Ўзбекистонда 50 дан ортиқ давлатдан келган хорижий талабалар таҳсил олмоқда
Ўзбекистондаги олий таълим ташкилотларида айни пайтда дунёнинг 50 дан ортиқ давлатидан 24 647 нафар хорижий талаба таҳсил олмоқда.
Хорижий талабалар сони бўйича Ҳиндистон етакчилик қилмоқда. Ўзбекистонда 13 060 нафар (53 фоиз) ҳиндистонлик талаба ўқимоқда.
Кейинги ўринларда Туркманистон — 4 884 нафар (20 фоиз), Покистон — 1 165 нафар (5 фоиз), Қозоғистон — 1 129 нафар (5 фоиз), Россия — 863 нафар (3 фоиз) ва Тожикистон — 740 нафар (3 фоиз) қайд этилган.
Шунингдек, Қирғизистон Республикасидан 571 нафар, Хитойдан 564 нафар, Мисрдан 482 нафар талаба Ўзбекистонда таҳсил олмоқда. Бошқа давлатлардан келган талабалар сони 1 189 нафарни ташкил этади.
Хорижий талабаларнинг 22 685 нафари (92 фоиз) давлат олий таълим ташкилотларида, 1 468 нафари (6 фоиз) нодавлат ОТМларда, 494 нафари (2 фоиз) эса хорижий олий таълим ташкилотларида таҳсил олмоқда.
Хорижий талабалар орасида энг катта қизиқиш тиббиёт йўналишига тўғри келмоқда. Ушбу йўналишда 16 476 нафар талаба, яъни хорижий талабалар умумий контингентининг қарийб учдан икки қисми таҳсил олмоқда.
Кейинги ўринларда филология ва тиллар — 2 109 нафар, биология — 831 нафар, тарих — 588 нафар, иқтисодиёт — 515 нафар, АКТ — 455 нафар, амалий математика — 217 нафар, кимё — 191 нафар, механик моделлаштириш — 157 нафар ва география — 144 нафар қайд этилган.
Хорижий талабалар сони бўйича ТОП-10 олий таълим ташкилоти:
- Тошкент давлат тиббиёт университети — 4 155 нафар
- Самарқанд давлат тиббиёт университети — 4 153 нафар
- ТИҚХММИ Миллий тадқиқот университети — 2 886 нафар
- Бухоро давлат тиббиёт институти — 2 178 нафар
- Ўзбекистон Миллий университети — 1 917 нафар
- Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти — 1 599 нафар
- Андижон давлат тиббиёт институти — 1 410 нафар
- Урганч давлат тиббиёт институти — 1 325 нафар
- Тошкент давлат тиббиёт университетининг Термиз филиали — 305 нафар
- Тошкент давлат иқтисодиёт университети — 272 нафар


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter