Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Локомотив» жойлашган меҳмонхонада ёнғин юз берди (фото)

«Локомотив» жойлашган меҳмонхонада ёнғин юз берди (фото)

Фото: «Tribuna.uz»

«Локомотив»нинг ОЧЛ доирасидаги «Ар-Райян»га қарши ўйини арафасида клуб жойлашган меҳмонхонада ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда «Tribuna.uz» хабар бермоқда.

Ярим кечаси рўй берган ёнғин натижасида жамоа аъзолари бошқа меҳмонхонага кўчишларига тўғри келган.

«Темирйўлчилар» гуруҳ босқичининг 2-тур ўйинини ўтказиш учун кеча, 10 март куни туш вақтида чартер рейс орқали Қатар пойтахтига етиб келган ва «Wyndham Grand Regency Doha» меҳмонхонасига жойлашган эди. Кечга яқин жамоа ўйинолди расмий машғулотини ўтказди.

Меҳмонхонадаги ёнғин кеч соат тахминан 00:15 атрофида бошланган. Жамоа аъзоларининг аксарияти иккинчи қаватдаги хоналарда жойлашишганди. Сигнализация чалингач, икки юздан ортиқ меҳмонни эвакуация қилиш бошланган. Ёнғин тутуни бинони деярли тўлиқ қамраб олган, қутқарувчилар энг юқори олтинчи қаватдаги меҳмонлардан бирини махсус зина ёрдамида деразадан эвакуация қилишларига тўғри келган.

Маълум қилинишича, ёнғин бинонинг биринчи қаватидаги ресторанда келиб чиққан. Ҳодиса оқибатида қурбонлар ва жабрланганлар йўқлиги айтилмоқда.

Меҳмонлар, шулар қаторида тахминан 40 кишини ташкил этувчи «Локомотив» делегацияси аъзолари ҳам бир соатдан ошиқроқ вақт кўчада туришган, шундан сўнг соат 02:30 атрофида шу яқин ҳудудда жойлашган «The Avenue – A Murwab Hotel» меҳмонхонасига вақтинчаликка кўчиб ўтишган.

Эслатиб ўтамиз, «Ар-Райян»га қарши ўйин маҳаллий вақт билан соат 18:35да (Тошкентда 20:35) старт олади.

Фото: «Tribuna.uz»
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг