Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Равшан Ҳайдаров Ўзбекистон Осиё чемпионатида ғалаба қозониши учун етарли салоҳият борлигини айтди

Равшан Ҳайдаров Ўзбекистон Осиё чемпионатида ғалаба қозониши учун етарли салоҳият борлигини айтди

Равшан Ҳайдаров

Фото: www.the-uff.com

Эртага Хитойда 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионати бошланади.

Ушбу мусобақада Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги Ўзбекистон олимпия терма жамоаси қатнашади. Осиё футбол конфедерациясининг расмий сайтида терма жамоамизга бағишланган мақола эълон қилинди. ЎФФ расмий сайти терма жамоамиз бош мураббийи Равшан Ҳайдаровнинг фикрларини эълон қилди.

«Саралаш баҳсларидаги муваффақиятли ўйинларимизни Осиё чемпионатида ҳам намойиш қилмоқчимиз», — дейди Равшан Ҳайдаров.

Биласиз, терма жамоамиз ўтган йилнинг июл ойида бўлиб ўтган Осиё чемпионати саралашида муваққиятли иштирок этиб, Ливан, Непал, БАА терма жамоаларини мағлуб этган ҳолда гуруҳда биринчи ўринни қўлга киритишганди

БААдаги саралашдан кейин ўтган 6 ой давомида терма жамоамиз футболчилари ўз клубларида яна анча тажриба тўплашди. Баъзи чизиқлардаги футболчилар ўзгарган бўлиши мумкин, лекин жамоанинг асоси шакллантирилган. Биз доимий равишда ҳар бир чизиққа энг муносиб футболчиларни саралаб бордик.

Биринчи ўйин ҳамиша жуда муҳим. Бизнинг футболчилар ўйинга тайёрлар, мусобақани ўзимиз истагандек бошлашимизга ишончим комил. Мураббийи сифатида Осиё чемпионатида ғалаба қозонишга салоҳиятимиз етарли, деб ҳисоблайман. Турнирда ғалаба қозониш учун қўлимиздан келганча ҳаракат қилишга тайёрмиз

Равшан Ҳайдаров

Кеча терма жамоамиз Чангжоу шаҳридаги марказий стадионда расмий машғулот ўтказди.
Фото: ЎФФ расмий сайти

«Бу турнирда фаворит ва аутсайдер йўқ»

«А» гуруҳи вакиллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида бош мураббий барча жамоалар тенг кучга эга эканини таъкидлади.

«Ушбу мусобақада потенциал бўйича тенг жамоалар йиғилган ва мусобақа ғолиблиги учун барча терма жамоалар курашади. Мураббий сифатида қайсидир терма жамоанинг имкониятини юқори баҳоламоқчи эмасман. Бу турнирда фаворит ва аутсайдер йўқ. Барчанинг имконияти юқори ва катта салоҳиятга эга терма жамоалар кўп.

Қатар терма жамоасига қарши илк учрашув биз учун ҳам, Қатар учун ҳам жуда муҳим. Боиси, мусобақада илк учрашувни ғалаба билан бошлаш катта аҳамиятга эга. Қатарга қарши жуда кўп ўйнаганмиз. Аммо, бу турли ёшдаги терма жамоалар ва турли мусобақалар эди. Айтиш мумкин, Қатар жуда кучли ва тажрибали футболчиларга эга терма жамоа», — деди Ҳайдаров.

Маълумот учун, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Осиё чемпионатидаги дастлабки учрашувни 9 январь куни Қатар терма жамоасига қарши ўтказади. Ўйин Тошкент вақти билан соат 16:30да бошланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг