Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Рўзиқул Бердиев ва Вадим Абрамов футболчиларни қўллаб-қувватлаш учун Таиландга боради

Рўзиқул Бердиев ва Вадим Абрамов футболчиларни қўллаб-қувватлаш учун Таиландга боради

Хабарингиз бор, футбол бўйича Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Таиландда ўтаётган U-23 Осиё чемпионатининг чорак финал босқичига йўл олган. Вакилларимиз ушбу босқичда 19 январь куни БАА жамоасига қарши баҳс олиб боради.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси томонидан футболчиларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида яна катта мухлислар гуруҳи шакллантирилмоқда. Айни пайтда Таиландда Тошкент, Урганч, Бухоро, Андижон, Асака, Қарши, Фарғона, Наманган каби кўплаб шаҳарлардан ташриф буюрган мухлислар, «Қўқон-1912» клуби директори ва бошқа бир қатор футбол мутасаддилари, ашаддий мухлислар жамоамизни қўллаб-қувватламоқда. Бу ўзбек футболи мухлисларининг ўзига хос янги тўлқини, миллий спорт ғоясидир. Аҳамиятлиси, мана шундай мухлислар орасида таниқли мураббийларимиз Рўзиқул Бердиев ва Вадим Абрамовнинг ҳам Бангкокка ташриф буюриши кутилмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси таркибида «Насаф» (10) ва «Бунёдкор» (5) клубларининг ўйинчилари кўпчиликни ташкил қилади. Бердиев ва Абрамовнинг Таиландга келишидан асосий мақсад футболчиларимизни қўллаб-қувватлаш ва уларни янада руҳлантиришдан иборатдир. Мураббийлар 18 январь куни Бангкокка етиб келишади.

Таъкидлаш жоиз, ҳар икки мутахассис ОТЖ мураббийлар штабининг фаолиятига асло аралашмайди. Терма жамоамиз Любинко Друлович ва Равшан Ҳайдаров бошчилигида бўлажак баҳсга тайёргарликни давом эттиради. Бердиев ва Абрамов эса учрашувдан олдин ўз шогирдларига руҳий далда бериш ва уларни қўллаб-қувватлаш учун келишмоқда.

Манба: olympic.uz

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг