Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари учун ҳам грантлар борми?

Умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари учун ҳам грантлар борми?

Фото: «Mg.uz»

Ҳурматли «Xabar.uz» фаоллари! Аввало кўрсатаётган хизматларингиз учун миннатдорлигимни билдираман. Намангандан савол йўллаяпман. Айтинг-чи, умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари учун ҳам грантлар борми? Шу ҳақда маълумот бўлса, сайтга жойлаштирсангиз. 

Умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари учун мамлакатимиз ва халқаро фан олимпиадалари мавжуд. Олимпиадаларни ўтказиш тартиби 2009 йил 1 майдаги «Академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг умумтаълим фанлари бўйича республика олимпиадаларини ўтказиш ва халқаро фан олимпиадалари иштирокчиларини танлаш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорда келтирилган.

Қарорга кўра, республика (фан) олимпиадалари ҳар йили академик лицейлар, касб-ҳунар коллежларининг 1, 2, 3-курс ўқувчилари ва умумтаълим мактабларининг IХ, Х, ХI синфлари (мажбурий 12 йиллик таълимга тўлиқ ўтилгунча) ҳамда IX синфлар ўқувчилари (мажбурий 12 йиллик таълимга тўлиқ ўтилгандан кейин) ўртасида ўтказилади.

Фан олимпиадалари тўрт босқичда ўтказилади:

а) 1-босқич — ўқиш жойи бўйича;

б) 2-босқич — туман, шунингдек, туманларга бўлинмаган шаҳар бўйича;

в) 3-босқич — вилоят бўйича, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида ва Тошкент шаҳрида;

г) 4-босқич — республика бўйича.

Фан олимпиадасининг биринчи босқичида умумтаълим мактаблари ва академик лицейлар, касб-ҳунар коллежларининг барча ўқувчилари иштирок этишлари мумкин. Навбатдаги босқичларда эса фақат олдинги босқичларда I, II, III ўринни эгаллаб, ғолиб бўлганлар қатнашадилар.

Ғолиблар 76-100 балл тўплаган ўқувчилар орасидан аниқланади.

Республика фан олимпиадаларининг тўртинчи босқичида фанлардан 76 ва ундан юқори балл тўплаб, I, II, III ўринларни эгаллаган умумтаълим мактабларининг 11-синф ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг 3-курс ўқувчилари Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 13 октябрдаги «Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида»ги 226-қарорига биноан олий ўқув юртларига тест синовларисиз ҳамда қўшимча имтиҳонларсиз кириш имтиёзига эга бўладилар.

Халқаро фан олимпиадаларида иштирок этувчи ўқувчиларни танлаш

Халқаро фан олимпиадаларида иштирок этувчи ўқувчиларни танлаш Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ва Халқ таълими вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Республика фан олимпиадасининг III босқичида умумтаълим фанларидан 1-5-ўринларни эгаллаган академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг 2, 3-курс ўқувчилари ҳамда умумий ўрта таълим муассасасининг 10, 11-синф ўқувчилари халқаро фан олимпиадасида қатнашиш учун танловда иштирок этадилар.

Танлов икки босқичда ўтказилади.

Танловнинг биринчи босқичида I, II, III ўринларни эгаллаган ўқувчилар кейинги босқичда қатнашади.

Танлов ўтказиш жойи ва муддати Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ва Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланади.

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ва Халқ таълими вазирлиги тавсия қилган эксперт гуруҳи томонидан танловда қатнашган ўқувчиларнинг ёзма ишлари текширилади ва ғолиблар аниқланади.

Ғолибларни аниқлашда ўқувчиларнинг назарий ва амалий билимларини масалалар ечишга татбиқ этиш қобилияти, топшириқларнинг оригинал ечимларини топиши, ёзма жавобларни тўла баён этиши ва илмий хулосалар чиқариши эътиборга олинади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг