Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Даромадни турли молиявий инструментларга сармоя киритишдан бошлаганман…» — нуфузли Chevening стипендианти билан суҳбат

«Даромадни турли молиявий инструментларга сармоя киритишдан бошлаганман…» — нуфузли Chevening стипендианти билан суҳбат

«Xabar.uz» чет элдаги ватандошларимиз билан интервьюларини давом эттиради. Ватандошимиз Аббосбек Турабиддинов нуфузли Chevening дастури стипендиати сифатида Лондон Брунел университетининг магистратура босқичида таҳсил олади. Бакалавриатурани эса 2020 йили Тошкентдаги Халқаро Вестминестер университетида тамомлаган.

«Молиявий соҳага ихтисослашган фанларда ўзлаштиришим тез бўлган…»

Молия соҳасига қизиқишим даставвал иқтисодиёт соҳасидан бошланган. Мактаб даврларида илк бор «Иқтисодиёт асослари» фани ўтилиши ва ундаги бозор талаб ва таклиф қонуниятлари, Адам Смитнинг «кўринмас қўл» назарияларига бўлган чуқур қизиқишим сабабли келгусида ўзимни шу соҳа мутахассиси сифатида кўришни бошлаганман. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги академик лицейни тамомлаб, Тошкент халқаро Вестминистер университетининг «Иқтисодиёт ва молия» факультетида таҳсил олганман. Молиявий соҳада кетишимга 2 та асосий сабаб рол ўйнаган. Биринчиси, ўқиш давомида айнан молиявий соҳага ихтисослашган фанларда ўзлаштиришим тез бўлганлиги ва кўпроқ амалиётга тадбиқ этиладиган назарияларнинг борлиги сабаб бўлса, иккинчи асосий сабаб ўқишнинг 2-курсидан бошлаб биринчи даромад манбаимни турли молиявий инструментларни таҳлил қилиб, уларга сармоя киритишдан бошлаганим туртки бўлган.

«Ўзининг илғор ўқитиш услублари ва таълим сифати билан бошқа давлатлардан ажралиб туради…»

Тошкент Халқаро Вестминстер университетида таҳсил олиш жараёнида доимо университет ҳудудига киришим биланоқ Буюк Британия муҳитини ҳис қилар эдим. Соҳа мутахассислигига ихтисослашган фанларнинг ўтилиши, талабалар уюшмаси томонидан ташкиллаштириладиган ижтимоий тадбирлар, ўқитувчиларнинг тажрибаси ва фанни етказиб бериш услублари барчаси орзуимдаги ўқув даргоҳи бера оладиган имкониятларни тақдим этган эди. Шу сабабдан, ҳар қандай холатда ҳам кейинги академик даражамни фақат ва фақат Буюк Британияда амалга оширишга қатъиян бел боғлаган эдим ва бунга етарлича сабаблар мавжуд.

Буюк Британия дунё мамлакатлари орасида ўзининг илғор ўқитиш услублари ва таълим сифати билан бошқа давлатлардан ажралиб туради. Илмий изланишларга ихтисослашган инновацион ўқув методлари эса ушбу мамлакатни талабалар учун энг жозибадор мамлакат сифатида тақдим этади. Илмий ишларимни давом эттириш, юқори малакага эга бўлган профессорлар билан ишлашни мақсад қилиб айнан Буюк Британияда ўқишни давом эттиришни танладим. Одатда кўплаб давлатларда магистратура даражалари 2 йил давом этишини инобатга олсак, Буюк Британияда магистратура даражасини кўп ҳолларда 1 йил давомида якунига етказасиз. Бу дегани 2 йиллик ўқув дастури 1 йил муддат ичида кўпроқ дарс соатлари қўйилиши орқали ўрни босилади. 1 йиллик дастурнинг жорий этилишидан мақсад талабаларга ўз профессионал карьерасини тезроқ давом эттиришга имкон бериш ва қўшимча харажатларнинг олдини олишга қаратилган.

Эътиборимни тортган яна бир жиҳат бу Буюк Британиянинг дунёнинг деярли барча мамлакатларидан талабаларнинг таҳсил олишига имкон яратилишидир. 2019 йилги статистик маълумотларга кўра бир йил давомида янги халқаро талабалар оқими сони 490 минг нафарга етган бўлиб, ушбу кўрсатгич Буюк Британиянинг нақадар бағрикенг ва миллатсеварлигини намойиш этади. Шахсан менинг ҳолатимда ҳам факултетимизда 30 нафар талаба таҳсил олса, уларнинг барчаси 14 давлат фуқароларидан иборат. Бу эса, ўз ўрнида, бизга турли дунёқараш ва анъаналарга эга бўлган миллат вакилларининг фикр алмашиш ва уларнинг урф-одатларидаги ўхшашликларини пайқашга имкон яратади. Тарихий обидалари ва чуқур илдизга эга анъаналари билан ёшликдан инглиз тилини ўрганиш жараёнида китоб муқоваларидаги обидаларга шахсан ташриф буюриш ва улар билан ўтмишга саёҳат қилиш имконини бериши ҳам ушбу давлатда ўқишга ундаган.

 «Chevening стипендияси дастурида ғолиб бўлганлигим сабаб бўлди…»

Буюк Британияда магистратура босқичида тўлиқ грант асосида ўқишимга Chevening стипендияси дастурида ғолиб бўлганлигим сабаб бўлди. Chevening стипендия дастури бу Буюк Британия ҳукумати томонидан жорий қилинган дастур бўлиб, юқори лидерлик салоҳиятига эга бўлган ва келгусида ўз ватани ривожланишига ҳисса қўшадиган юқори малакали номзодларни саралаб олишга қаратилган дастур ҳисобланади.

Chevening стипендияси Буюк Британиянинг исталган университетида бир йиллик муддатга эга бўлган магистратура даражасида таҳсил олишга имкониятни яратиб, стипендия ғолибларининг ўқиш харажатлари, бориш ва келиш авиачипта харажатлари, визага боғлиқ харажатлар қоплаб берилади ва стипендиатларга Буюк Британияда яшаш ва истеъмоли учун етарли бўлган ойлик стипендияни ҳам тақдим этади. Chevening стипендиясининг асосий талабалари сифатида бакалавр дипломи, энг камида 2800 соатга тенг бўлган иш тажрибаси (2 йиллик тўлиқ иш тажрибаси), IELTS дан минимум 6.5 балга эга бўлиши керак. Бундан ташқари, ҳар бир номзоддан аризалар топшириш жараёнида 500 сўздан иборат 4 иншога жавоб ёзиши, ўқитувчи ёки иш берувчи номидан 2 дона тавфсияномаларни тақдим этиши, ўзи танлаган 3 университетдан энг камида бирида ‘unconditional offer’ (шартларсиз тўлиқ қабул хати) ҳужжатини олиши ва ўқишни тамомлаб, Ўзбекистонга қайтиб энг камида 2 йил ўз юртида бўлиши сўралади.

Chevening стипендиясини қўлга киритишга ҳаракатларим 2018 йилда бошланган бўлиб, биринчи бор Буюк Британия элчихонаси томонидан ташкиллаштирилган тадбирдаги иштирокимдан сўнг пайдо бўлган. У пайтлар дастурнинг фақат 2 талабига жавоб берган бўлсамда, ўша даврдан бошлаб айнан шу стипендия сабабли ўзимдаги лидерлик қобилиятларини кашф этишга, турли соҳаларда фаолият юритиб кўникмаларимни оширишга, халқаро даражадаги лойиҳаларни ташкиллаштиришга эришдим. Ушбу стипендияни ғолиб бўлишимда асосий устун томонларим бакалавр босқичидаги академик салоҳиятим, Chevening грант дастури ҳақидаги чуқур изланишларим, суҳбат жараёнларига самарали тайёрланишим ва энг муҳими келгусидаги режаларимнинг нақадар мамлакатимиз ривожидаги долзарб ўрнини кўрсатиб бера олганлигимда деб биламан.

«Умри давомида дастурлаш тиллари ҳақида тушунчаси бўлмаган инсон учун биринчи қадамни қўйиш жуда қийин кечар экан…»

Ҳозир Лондон Брунел университетида магистратура босқичида таҳсил оламан. Магистратурадаги илмий ишим «Инвестиция портфелини оптимизациялашда риск ва даромадга нисбатан аксиялар улушларини тўғри тақсимлаш» мавзусига қаратилган. Ушбу тезиснинг асосий мақсади институционал ва чакана инвесторлар учун фонд бозорида риск даражаси паст, аммо кутилаётган даромад улуши юқори портфелларни алгоритимлар орқали аниқлаб бериш ва бозордаги турли тебранишларга бардошли бўлган инструментларни аниқлаш кўзда тутилган.

Ушбу илмий иш учун охирги 20 йилдаги АҚШ фонд бозорида мавжуд энг йирик бозор капиталлашувига эга бўлган 500 корхона аксияларининг йиллик ўсиш кўрсатгичларини таҳлил қилиш орқали амалга оширишни режалаштирганман. Алгоритмик савдо усули илмий ишнинг асосини ташкил этганлиги сабабли, биринчи маротаба «Python» дастурлаш тилини ўрганишимга сабаб бўлди. Умри давомида дастурлаш тиллари ҳақида тушунчаси бўлмаган инсон учун биринчи қадамни қўйиш жуда қийин кечар экан. Бироқ, 3 ойлик қўшимча ўқув курси орқали олган билимларим ҳозирда нақадар тўғри қарор қабул қилганлигимни қимматли қоғозлар таҳлил жараёнларини автоматлаштириш имконини берганлигидан кўриш мумкин. Илмий ишимни бу йўналишда танлашимга асосий сабаб магистратура босқичини тамомлашим биланоқ, жаҳон фонд бозори сармоядорларининг таҳлилларини автоматлаштириш, уларга оптимал кўринишдаги портфелларни тезкор равишда тақдим этиш учун махсус веб-саҳифани яратишни келгусидаги режамга қўйганман.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди


Интервюнинг иккинчи қисми тез кунда эълон қилинади. Унда молиявий саводхонлик, соҳадаги мавжуд муаммолар, Буюк Британиянинг ижобий тажрибалари ва пандемия давридаги таълим ҳақидаги фикрлар ўрин олган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг