Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

НАТОнинг куни битдими?..

НАТОнинг куни битдими?..

НАТО бош қароргоҳи.

Фото: Xabar.uz / Собир Салим

АҚШ президенти Доналд Трампнинг НАТОдан чиқиш ҳақидаги таҳдидли баёнотлари, Европадаги иттифоқчиларнинг Эронга қарши урушга қўшилишни рад этиши ортидан юзага келган зиддият ҳарбий иттифоқ тарихидаги энг жиддий инқироз ҳисобланади. Бу ҳақда АҚШнинг НАТОдаги собиқ вакили Иво Даалдер Euronews телеканалига берган интервюсида гапирди.

«Сўнгги олти ҳафта НАТО учун ҳалокатли давр бўлди. Биз НАТОни пароканда ҳолда кўрмоқдамиз. Бу аввалига Совет Иттифоқи, кейин эса Россия 80 йил давомида кўзлаган асосий мақсад эди», — деган америкалик дипломат Иво Даалдер.

Ушбу интервю президент Трамп Оқ уйда НАТО бош котиби Марк Рюттени қабул қилган паллага тўғри келди.

Трамп учрашувда НАТОни АҚШни етарлича қўллаб-қувватламаганликда айблаган. «НАТО бизга керак бўлганда ёнимизда турмади», — деб ёзғирган АҚШ раҳбари.

Гап шундаки, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг даъватига кўниб Эронга қарши тажовузкор урушга киришган Трамп оғир аҳволга тушиб қолди. Теҳрон ҳукумати Нетаняҳу айтганидек бир неча кунда қуламади. Аксинча, икки йирик ҳарбий давлатга қарши муносиб қаршилик кўрсатди. Боз устига, Эрон дунё нефт ва газининг салмоқли қисми ўтадиган Ҳўрмуз бўғози устидан қатъий назорат ўрнатди. Вазият мушкуллашгани ортидан Трамп бўғоз орқали нефт ва газ экспортини тиклаш масаласида НАТО давлатларидан ёрдам сўради.

НАТО давлатлари АҚШ Эронга қарши урушни бамаслаҳат бошламагани важидан бу масалага аралашмасликни маъқул деб топди. Масалан, Германия Ҳўрмуз бўғозидаги транзитни тиклашда НАТОнинг ролини кўрмаётганини очиқ билдирди.

НАТОнинг Эронга қарши урушга қўшилмагани, боз устига, Испания, Франция, Италия каби давлатларнинг АҚШ ҳарбий учоқларига ўз ҳаво ҳудудини ёпгани Трампни дарғазаб қилди.

Оқ уй мулозимлари Эрондаги ҳарбий амалиёт якунланганидан сўнг Вашингтон алянс билан муносабатларни қайта кўриб чиқишини айтмоқда.

НАТО бош котиби Марк Рютте АҚШ ва Исроилнинг Эронга агрессиясини қўллаб-қувватлар экан, Вашингтон билан зиддият у қадар жиддий эмаслигини уқтиришга уринган. Трамп билан учрашувдан кейин ҳам у НАТОнинг айрим аъзолари АҚШга берган ваъдасини бажармагани, аммо аксар давлатлар сўзида турганини айтган. 

Аммо аксар таҳлилчилар НАТО ва АҚШ ўртасидаги ихтилоф кучайиб бораётганини айтмоқда.

Хўш, Трамп НАТОдан чиқишни истаса, бу қарорни осонликча амалга ошира оладими?

2023 йилда қабул қилинган қонунга кўра, АҚШнинг НАТОдан чиқиши ҳақидаги ҳужжатни Қўшма Штатлар Сенатининг учдан икки қисми қўллаб-қувватлаши талаб этилади. Аммо Трамп НАТОдан расман чиқмаган ҳолда ҳам ҳарбий иттифоқни кучсизлантириш имконига эга.

Ҳозирда Германия (34 547 нафар),  Италия (12 332 нафар), Буюк Британия (10 046 нафар), Испания (3 627 нафар), Туркия (1 713 нафар), Белгия (1 060 нафар) каби давлатларда АҚШ аскарлари мавжуд. Трамп, аввало, ушбу аскарларни тўлиқ АҚШга қайтариши мумкин.

Ўтган йили ҳам The Economist нашри Трамп Европа давлатларидан 20 мингга яқин аскарини олиб чиқиши мумкинлиги ҳақида ёзганди. Бу эса Қўшма Штатларнинг Европа учун ишончли иттифоқчи мақомидан маҳрум бўлиши деб талқин этилган.

Трамп, шунингдек, НАТО таркибидаги ҳарбий лавозимларга америкалик зобитларни тайинлаш амалиётини тўхтатиб қўйиши мумкин.

АҚШ НАТО тизимида муҳим ўрин тутади. Ҳарбий алянс тасарруфидаги 3,2 миллион аскарнинг 1,3 миллион нафари, 20 300 та самолётнинг 13 мингтаси, 12 200 та танкнинг 4 600 таси, 2 700 та кеманинг 500 таси АҚШ тегишли. Шу маънода АҚШнинг ҳарбий иттифоқдан чиқиши катта йўқотиш ва заифлашув бўлади.

Айни чоқда, айрим таҳлилчилар АҚШнинг НАТОдан чиқиши қанчалик оғир йўқотиш бўлмасин, Европа катта харажат ва улкан саъй-ҳаракат эвазига мудофаа салоҳиятини ошириши мумкин деб ҳисоблайди. Масалан, Буюк Британия мудофаа вазирлиги собиқ мулозими, халқаро алоқалар бўйича Европа кенгаши ходими Ник Уитни Европа ҳарбий салоҳиятини ошириш йўлларини топиши, ядро ҳимояси борасида эса Франция ташаббус кўрсатишига ишонч билдирган.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил март ойида президент Трамп маъмуриятидаги юқори мартабали разведка мулозими – Терроризмга қарши кураш бўйича миллий марказ директори Жо Кент Оқ уйнинг Эронга қарши урушига норозилик билдирган ҳолда лавозимидан истеъфо берган эди.

Жо Кент ижтимоий тармоқдаги саҳифасида АҚШнинг НАТОдан чиқишига доир кутилмаган сабабни кўрсатди.

«Афсуски,  (АҚШнинг) НАТОдан чиқиши бизнинг эркинлигимизни чекловчи алоқалардан халос бўлиш мақсадини кўзлаган ҳолда амалга оширилмайди. Биз НАТОдан Туркия ҳамда Исроил Сурия ҳудудида тўқнашганда, Исроилни дастаклаш мақсадидан чиқамиз», — деб ёзди собиқ юқори мартабали разведкачи.

АҚШнинг НАТОдан расман чиқиши муайян вақт талаб этиши мумкин. Аммо Қўшма Штатлар ҳарбий алянсни  тарк этмаган тақдирда ҳам ўзаро муносабатлар аввалгидек бўлмаслиги аниқ.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг