Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Хонавайрон ота, чала қолган «1500 сатр» ва совуқ ўлкадаги ўлим

Хонавайрон ота, чала қолган «1500 сатр» ва совуқ ўлкадаги ўлим

У машҳур рус ёзувчиси, жаҳон адабиётининг умум тан олган классик адиби. Мутахассислиги бўйича шифокор. Император академиясининг оғзаки ва ёзма нафис адабиёт бўйича фахрий академиги. Дунё миқёсида машҳур драматурглардан бири. Антон Павлович Чехов асарлари жаҳоннинг юздан зиёд тилига таржима қилинган. Унинг пьесалари, жумладан, «Чайка», «Уч опа-сингиллар» ва «Олчали боғ» юз йилдан буён дунё театр саҳналарида қўйиб келинмоқда. 25 йиллик ижоди мобайнида Чехов 900 га яқин турли-туман асарлар (қисқа юмористик ҳикоялар, жиддий қиссалар, пьесалар) яратди. Уларнинг аксарияти жаҳон адабиётининг классикасига айланган. Айниқса, «Дашт», «Зерикарли тарих», «Дуэль», «6-палата», «Ғилофдаги одам», «Жарликдаги киши» кенг омманинг эътиборини қозонган...

Полиция кўчасида...

1860 йилнинг 17 (29) январида Россиянинг Таганрогдаги Полиция кўчасида яшовчи Павел Егорович Чехов оиласида учинчи фарзанд – Антон дунёга келди. Унинг отаси ғалати одам эди. Павел Егорович Таганрогда баққоллик дўконига эга бўлиб, бироқ жон куйдириб ишламасди. У черковда хизмат қилиш, ашула айтиш ва жамоатчилик ишларига асосий эътибор қаратарди. Оилада эркаклар мавқеи устун эди: болалар қатиққўллик билан тарбияланар, уларга нисбатан тез-тез жисмоний жазо қўлланилар, ҳеч кимнинг бекорчилик қилишига йўл қўйилмасди. Дам олиш кунларида, мактабдан сўнг, ака-укалар отасининг дўконида қоровуллик қилишар, ҳар куни эрталаб соат бешда туриб эса черков хорида куйлашарди. Чехов ўзи айтганидек: «Менинг болалигимда болалик бўлмаган». Кечқурунлари хор бўлиб куйлашарди. Ота скрипкани қойилмақом чалар, Маша фортепианода жўр бўлар, хуллас, бутун бошли оилавий томоша ташкил этиларди.

Оила бекаси Евгения Яковлевна деҳқоннинг қизи эди. У болалари ва эри учун яшайдиган ғамхўр ва меҳрибон аёл бўлган. Евгения Яковлевна ювош бўлиб, фарзандларини ҳамиша эрининг қаттиққўллигидан ҳимоя қиларди. У театрни ҳаддан зиёд севар, бироқ кам борарди. Болалигида Таганрог хусусий пансионида рақс ва яхши хулқ-атвордан сабоқ олган Евгения Яковлевна болаларига кўнгилчанлик, ожизлар ва мазлумларга нисбатан ҳурмат-иззат, табиат ва оламга муҳаббат туйғуларини сингдирди. Антон Чехов кейинчалик шундай дегани бежиз эмас: «Менинг истеъдодим отам туфайли, қалбим эса онам боис камол топди».

Бўлажак адиб Таганрогдаги грек мактабида таҳсил ола бошлади. 1868 йилнинг 23 августида эса у Таганрог гимназиясининг тайёрлов синфига қабул қилинди. Ўғил болалар классик гимназияси Россия жанубидаги эски ўқув даргоҳларидан бири эди (1806 йили тижорий мақсадларда ташкил этилиб, 1866 йилдан эътиборан классик илмгоҳга айланган). Гимназияда Антоннинг дунёқараши, китобга муҳаббати, театрга қизиқиши шаклланди. Бу ерда у ўқитувчи Фёдор Платонович Покровский томонидан биринчи адабий тахаллуси – «Чехонте»га эга бўлди. Адабий ва саҳнага оид илк билимлари ҳам гимназияда шаклланди.

Бу орада 1876 йили Чеховлар оиласи Москвага кўчди. Таганрогда савдо ишлари юришмаган Павел Егорович касодга учраган ва кредиторлардан қочишга мажбур бўлган эди. Москвада деярли уч ой мобайнида қашшоқликда яшашди. Шунга қарамай, болалар ўқишни давом эттирдилар. Антон эса репетиторлик орқасидан пул топиб, гимназиядаги таҳсилини тугатгунча Таганрогда қолди.

Адабиётми ё тиббиётми?

Мусиқа ва китоблар ёш Чеховнинг ижодга интилишини уйғотди. Бу борада Таганрог театри катта аҳамият касб этди. Антон илк бор 13 ёшида театрга борган, Жак Оффенбахнинг «Гўзал Елена» опереттасини кўрган ва театрнинг ашаддий мухлисига айланган эди. Кейинроқ Чехов шундай деб ёзади: «Театр менга қачонлардир кўп нарса берган... Энг аввало, менинг театрда ўтиришим катта лаззат бахш этарди». Унинг «Фожиавий роллар ўйновчи», «Комик», «Бенефис», «Товуқ беҳуда куйламади» номли дастлабки ҳикоялари қаҳрамонлари актёр ва актрисалар бўлгани тасодиф эмас. Антон гимназиядаги ўртоғи Андрей Дроссининг уйидаги спектаклларда иштирок ҳам этган.

Гимназиячи Чехов юмористик журналларда асарларини эълон қилди, расмларга тагсўзи топди, мутойиба ҳикоялар, саҳна чиқишлари ҳақида ўйлади. Унинг «Отасизлик» номли биринчи драмаси 18 ёшида гимназияда таҳсил олаётган чоғида ёзилган эди. Айнан таҳсил йиллари Чеховнинг ижодий ишлари учун бой манба берди, шахсияти, маънавий дунёқараши камолга етиши ва шаклланишини таъминлади. Унинг асарлариида бошқалардан ажралиб турадиган, характерли образлар пайдо бўлди.

1879 йили Чехов Таганрогдаги гимназияни тугатди. Москвага кўчиб ўтди ва университетнинг тиббиёт факультетига ўқишга кирди. Бу даргоҳда Николай Склифосовский, Григорий Захарин каби таниқли таниқли профессорлар қўлида таҳсил олди. Худди шу йили Антоннинг укаси Иван Москва яқинидаги Воскренск шаҳри мактабига ўқитувчи бўлиб ишга жойлашди. Унга бутун оила жойлашиши мумкин бўлган катта квартира берилди.

Москвада тиқилиб яшайдиган Чеховлар ёзда Иваннинг шу гўшасига келишарди. Воскресенкда Антон доктор П.Архангельский билан танишди, у Воскресенск (Чикинск) даволаш муассаси мудири бўлиб ишларди. 1882 йили Чехов талаба сифатида беморларни қабул қилишда шифокорларга ёрдам берарди.

1884 йили у университетни тугатди ва Чикинск даволаш муассасаси уезд врачи бўлиб фаолият кўрсатди. Кейинроқ Чехов Звенигородда ишлади, маълум вақт шифохонани бошқарди.

«Огоҳлантириш» хати

1879 йилнинг 24 декабрида биринчи курс талабаси бўлган Чехов «Стрекоза» журналида «Олим қўшнига мактуб» ҳикояси ва «Романлар, қиссалар ва шунга ўхшаш асарларда энг кўп учрайдиган жиҳатлар» ҳажвиясини эълон қилдирди. Бу унинг нашрдаги биринчи чиқиши эди.

Шундан сўнг Чехов ҳикоялар, фельетонлар, жажжи ҳажвий асарлар ва «Қора талоқсиз одам» ҳамда бошқа вариантларни Антоша Чехонте тахаллуси билан ёки имзосиз чоп эттирди. Мазкур асарлар Москванинг «кичик матбуот» нашрларида, «Будильник», «Зритель» журналлари ва Петербургнинг «Оскольки», «Стрекоза» юмористик ҳафтаномаларида эълон қилинди. Ёш адиб «Петербургская газета», «Новое время» ва «Русские ведомости» билан ҳамкорлик қилди.

1882 йили Чехов «Шўхлик» номли биринчи тўпламини тайёрлади, бироқ цензура тўсқинлиги туфайли у чиқмай қолди. 1884 йили адибнинг «Мельпоменлар ҳикоялари» китоби нашр этилди.

1885–1886 йиллар Чеховнинг «беллетрист-миниатюрачи» – қисқа ва асосан мутойиба ҳикоялар муаллифи сифатидаги камол топиш даври ҳисобланади. Ўзининг айтишича, ўша пайтларда у ҳар куни бир саҳифадан ҳикоя ёзган. Замондошлари Чеховни шу жанрда қолади, деб ҳисоблашарди. 1886 йилнинг баҳорида адиб таниқли рус адабиётчиси Дмитрий Григоровичдан мактуб олади, у Чеховни истеъдодини «майда-чуйда»га сарфлаётганини танқид қилган эди. «Биз ўз давримизда очқагандек оч қолинг, ўйлаганларингизни меҳнат асосида рўёбга чиқариш учун таассуротларни асранг. Битта шундай меҳнат турли вақтларда газеталарга улоқтирилган юзлаб гўзал ҳикоялардан юз карра юқори баҳоланади», – деб ёзганди Григорович. Алексей Суворин, Виктор Билибин ва Алексей Плешеевлар ҳам бу фикрга қўшилишди.

Чехов Григоровичнинг ўгитига амал қила бошлади. 1887 йилдан эътиборан у юмористик журналлар билан ҳамкорликни сусайтирди, «Будильник»ка асар юбормай қўйди. Ёзувчининг ҳикоялари ҳажми чўзилди ва жиддийлашди. Чехов билан юз берган яна бир ўзгариш шу эдики, адиб саёҳат қилишни хоҳлаб қолди. Ўша йили жанубга, қадрдон маскани, сўнг «Гоголь замини», Қримга йўл олди. Жанубга саёҳат у ерда ўтказган ёшлик хотираларини жонлантирди ва «Чўллар» учун манба ҳадя қилди. У биринчи қалин асарини «Северный восток» журналида чоп эттирди. Бу эса танқидчиларнинг аввалгига нисбатан «Чўллар»га кўпроқ эътибор қаратишларига сабаб бўлди.

Нега роман ёзилмаган?

1887 йилнинг кузида Чехов мактубларида «1500 сатр» романи устидаги ишлари борасида ёзган. Бу 1889 йилгача давом этди ва адиб ўзини қийнаган катта ҳажмли асар ёзиш фикридан воз кечди. «Мен икки-уч йил аввал Григоровичга қулоқ солмаганим ва роман ёзмаганимдан хурсандман, – деб хат битди у январ ойида Суворинга. – Агар амал қилганимда қанчадан-қанча яхшиликка завол етказишимни кўз олдимга келтиряпман... Манба ва истеъдоднинг мўллигидан ташқари яна муҳим нарсалар керак. Етукли керак, бу – бир. Иккинчидан, шахс эркинлиги туйғуси зарур, бу туйғу эса фақат яқиндан бошлаб менда ўт ола бошлади».

Чеховнинг 1880 йил охирларида саёҳат қилишига ижодидан норозилиги сабаб бўлди. Бироқ бир қатор сафарлардан ҳам кўнгли тўлмади. Чеховга янги, катта саёҳат керак, адиб биттасини танлаши керак эди: дунё бўйлаб, Ўрта Осиё, Эрон, Сахалин сафари. У охиргисини танлади.

Адиб ўз ижодидан кўнгли тўлмаса-да, шон-шуҳрати ошиб борарди. «Чўллар» ва «Зерикарли тарих» эълон қилингач, танқидчилар ва ўқувчиларнинг диққат-эътибори унинг ҳар бир янги асарига қаратилди. 1888 йил 7 (10) октябрда Чехов бир йил муқаддам ёзган «Ғира-шира пайт» асари учун Фанлар академиясининг Пушкин номли мукофотига (ярим улушига) сазовор бўлди. Академия комиссиянинг қарорида шундай деб ёзилган эди: «Гарчанд Чехов ҳикоялари юксак бадиий танқидчилик мезонларига жавоб бермаса-да, замонамиз тавсифчилик адабиётининг гўзал намунаси бўлиб қолади».

1880-йилларнинг охирида Чехов услубида айрим замондошлар ютуқ ҳисоблаган, баъзилар эса камчилик деб қайд этган хусусият пайдо бўлди: атайин қилинган завқ-шавқсизлик сезилди, муаллиф баҳоси берилмасди. Бу, айниқса, «Уйқу келяпти», «Хотинлар» ва «Князь завжаси»да яққол намоён бўлди.

Чехов артист К.А.Каратигина билан суҳбатидан сўнг Сахалинга сафари ҳақида узил-кесил бир қарорга келди. Ўшанда 1889 йилнинг ёзи эди. Бироқ адиб буни яқин инсонларидан узоқ вақт сир тутди. Фақат 1890 йил январида саёҳати ҳақида ошкор этиб, жамоатчиликни ҳайрон қолдирди. «Дабдурустдан» бундай қарорга келиш таажжубни кучайтирган эди.

Кутилмаган эълон

Сибирь бўйлаб сафар 82 кун давом этди. Бу вақт давомида Чехов «Сибирдан» умумий номи остида тўққизта очерк ёзди. У Сахалинга 11 (23) июлда етиб борди. Бунгача эса ўлка одамларининг ҳаёти, сургун сабаблари тарихи ҳақида билиб олди. У орол кишилари ҳақида минглаб карточкалар йиғди ва Сахалин аҳолисини рўйхатга олиш ишларини адо этди (бу қайдлар илк марта 2005 йили Сахалин нашрларидан бирида эълон қилинди. Мазкур рўйхат Чеховнинг Сахалинга уюштирган саёҳати мобайнида йиққан 10 мингдан ортиқ сўровнома картасидан иборат эди).

Орол маъмурияти сиёсий маҳбуслар билан гаплашишни қатъиян тақиқлади, бироқ Чехов тақиқни бузди.

У Сахалин сафаридан денгиз йўли орқали «Петербург» кемасида қайтди. Кема беш кун Владиостокда туриб қолганида Чехов Амур ўлкасини ўрганиш жамияти кутубхонасида ишлади ва Сахалин ҳақидаги китобига қўшимча манба йиғди. Сафар давом этди: Гонконг, Сингапур, Цейлон ороли, Суэц канали, Константинополь, Одесса... 1890 йилнинг 7 (19) декабрида қариндошлар уни Тулада кутиб олдилар.

Шундан сўнг беш йил давомида Чехов «Сахалин ороли» китобини ёзди. Ўзининг эътирофича, ушбу ўлка бўйлаб саёҳати бадиий ижоди, кейинги асарларини яратишига катта таъсир қилган.

Сахалин сафаридан сўнг Москвага қайтган Чехов Кичик Дмитровкадаги асосий уй ёнига қурилган икки қаватли бинода яшади. Бу гўшада «Сахалин ороли» китоби, «Ниначи», «Дуэль», «6-палата» устида ишлади. Шунингдек, ёзувчилар В.Короленко, Д.Григорович, В.Гиляровский, Д.Мережовский, таниқли актёрлар А.Ленский ва А.Южин, рассом И.Левитан билан учрашди (ушбу уй ҳозиргача сақланиб қолган).

1892 йили Чехов Мелиховодан мулк сотиб олди. У ерда деҳқонларнинг болалари учун учта мактаб қурдирди. Кейин эса қўнғироқхона, ўт ўчириш саройи барпо этди, почта ва телеграф очилишига эришди. Шунингдек, мингта олча, тилоғоч, қайрағоч, заранг, қарағай, эман кўчатлари экишни ташкиллаштирди.

Мелиховода яшаган даврида қадрдон Таганрогда жамоат кутубхонасини очиш фикри туғилди. Шу мақсадда ўзининг икки мингта китоби, жумладан, музей аҳамиятига молик дастхати қўйилган нашрлари ҳамда илм-фан ва санъат намояндаларининг портретларидан иборат галереяни хайрия сифатида ажратди.

Кейинроқ адиб Европа бўйлаб саёҳат қилди. 1898 йилнинг охирида эса Ялта бўйидан томорқа сотиб олди. Бу ерда боғ-роғ барпо этилди ва меъмор Л.Шаповалов лойиҳаси бўйича уй қурилди.

Сўнгги сўзлар

Бора-бора Чеховда сил касаллиги кучайиб, тузалиш учун доимий равишда Ялта бўйидаги уйда яшади. 1901 йилнинг ноябрида у рафиқасига шундай мактуб битди: «Менинг хонамда оддий ҳарорат +12 бўлиб, камдан-кам ҳолатда +13 га кўтарилади. Каминга ўт ёқиб бўлмайди, чунки каминдан кўзим оғрийди. 12 градусда эса ишлаш қийин».

Эр-хотин бир неча ойлаб кўришмасдилар. Ольга Леонардовна театрда банд бўлар, Чехов эса врачлар кўрсатмасига кўра, Ялтада яшашга мажбур эди. Айрилиқ ҳар иккаласи учун ҳам азоб бўлди. «Биз бирга эмас эканмиз, бунга мен ва сен эмас, балки менга бактерия жойлаган, сенга эса санъатга муҳаббатни жо қилган шайтон айбдор», – деб хат ёзди Чехов рафиқасига.

Клиникада адибнинг касаллик тарихини юритган даволовчи врач Максим Маслов ёзиб қолдиришича, Чехов гимназияда ўқиган даврида ва талабалигида силнинг қорин пардаси яллиғланиши билан касалланган, бироқ «кўкрак суяги торайгани»ни 10 ёшида ҳис қилган. 1884 йилдан бошлаб чап ўпкадан қон кетишидан азият чека бошлаган.

Айрим тадқиқотчилар айтишларига кўра, ёзувчининг ҳаётида Сахалинга саёҳати ҳал қилувчи роль ўйнаган. Ўшанда лойгарчилик бўлиб, нам кийим ва ивиган кигиз этик билан отда минглаб чақирим йўл босишга тўғри келган. Чеховнинг ўзи ва яқинлари ҳам касалликни сафар билан боғлашган. Сил касаллиги кучайганининг бошқа сабаби эса адибнинг Ялтадан Москвага саломатлик учун об-ҳаво нобоп бўлган пайтларда боргани билан изоҳланди.

1904 йилнинг ёзида Чехов Германиядаги курортга равона бўлди. Аммо соғайиб кетмади, касаллик бирданига забтига олди.

Хотини Ольга Леонардовнанинг гувоҳлик беришича, 1 июлдан 2 июлга ўтар кечаси Чехов уйқудан уйғониб, умрида биринчи марта шифокорга одам юборишни сўраган. Сўнг шампан келтиришларини буюрган. «Антон Павлович ўтирди ва баланд овозда шифокорга немис тилида «Ich strebe» деди (у немисчани ҳам биларди)». Кейин эса талаба ёки хотинига тушунарли бўлиши учун такрорлади: «Мен ўляпман». Шундан сўнг қадаҳни кўтарди, рафиқасига юзланди ва ҳайратомуз табассум билан деди: «Анчадан буён шампан ичмагандим». Чехов хотиржам алфозда шампанни охиригача сипқорди, чап ёнбоши билан ётди ва бир умрга мангу уйқуга кетди.

Акбар Фатҳуллаев

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг