Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мактабни олтин ёки кумуш медал билан битирганларга ОТМларга киришда имтиёз берилади

Мактабни олтин ёки кумуш медал билан битирганларга ОТМларга киришда имтиёз берилади

Фото:«Xabar.uz»

Халқ таълим вазирлиги томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталига «Умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларини рағбатлантиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди.

Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хизмати томонидан маълум қилинишича, мазкур ҳужжат лойиҳасида умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларига аъло билими, намунали хулқи ва фаол жамоатчилиги учун олтин ва кумуш медалларни таъсис этиш кўзда тутилган.

Қарор лойиҳасида белгиланишича:

олтин медаль умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд бўлган, 10-11-синфлардаги барча фанлар бўйича оралиқ, якуний назоратлари ҳамда чораклик ва йиллик баҳолари аъло, намунали хулққа эга бўлган ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган 11-синф битирувчиларига берилади;

кумуш медаль умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд бўлган, 10-11-синфлардаги барча фанлар бўйича йиллик баҳолари аъло, намунали хулққа эга бўлган ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган 11-синф битирувчиларига берилади;

олтин медалга эга бўлган ўқувчига республикадаги давлат олий таълим муассасаларининг бакалавр босқичига кириш синовларида тўплаган умумий балига 50 фоиз, кумуш медалга эга бўлган ўқувчига тўплаган умумий баллининг 30 фоизи миқдорида қўшимча балл берилади;

олтин ва кумуш медалларга эга бўлган ўқувчиларга бериладиган имтиёз бир йилгача амал қилади.

Халқ таълими вазирлиги умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларига бериладиган олтин ва кумуш медалларнинг ўқувчиларга холислик ва одиллик тамойилларига амал қилган ҳолда топширилишини таъминлайди.

Халқ таълими вазирлиги кенг жамоатчиликдан иқтидорли ўқувчиларни рағбатлантиришни кўзлаб ишлаб чиқилган қарор лойиҳасининг муҳокамасида фаол иштирок этишни сўрайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг