Чет тилидан B1 сертификатга 75 фоиз балл берилади
Адлия вазирлиги хорижий тиллар ва умумтаълим фанлари бўйича сертификатларни тан олиш тартибига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган ҳужжатни давлат рўйхатидан ўтказди. Янги тартиб олий таълимга қабул, педагогларни рағбатлантириш ҳамда сертификатларни баҳолаш тизимига қатор янгиликларни олиб кирмоқда.
Ҳужжатга кўра, бакалавриатнинг фанлар мажмуасида чет тили фани мавжуд бўлган таълим йўналишларига қабулда миллий ёки халқаро тан олинган B1 даражадаги сертификатга эга абитуриентларга мазкур фан бўйича белгиланган максимал баллнинг 75 фоизи миқдорида балл берилади.
Шунингдек, инглиз тили бўйича бериладиган TOEFL iBT сертификатининг мувофиқлик даражаси эндиликда 1–6 баллик тизим асосида белгиланади.
Ҳужжатда педагог ходимларни қўллаб-қувватлашга оид қатор нормалар ҳам назарда тутилган. Жумладан, инглиз тилидан бериладиган TKT, TESOL, TEFL ва TESL сертификатлари учун устама тайинлашда уларнинг амал қилиш муддати инобатга олинади.
Касбий таълим ташкилотларида хорижий тилда махсус фанларни ўқитаётган педагогларга миллий ёки халқаро тан олинган B2 сертификати учун лавозим маошининг 50 фоизи, C1 сертификати учун эса 100 фоизи миқдорида ҳар ойлик устама берилади.
Бундан ташқари, Digital SAT сертификатининг математика бўлимида 750 ва ундан юқори балл олган ўқитувчиларга ҳам устама белгиланиши кўзда тутилган.
Шу билан бирга, умумий ўрта таълим мактабларидаги мусиқа маданияти ва жисмоний тарбия фанлари ўқитувчилари учун ҳам янгилик жорий этилди. Энди уларга B+ ва ундан юқори даражадаги сертификатларга эга бўлган тақдирда устама тўланади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter