Хусусий мактаблар, эркак ўқитувчилар сони: Ўзбекистон умумтаълими рақамларда
2025/2026 ўқув йили бошига келиб Ўзбекистонда жами 11 минг 118 та умумий ўрта таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Бу кўрсаткич ўтган ўқув йилига нисбатан 175 тага, яъни 1,6 фоизга ошган.
Сўнгги беш йиллик динамика мактаблар сони изчил ўсиб бораётганини кўрсатади:
2021/2022 йилда 10 минг 289 та;
2022/2023 йилда 10 минг 522 та;
2023/2024 йилда 10 минг 750 та;
2024/2025 йилда 10 минг 943 та.
Шу билан бирга, нодавлат таълим муассасалари сони жадал ўсмоқда. Агар 2021/2022 ўқув йилида 135 та хусусий мактаб бўлган бўлса, 2025/2026 йилга келиб улар сони 551 тага етган. Фақат сўнгги бир йилдаёқ 96 тага кўпайиб, 21,1 фоизлик ўсиш қайд этилган.
Ҳудудлар кесимида
Энг кўп мактаблар Самарқанд (1 минг 350 та), Қашқадарё (1 минг 294 та) ва Фарғона (1 минг 119 та) вилоятларига тўғри келади. Энг паст кўрсаткичлар Сирдарё (345 та), Навоий (387 та) ва Тошкент шаҳрида (503 та) қайд этилган.
Нодавлат мактаблар бўйича энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида — 145 та. Кейинги ўринларда Фарғона (121 та) ва Самарқанд (43 та) вилоятлари туради. Энг кам хусусий мактаблар Сурхондарё ва Навоийда (5 тадан), шунингдек Қорақалпоғистонда (10 та) қайд этилган.
Ўқитувчилар
Ўқитувчилар сони 577 минг 700 нафарни ташкил этиб, бир йилда 12 минг 800 нафарга (2,3 фоиз) ошган. Улардан 418 минг 800 нафари аёллар (72,5 фоиз), 158 минг 900 нафари эркаклар (27,5 фоиз). Эътиборлиси, аёл ўқитувчилар сони 17 минг 500 нафарга ошган бўлса, эркаклар сони 4 минг 700 нафарга камайган.
Ўқитувчилар энг кўп Самарқанд ва Қашқадарёда (ҳар бири 65 минг 100 нафар), шунингдек Фарғонада (60 минг 600 нафар). Энг кам кўрсаткич Сирдарё (14 минг 200 нафар), Навоий (22 минг 300 нафар) ва Жиззах (25 минг 700 нафар)да кузатилган. Тошкент шаҳрида аёл ўқитувчилар улуши 85,9 фоиз билан энг юқори, Жиззахда эса 58,8 фоиз билан энг паст.
Ўқувчилар
2025/2026 ўқув йили бошига ўқувчилар сони 6 млн 870 минг 500 нафарни ташкил этган. Бу ўтган йилга нисбатан 94 минг 200 нафарга, яъни 1,4 фоизга кўп. Жами ўқувчиларнинг 48,8 фоизи қизлар, 51,2 фоизи ўғил болалар.
Энг кўп ўқувчилар Самарқандда — 814 минг 200 нафар, Фарғонада — 733 минг 400 нафар, Қашқадарёда — 688 минг 100 нафар. Энг паст кўрсаткичлар Сирдарё (165 минг 100 нафар), Навоий (195 минг 700 нафар) ва Жиззах (284 минг 600 нафар)да.
Биринчи синфга қабул қилинганлар сони 725 минг 300 нафарга етган бўлиб, бу 46 минг 400 нафарга (6,8 фоиз) кўп. Шу билан бирга, 2025 йилда 9-синф битирувчилари 506 минг 100 нафарни ташкил этиб, 2,7 фоизга камайган, 11-синф битирувчилари эса 452 минг 500 нафарга етиб, 11,5 фоизга ошган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter