Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Локомотив» футболчиси Икром Алибоев 4 ўйинга дисквалификация қилинди

«Локомотив» футболчиси Икром Алибоев 4 ўйинга дисквалификация қилинди

Фото: «Даракчи»

ЎФА Тартиб-интизом қўмитасининг навбатдаги йиғилишида суперлиганинг бир қатор учрашувларидаги баҳсли вазиятлар ўрганиб чиқилди.

31 март куни суперлиганинг 4-тури доирасида АГМК ҳамда «Локомотив» клублари ўзаро тўқнаш келганди. Мезбонларнинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунига етган учрашувнинг ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларида ҳар икки жамоа футболчилари ўртасида жанжал келиб чиққан.

ЎФА Тартиб-интизом қўмитаси мазкур учрашувни ўрганиб чиқди. Ишни ўрганиш жараёнида учрашув рефериси Акобирхўжа Шукуриллаевнинг ёзма аризаси ҳамда берган кўрсатмалари, АГМК — «Локомотив» ўйинининг «Спорт» телеканалидаги трансляцияси ҳамда АГМК футбол клуби томонидан ПФЛга тақдим этилган учрашув видеосидан фойдаланилди. Шунингдек, ПФЛ комиссари бўлиб ўтган воқеа юзасидан ўз кўрсатмасини берди.

ЎФА Тартиб-интизом қўмитаси «Локомотив» футболчиси Икром Алибоевни жамоаси иштирокидаги 4 та ўйиндан дисквалификация қилди. Эндиликда у «Қўқон-1912», «Насаф», «Сўғдиёна» ва «Бунёдкор» клубларига қарши 5-6-7-8-тур ўйинларида жамоасига ёрдам бера олмайди. Тажовузкор ҳатти-ҳаракати учун АГМК билан ўйиннинг 94-дақиқасида майдондан четлатилган Алибоевга, шунингдек, 10 миллион сўм жарима ҳам солинди.

Комиссия аъзолари мазкур ҳолат учун фақатгина Икром Алибоевнинг ўзи айбдор эмас деган қарорга келди. Боиси, жанжалда ҳар икки клуб вакиллари ҳам иштирок этган. Шундан келиб чиқиб, қўмита Тартиб-интизом кодексининг 2-боб 5.36 бандига асосан АГМК ва «Локомотив» клубларини 25 миллион сўмдан жаримага тортди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг