Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Халқ таълими вазирига болаларни мактабга жойлаш билан пул ишлаш маслаҳати берилган

Халқ таълими вазирига болаларни мактабга жойлаш билан пул ишлаш маслаҳати берилган

Фото:«Xabar.uz»

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов оммавий ахборот воситалари ходимлари билан бўлган учрашув вақтида Тошкент шаҳридаги 81 та мактабга микроҳудуддан ташқаридаги болаларни жойлаш пуллик қилинишига нималар сабаб бўлганини айтиб ўтди. Вазирнинг таъкидлашича, бу мактабларга болаларни жойлаш коррупция бўлиб кетган. Вазият шунга қадар борганки, унга «бир-икки тажрибали одамлар» болаларни мактабга жойлаш орқали пул ишлашни маслаҳат берганини таъкидлади. Бу ҳақда «Xabar.uz» мухбири хабар бермоқда. 

— Мана шу лойиҳани ишлаб чиққанимиздан сўнг менга маслаҳат берадиганлар пайдо бўлди. Кўча-кўйда одамлар ҳатто «аҳмоқ экансан», деб ҳам айтди. Мактабга жойлаб қўйиш шунчалик коррупция бўлиб кетган экан, пул ишласаларинг бўлмайдими, дейишди. Ўзларинг болаларни жойлаб пулини олсаларинг бўларди-ку, жанжал қилаётган журналистларнинг болаларини ҳам олиб кириб қўйсаларинг, ҳамма рози бўлади, деган гапларни эшитдим.

Аммо бизда ҳаром пулга эҳтиёж йўқ, Президентимиз ҳамма шароитни яратиб берган.

Тошкентдаги ўша 81 та «престижний» мактаблар умумий ҳисобда шаҳардаги мактабларнинг 26 фоизи ҳолос. Мана шу 26 фоиз мактабда 43 фоиз ўқувчи ўқимоқда. Битта синфда 50-60 ўқувчи бор.

Яна бир катта эътироз, ўша атрофдаги аҳолидан келиб тушган. Улар ўз ҳудудидаги мактабга фарзандини бера олмаяпти. Чунки жойлар тўлиб бўлган. Бу қанақа адолатсизлик?

Ўша мактабларга қабул жараёни жуда коррупциялашганди. Тошкент шаҳрида мактабга болани олиб кириб қўйиш ҳатто 2 минг долларгача чиқиб кетганди.

Айтайлик, менга битта одам илтимос қилади ва боласини мактабга жойлашни айтади. Мен кимгадир ўша танишимнинг боласини мактабга жойлаш бўйича топшириқ бераман. У ўз навбатида яна бир болани қўшади. Яна бошқаси ўзиникини ҳам қўшворишга ҳаракат қилади. Оқибатда мактаб директорига қадар бир талай ўқувчилар Шерматовнинг номидан боради. Кейин нима бўлади? Ўша болаларнинг сонини 2000 долларга кўпайтириб, Шерматов шунча пул ишлабди, дейишадими?

Мен рўйхатдаги мактабларни қўштирноқ ичида «престижний» деб айтдим. Нима учун? Чунки бу мактабларда таълим сифати юқори эмас, шунчаки одамлар машинасига ёки қўл телефонига чиройли рақам олгандек бир гап. Ҳашамат холос. Яна сизга статистикани келтираман. Атиги 9 фоиз Олимпиада ғолиблари мана шу 81 та мактабларга тўғри келади. Яъни, 22 ғолибдан 2 нафари «престижний» мактабларга тўғри келади.

Шахсан ўзим 22-мактабда ўқиганман. Бу мактаб мана бу рўйхатда йўқ. Аммо шунга қарамасдан ёмон бўлмадик.

Ота-оналарга айтамиз, қинғир йўлларни қидирманг. Пора бериб, кимгадир қўнғироқ қилдириб ёки бошқа йўллар билан фарзандингизни мактабга жойлашга ҳаракат қилманг. Биз бу ишга директорларни қўллаб қувватлаш учун қўл урдик. Уларга жуда кўп тазйиқ ўтказилган, —дейди халқ таълими вазири.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг