Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Мактабларда немис ва француз тилини ўргатиш такомиллаштирилади

Мактабларда немис ва француз тилини ўргатиш такомиллаштирилади

Фото: «Google.com»

Сўнгги йилларда немис ва француз тилини ўрганиш бўйича аввалги салбий тенденция ижобий томонга ўзгарди. Натижада немис тилини чуқурлаштириб ўқитиладиган мактаблар сони 4 тадан 9 та етди. Немис тили ўргатадиган мактаблар сони 54 тага ортиб, умумий 1677 тага, шунингдек бу тилни ўрганаётган ўқувчилар сони 14,5 мингга ортиб, 355 мингга етди.

Француз тили ўргатадиган мактаблар эса 44 тага ортиб, умумий сони 1187 тага, француз тилини ўрганаётган ўқувчилар сони эса 7,8 мингга ортиб, 234,7 мингга етди.

Лекин сўнгги 10 йил таҳлил қилинганда, асосан ушбу тилларни ўқитадиган мактаблар сони ҳам, ўқувчилар сони ҳам камайиб борган. Таъкидлаш жоизки, ушбу йўналишдаги ишларни янада кучайтириш замон талабидир. Маълумки, дунё аҳолисининг кўпчилиги немис ва француз тилларида сўзлашади. Бу тиллар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг энг асосий тилларидан ҳисобланади.

Охирги 2 йил давомида Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати янги босқичга кўтарилиб, Франция ва Германия давлатлари билан ҳар томонлама ҳамкорлик йўлга қўйилди. Хусусан, мамлакатимиз раҳбарининг Франция ва Германия давлатига, шунингдек, Германия Президентининг юртимизга ташрифи давомида имзоланган ўзаро ҳамкорлик алоқалари бўйича шартномалар бунинг яққол исботидир.

Юртимизда ёшларнинг чет тилларини ўрганишга қизиқишини ошириш орқали келгусида малакали кадрларни ҳамда яқин келажакда иқтисодиётнинг турли соҳаларида фаол хизмат қиладиган етук мутахассислар тайёрлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси тайёрланди.

Қарор лойиҳасида умумий ўрта таълим мактабларида немис ва француз тилига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим муассасалари тармоғини кенгайтириш ҳамда ўқув дастурларини такомиллаштириш асосий мақсад сифатида белгиланмоқда.

Шунингдек, ихтисослаштирилган мактабнинг асосий вазифалари этиб умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари асосида замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда немис ва француз тилларининг чуқур ўқитилиши ташкил этади.

Ўқувчиларнинг ижодий салоҳиятини намоён қилиш ва фаоллаштириш, ҳар бир ўқувчининг индивидуал хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда мустақил тадқиқотчилик фаолияти кўникмаларини шакллантириш ва ривожлантиришни мактабнинг асосий мақсадлари сифатида белгилаш режалаштирилмоқда.

Мактабга юқори касб маҳоратига эга бўлган маҳаллий ва хорижий мамлакатлардан тажрибали ўқитувчилар жалб қилинади.
Таълим муассасаси иқтидор ва истеъдодни аниқлаш ҳамда камол топтириш бўйича ўқувчиларни республика ва халқаро фан олимпиадалари, танловлар, бошқа тадбирларда қатнашишга тайёрлайди.

Бундан ташқари, 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб, сўнгги 10 йил давомида немис ва француз тили ўқитилиши тўхтатилган ёки бошқа хорижий тилларга алмаштирилган ихтисослаштирилган мактабларда немис ва француз тилларини ўқитилишини қайта йўлга қўйиш ҳамда ҳар бир ҳудудда биттадан немис ва француз тилига ихтисослаштирилган мактаблар таянч мактаб сифатида белгиланади.

Немис ва француз тилига ихтисослаштирилган мактаблар учун ўқув режаси ишлаб чиқилади.

2019-2020 ўқув йилидан бошлаб немис ва француз тили фани ўқитувчилари учун мақсадли малака ошириш курслари ташкил этилади. Шу билан бирга немис ва француз тиллари бўйича ўқитувчиларни қайта тайёрлаш истисно тариқасида бепул амалга оширилади.

Шунингдек, 2019-2020 ўқув йилидан бошқа хорижий тиллар ўқитилаётган ихтисослашган мактабларда немис ва француз тиллари иккинчи тил сифатида жорий этилади.

Ихтисослашган мактабнинг 11-синф битирувчиларига халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан биргаликда ўтказилган танлов натижаларига кўра немис тилини хорижий тил сифатида билиш даражаси бўйича Германиянинг TestdAF (Test deutsch als fremdsprache) ва француз тили бўйича халқаро имтиҳон натижалари бўйича Франциянинг TestDElF (Diplome d’etudes en langue Francaise) дипломларини беришга рухсат этилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг