Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон Қаҳрамони вафот этди

Ўзбекистон Қаҳрамони вафот этди

Фото: ЎзА

Ўзбекистон халқ таълими соҳаси оғир жудоликка учради. Таниқли педагог, Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Мавлуда Исматова бугун, 11 май куни 75 ёшида вафот этди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

М.Исматова 1943 йил 7 майда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг Тошкент давлат педагогика институти (ҳозирги Тошкент давлат педагогика университети)нинг тарих-филология факультетида таҳсил олган.

Ўз меҳнат фаолиятини 1968 йилда Тошкент туманидаги 26-умумий ўрта таълим мактабида бошланғич синф ўқитувчиси сифатида бошлаган. 1975-1979 йилларда ушбу таълим масканида она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари лавозимларида меҳнат қилган. 1983 йилда у Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги 273-умумий ўрта таълим мактабига директор этиб тайинланган ва умрининг охирига қадар шу даргоҳда самарали иш олиб борди.

Фидойи педагог раҳбарлик қилган мактаб бир неча бор «Йилнинг энг яхши мактаби» сифатида эътироф этилган бўлиб, унинг педагогик тажрибаси мамлакат миқёсида кенг ўрганилиб, оммалаштирилган.

М.Исматованинг кўп йиллик самарали меҳнати давлат томонидан муносиб тақдирланган. У 1995 йилда «Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси» фахрий унвони, 1999 йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони» олий унвони билан мукофотланган эди.

Ўзбекистон ҳукумати марҳумнинг яқинлари ва оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди.

«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали ҳам М.Исматованинг яқинларига таъзия изҳор қилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг