Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Пенсиялар 5 карра, электр нархи 4 баробар оширилади — Куба 1 январдан катта ислоҳотларга киришмоқда

Пенсиялар 5 карра, электр нархи 4 баробар оширилади — Куба 1 январдан катта ислоҳотларга киришмоқда

Фото: Manuel Romano/NurPhoto via Getty Images

Куба ҳукумати 2021 йилнинг 1 январидан мамлакатда улкан иқтисодий ислоҳотлар бошланиши ҳақида баёнот берди. «Озодлик ороли» бошлаяжак ислоҳотларнинг хос жиҳатларидан бири валюта унификацияси — иккита миллий валютанинг биттаси қолади. Бўлғуси иқтисодий ўзгаришлар кўлами аслида анчайин салмоқли.

Мамлакат ҳукумати ўз олдига қўйган мақсад — Куба иқтисодиёти гарданига зил-замбил юк бўлиб тушаётган тотал субсидиялар бериш тажрибасидан воз кечишга қаратилган. Ислоҳотларни ўтказиш муаллифлари ғоясига кўра, бундан буён товар ва хизматларнинг нархлари бозор механизмлари асосида шаклланади (ҳолбуки, якуний қийматни белгилаш барибир давлат органлари ихтиёрида қолаверади...), субсидияларга ажратишдан бўшаган пуллар маош ва пенсияларни оширишга йўналтирилади. Бир сўз билан айтганда, давлат чиндан ҳам ишлашга тайёрларга ёрдам қўлини чўзмоқчи.

Кубадаги расмий хабарномага кўра, мамлакатда энг кам пенсия 5 карра ошади: 280 песодан — 1528 песога. Ўрнатилган алмашинув курсига кўра, 24 песо 1 долларга тенг, демак, энг кам пенсия 64 доллар атрофида бўлади. Пенсиянинг энг юқори миқдори эса ислоҳотлардан сўнг 1733 песога тенглашади (тахминан 72 доллар).

Маошлар ҳам оширилиши режалаштирилган. Янги йилдан Кубадаги барча давлат хизматчилари, эгаллаб турган лавозимларига қараб, 32 тоифага ажратилади. Ҳафтасига 40 соат ишловчиларнинг энг кам ойлик маоши 1910 песо (80 доллар атрофида), 44 соат ишловчиларники эса 2100 песога тенглаштирилади. Янгича иш ҳақи тартибида энг юқори маош — 9510 песо (396 доллар).

Мисол учун, пойтахт Гавана губернатори 9010 песо ойлик олади. Университет ўқитувчиси — 5060 песо, доцент — 5810 песо. Поликлиника бош шифокорига 6610 песо, биринчи тоифали мутахассис-врачга 5560 песо тўланади.

Аммо оширилаётган маош ва пенсиялар ўз ортидан нарх-навони ҳам тортиб кетади. Янги йилдан Кубада давлат хизматлари ва коммунал тўловлар анчагина қимматлашиши кутиляпти.

Деярли барча турдаги ҳужжатларни расмийлаштириш учун тўловлар 25 карра (!) қимматлашиши ҳозирдан аниқ. Масалан, туғилганлик ҳақида гувоҳнома олиш энди олдингидек 5 песо эмас, балки нақ 125 песо. Электр нархига, арифметик тилда айтганда, қўшилмайди, балки кўпайтирилади. Кубада электр тўлови учун прогрессив тариф сеткаси мавжуд: унга кўра, дастлабки 100 КВт-соат учун ойига 1 КВт-соатга 0,09 песо тўланарди, 1 январдан ана шу кўрсаткич учун тўлов 0,4 песо (0,017 цент)ни ташкил этмоқда.

Бунақа ислоҳотлардан кейин, озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари осмонга сакраши (хурсандчиликдан эмас, албатта) тайин. Ижтимоий аҳамиятли маҳсулотларга нархлар Куба вазирлар кенгаши томонидан ўрнатилади ва янгиланиб боради. Айрим маҳсулотлар нархи ҳозирдан эълон қилинган: 1 килограмм товуқ — 40 песо (1,7 доллар), шакар — 12 песо, гуруч — 14 песо. Ўтиш даврида алоҳида маҳсулотларга бозордагидан паст махсус нархлар ўрнатилиши маълум қилинган: 1 килограмм қуруқ сут — 2,5 песо, янги сутнинг 1 литри — 0,25 песо. Шунисиям борки, Куба расмий хабарномасида кўрсатилган нархлар ҳукумат маҳаллий бозордаги тақчилликни бир соатдаёқ ҳал қилади, дегани эмас.

Хуллас, марказлашган иқтисодиётга хос ислоҳотларнинг классик намунаси — Куба «Американи қайтадан кашф этиш»га уринаётгандек, натижадан умид қилиш учун камида Колумбдаги оптимизм ва сабр талаб этилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг