Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хитойда «компас йўналиши» ўзгармоқда. Бу ҳол бутун дунёга таъсир этиши мумкин

Хитойда «компас йўналиши» ўзгармоқда. Бу ҳол бутун дунёга таъсир этиши мумкин

Фото: AP

Хитойнинг амалдаги раҳбари Си Цзиньпиннинг асарлари мамлакатни бошқаришда асосий дастуриламалга айланади. Шу тариқа 67 ёшли Си Цзиньпин ғоялари замонавий Хитой давлати асосчиси Мао Цзедун ишлаб чиққан маоизм таълимотинининг ўрнини эгаллаши кутилмоқда, деб ёзади «Bloomberg» ахборот агентлиги.

Қайд этилишича, партия ва ҳукумат амалдорларига амалдаги раҳбар Си Цзиньпиннинг мақоми ва нуфузини мустаҳкамлаш топширилган. Айни пайтда маоизм ўрнини эгалловчи «Си Цзиньпин таълимоти»ни шакллантириш жараёни кетмоқда. Бу эса Си Цзиньпинни мамлакат асосчиси Мао Цзедун билан бир мақомга кўтаради. Пировардида эса, унга нисбатан танқидий фикр билдириш, унга мухолифлик қилиш ҳам қаттиқ жазоланиши мумкин.

«Ислоҳотлар отаси» Дэн Сяопин давридан бери Хитой жамоавий тарзда идора этилмоқда. Давлат раҳбарлари ҳам одатда кўпи билан икки ваколат муддат давомида (10 йил) мамлакатни бошқариб, сўнг ихтиёрий равишда ўз ўрнини ворисига топшираётган эди. Кузатувчиларга кўра, Си Цзиньпин ушбу анъанага чек қўйиб, иккинчи ваколат муддати тугаганидан кейин (2022 йил) ҳам ҳокимиятда қолишни кўзламоқда. 2013 йил 14 март куни Хитой Халқ Республикаси раиси этиб сайланган Си Цзиньпин илк даврданоқ ҳокимиятнинг бутун назоратини ўз қўлига олишга уриниб келмоқда. Давлат раҳбари ваколати муддати борасида конституциявий чекловнинг бекор қилиниши ҳам ана шунга йўл очади.

Оксфорд университети фахрий профессори Стейн Рингенга кўра, Мао Цзедун давридан буён бирор бир Хитой етакчиси Си Цзиньпин каби ҳокимият устидан ялпи назорат ўрнатмаган эди. Жамоавий бошқарувни мерос қилиб олган амалдаги раҳбар ягона шахс бошқарувини жорий этиб, партия, давлат идоралари, махсус хизмат ва армияни ўз назоратига олди. Бу ҳол мамлакат ташқи сиёсатига, демакки, бутун дунёга таъсир кўрсатиши мумкин.

Қайд этилишича, Си Цзиньпин пропаганда — тарғибот-ташвиқотга зўр бериб, шахсга сиғиниш ҳолатини кучайтирмоқда. 

«Ҳокимият шахсга сиғинишга асосланган. Ҳарбий раҳбарлар Си Цзиньпинга шахсий садоқат учун қасамёд қилади. Бутун пропаганда машинаси бор эътиборни унинг шахсига қаратади», — дейди Стейн Ринген.

Маоизм ғоялари «қизил китобча» тарзида миллионлаб нусхада тарқатилгани маълум. Ҳозирча «Си Цзиньпин таълимоти» яхлит ҳолда жамланмаган. Аммо унинг мушоҳадалари аллақачон мактабларда ўқитилмоқда, кўплаб университетларда Си Цзиньпин фалсафасини тадқиқ этиш бўйича марказлар ташкил этилган. ХХР раиси ғояларини тарғиб этувчи ўнлаб мобил иловалар ҳам ишлаб чиқилган.

Ўтган асрнинг 70-йиллари охирида Дэн Сяопин томонидан бошланган очиқлик ислоҳоти даврида ишлаб чиқарувчиларга эркинлик берилган эди. Таҳлилчиларга кўра, Си Цзиньпин эндиликда хусусий бизнес ҳамда йирик ишлаб чиқариш соҳасида яна коммунистик партия назоратини қайтаришга уринмоқда. Буюк Британиянинг The Economist нашрининг ёзишича, Хитойдаги 3900 га яқин йирик компаниянинг 400 таси ўз йиллик ҳисоботида муваффақиятга эришишда коммунистик партия ва унинг раиси ролини алоҳида қайд этган.

2017 йил октябрь ойида ўтказилган Хитой коммунистик партиясининг XIX съездида «Си Цзиньпиннинг мушоҳадалари» партия низомига киритилди. Бунга қадар партия низомидан фақат Мао Цзэдун ва Дэн Сяопин фикрлари ўрин олган эди. Эндиликда Си Цзиньпиннинг нуқтаи назарига қарши чиқиш партия низомига қарши чиқиш дея малакаланиши мумкин.

Аввал хабар берганимиздек, Хитой раиси Си Цзиньпиннинг коронавирусга қарши кураш ҳақидаги нутқини танқид қилгани учун давлат қурилиш компаниясининг собиқ топ-менежери Жэнь Чжицян 18 йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Жорий йил июль ойида эса коммунистик партия ва унинг раҳбарига нисбатан кескин танқидлари билан танилган ҳуқуқшунос олим Сюй Чжуанжунь ҳибсга олинган. ОАВ хабарига кўра, 57 ёшли профессор партия яккаҳукмронлиги ва цензурани қоралаган, давлат раҳбарининг ваколат муддатига қўйилган чеклов бекор этилганини танқид қилган.

Собиржон Ёқубов тайёрлади

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг