни лагерга жўнатишади. У ерда унга сени ўзингникилардан кимдир сотди дейишади. Албатта, Рудолф биринчи навбатда укасидан шубҳаланиб, унга нафрати ошади».

Рудолфни лагерда бир йилча ушлаб туришди. Бу пайтда Адолф бошчилигидаги фирма америкаликларнинг буюртмаси билан баскетбол ва бейсбол пойабзалларини ишлаб чиқаришга киришган эди. Орада уни яна сўроққа чақиришди. Маълум бўлишича, Рудолф лагерда унинг ишлари чаппасига кетиши учун турли бўҳтонларни ўйлаб топган экан. Тўғри, қондошларнинг чақимчилиги тез орада америкаликларнинг ҳам жонига тегди ва бунга унчалик эътибор бермай қўйишди.

Рудолф қайтганида ака-укалар бундан буён бирга ишламасликка келишиб олишди.

Фабрикани бўлиб олиш. Пеле ва Германия терма жамоаси билан тузилган шартномалар

Дасслерлар шу пайтгача умумий бренд ҳисобланган «Gebrüder Dassler»дан фойдаланмасликка келишиб олишди. Кунлардан бирида улар фабриканинг барча ишчиларни бир жойга йиғиб, принципиал масалани ўртага ташлашди — Рудолф ва Адолфдан бирини танлашлари кераклигини айтишди. «Бу ишни очиқ-ойдин қилиш муҳим эди, шунинг учун ҳам ҳеч ким ҳеч кимни айбламади», – деб эслайди фабрика ишчиси Георг Хетцлер.

Фото: «Sports.ru»

Ишчилар ака-уканинг муносабатидан хабардор бўлса-да, бунчалик тез қарор чиқаришларини ҳеч ким кутмаганди. Кўпроқ ходимлар Адолф томонга, камроғи унинг акаси томонга ўтди. «Мени Рудолф ишга ёллаганди. Ундан ҳайиқмас эдим, шунинг учун у томонга ўтдим. Юқоридаги хонамизга чиққанимизда хўжайин: “Ниҳоят нималарга қодир эканлигимизни кўрсатиш вақти келди!” – деди», – деб эслайди Хетцлер.

«Gebrüder Dassler»нинг бўлиниб кетиши 1949 йилга келиб Херцогенурахда бир пайтнинг ўзида иккита катта спорт фабрикаси «Adidas» ва «Puma»ни вужудга келтирди. «Рудолф аввалига ўз фирмасини “Ruda” деб атади. Бироз вақтдан сўнг фикрини ўзгартириб “Ruda”ни “Puma”га айлантирди», – дейди Барбара Смит.

Бизнеснинг иккига бўлиниши яна битта «уруш»ни келтириб чиқарди. Одамларнинг пойабзалига қараб, ким кимнинг тарафида эканлигини билса бўларди. «Қаҳвахоналарда “Puma” ва “Adidas” ишчилари битта столда ўтиришмас эди. Қўрқишганиданми ёки ўта содиқликданми улар ўз бошлиқларини шундай қўллаб-қувватлашар эди», – дейди Георг Хетцлер.

Фабрикалар бир-биридан 500 метр узоқликда жойлашган бўлиб, ҳар бири оммавийроқ бўлишга интиларди. Дастлабки «Adidas» катта муваффақиятга эришди: футбол бўйича Германия федератив республикаси терма жамоасининг мураббийи Зепп Хербергер Адолфнинг нам майдонга мослаштирилган тишли бутсаларини кийиб кўрди ва яширинча шартнома имзолади. Тез орада бутун жамоа уч йўлли пойабзалларда шуғуллана бошлади. «Рудолф жуда ғазабланди, – дейди Ҳелмут Фишер. – Зепп аввалига бизга келган, аммо фабрикамизда ҳамкорлик учун етарлича маблағ йўқ эди».

«Камида ўн иккита одам оёқкийим тишига патент олиш учун ариза берган бўлса-да, энг муҳими бу тизимнинг биринчи марта ишга тушгани эди», – дейди «Adidas» вакили Карл Хайнц Ланг.

* * *

Ака-укаларнинг рақобати шунчалик кучайиб борардики, улар бир-бирини айғоқчиликда айблашгача боришди. Адолф атрофидаги ҳар бир ходимдан, ҳатто ўзи билан анча йиллардан буён ишлаётган ёрдамчиларидан ҳам шубҳалана бошлади. «Бир куни хўжайин ривожлантириш бўлимига кириб, у ерда елим ишлаб чиқарувчини кўрди. Унга ғалати қаради ва: “Агар кимлигингни яхши билмаганимда шу ерда отиб ташлаган бўлардим”, – деди», – деб хотирлайди «Adidas» вакили Майкл Бауэр.

Фото: «Sports.ru»

Худди шунга ўхшаган ҳолат «Puma»да ҳам содир бўлган. «Бир гал шошиб Рудолфнинг хонасига кирдим. Унинг столида иккига бўлинган «Adidas» бутсалари турарди. У ўз компаниясининг технологияси ўғирланганми-йўқми билишни истар эди», – дейди Георг Хетцлер.

Адолф («Adidas») акасидан ҳар жиҳатдан ўзиб кетди. Аммо 1970 йилга келиб «Puma» ажойиб рекламага қўл урди. Фабрикалар дунёнинг энг зўр футболчиси билан шартнома имзоламаслик ҳақидаги ҳужжат — «Пеле пакти»ни имзолашган бўлса-да, Рудолф махфий тарзда ўғли Арминни жаҳон чемпионати бўлиб ўтаётган Мексикага бир чамадон пул билан жўнатади. Пеле 10 минг доллар пулни қўярга жой топа олмай, охири гултувакка яширади», – деб ҳикоя қилади Рудолфнинг набираси Йорг.

Адолф акасининг айёрлигини билиб қолгач, дарҳол ўғли Хорстни ҳам Мексикага жўнатади. У амакиваччаси Арминни тўхтатиши ва бўлажак келишувдан воз кечишга чақириши лозим эди. Лекин у кеч қолади: Пеле терма жамоанинг сариқ либосида ва «Puma»нинг қора бутсасида майдонга тушишга улгурган эди.

Фото: «Sports.ru»

Ака-укалар тўқнашувининг энг қизғин нуқтаси шубҳасиз 1974 йилда Германияда бўлиб ўтган футбол бўйича жаҳон чемпионатига тўғри келди. Турнирдан олдин Германия терма жамоасига ҳар икки фирманинг агентлари тўхтовсиз равишда мурожаат қилишар, Адолф ҳатто ўз ҳайдовчиси Бернҳард Надлерни терма жамоа ҳимоячиси Берти Фогтс олдига жўнатади. «Хўжайин буни тезда кийиб олишингизни айтди!», – дейди ҳайдовчи. Берти бутсаларни олиб, обдан айлантириб кўради ва: «Ичида ҳеч нима йўқ-ку!», – деб жавоб беради. Нима бўлганига тушунмаган ҳайдовчи бор гапни хўжайинига етказгач, Адолф мийиғида кулиб қўяди.

Вазият шу даражагача бордики, терма жамоа футболчилари бренд билан ҳамкорлик қилингани учун қўшимча мукофот талаб қилишди. Терма жамоа иштироки сўроқ остида қолди. «База ошхонасида барча футболчилар йиғилди, – деб хотирлайди футболчи Ули Ҳёнесс. – Улар ассоциациядан қўшимча ҳақ олиш бўйича келиша олишмаётган эди. Туни билан мунозара қилган спортчиларнинг баъзилари ҳатто уйга кетишга ҳам рози эди. Тонгги 6-00 да тортишув якунланди».

«Охирги дақиқаларда масал ҳал бўлди — ”Adidas” ассоциация орқали футболчиларга қўшимча ҳақ беришга рози бўлди. Натижада терма жамоа унинг бутсаларида майдонга тушадиган бўлди», – дейди фирма ходими Хорст Видманн.

Турнир финалида ГФР Ҳолландияни мағлуб этиб (2:1), кубокни қўлга киритганида Адолф буни ўзининг ғалабаси сифатида қабул қилган эди.

Ака-укалар барибир ярашмади. Фирмалар 60 йил ўтиб ўртоқлик учрашувини ўтказишди

1974 йилнинг кузида Рудолф ўпка саратонига чалингани аниқланди. У ўлими яқинлигини тушуниб, Адолфни кўришни хоҳлади. Улар охирги марта спорт буюмлари кўргазмасида учрашишган эди. Лекин иккиси ҳам биринчи бўлиб гап бошлашга ботина олмади. Ака-укалар ўртасида воситачи бўлишга биринчи бўлиб Армин уриниб кўрди. У Адолф амакисининг олдига бориб, отаси ҳақида сўз очди. Кейин маҳаллий руҳоний Зигберт Килинг ҳам уриниб кўрди: «Мен ҳар иккисининг ёнига бордим. Улар ярашишни хоҳлашарди».

Адолф акасидан хафа эмаслигини бот-бот такрорласа-да, акасини кўришга бормади, ҳатто октябрнинг охирида Рудолф вафот этганида дафн маросимида ҳам иштирок этмади. «Adidas» асосчиси тўрт йил ўтиб, инсултдан қазо қилди. Уни акаси билан бир қабристонга, фақат бошқа томонга дафн этишди. Унинг вафотидан кейин компанияни Кэти ва Хорст бошқаришди. «Puma»га эса Армин ва унинг кичик укаси Герд раҳбарлик қилишди.

2009 йилга келиб, 60 йиллик танаффусдан сўнг компаниялар ўртасида ярашув матчи ташкил этилди. Улар буни 21 сентябр – халқаро тинчлик куни амалга оширишди. «Биз спорт инсонларни яқинлаштиришига ишонамиз», – деди «Adidas» бошқаруви раиси Герберт Гайнер. Уни «Puma» хўжайини Йохен Цайтц қўллаб-қувватлаб: «Бугун компанияларимиз учун жуда муҳим кун», – деди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг