Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Анимацион фильмдан туғилган ғоя. «WALL-E 2» роботи нималарга қодир?

Анимацион фильмдан туғилган ғоя. «WALL-E 2» роботи нималарга қодир?

Фото: «Xabar.uz»

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида ёш илмий изланувчи ходим ва талабалар ғоялари амалиётда жорий этилмоқда. Яқинда яратилган «WALL-E 2» роботи бунга мисол бўла олади.

«WALL-E 2» роботи асосий мақсади инсон ҳаёти учун xавфли бўлган ҳудудларда илмий тадқиқот ишларини олиб боришдир. Масалан, ҳаёт учун xавфли радиоактив моддалар тарқалган жойларга бориб, радиоктивлик даражасини аниқлаш ёки портлаш хавфи мавжуд бўлган ҳудудларда қолдириб кетилган сумка, қути ва бошқа объектларни зарарсизлантиришда ушбу робот самарали ёрдамчи бўла олади. Роботни айнан ушбу ҳудудга йўналтириш ва масофадан туриб унинг камералари орқали ҳудудни кўздан кечириш, шубҳали буюмларни текшириб кўриш ва зарарсизлантириш мумкин. Зарарсизлантира олмаган тақдирда ҳам битта инсон ҳаёти сақлаб қолинади.

Нима учун «WALL-E 2»?

Мазкур роботга «WALL-E 2» деб ном берилишига сабаб, у Pixar компанияси томонидан 2008 йилда яратилган анимацион фильм қаҳрамони «WALL-E 2» роботига қиёслаб яратилганлигидир.

Фото: «Wall-E Picture»

Ушбу мултфилм қаҳрамони ҳам филм воқеаларига кўра Ойда тадқиқот ишларини олиб боради.

Роботнинг техник тузилиши

Электромоторлар. «WALL-E 2» иккита бўйин қисми, яъни тепага-пастга ва чапга-ўнгга қараш учун маълум даражагача аниқ ўгирила оладиган мотор, ҳар битта қўли учун учтадан маълум даражаларга аниқ бора оладиган тактик мотор ва юриш қисми учун иккита кучли редукторга эга бўлган мотор, қўлидаги бармоқлари учун иккита сервомотордан фойдаланилган.

Ушбу моторларнинг ишлашини таъминлаб туриш учун асосий манбаи 12 Волт 8 ампер кучига эга иккита аккумулятор батарейкаси кетма-кет уланиб, 24 Волт 8 амперли асосий манба қилиб фойдаланилади, робот бир марталик қуввати билан 3-4 соат давомида ҳаракатланиши мумкин.

Роботнинг бош қисми енгил бўлиши учун пластикдан тайёрланган. Унинг ҳар бир кўзига 64та кўк рангли светадиод ўрнатилган бўлиб, умумий сони 128тани ташкил қилади. Унинг кўзлари автоном тартибда ҳар тарафга қараб ўз вазиятини тасодифий ўзгартириб туради, ҳаттоки кўзини юмиб-очади ва бош қисмини кўзлари вазиятига қараб ҳаракатга келтиради. Робот кўзларининг пастки қисмига ўрнатилган сенсор олдиндаги тўсиқни сезиш ва уни айланиб ўтишга ёрдам беради. Ҳозирда робот бош қисмидаги сенсор олдида бирор тўсиқ бўлса, робот кўзларини юмиб бош қисмини тўсиқ йўқ жойга қайириб олади. Роботнинг бош қисмидаги камера масофадан туриб онлайн тарзда кузатиш учун ўрнатилган.

Тана қисми ҳам оддий пластикдан ташкил топган бўлиб, унинг елка қисмига қўллари маxсус болт-гайкалар ёрдамида маҳкамланган. Ушбу тана қисмининг ичига асосий платалар, ҳар бир қўли учун маxсус драйверлар, аккумулятор, юриш қисми учун маxсус платалар жойлаштирилган.

Юриш қисми роботни тўлиқ кўтариб юриш учун маxсус резина ғилдираклар ва кучли редукторли иккита мотор билан таъминланган. Паст қисмидаги камераси робот олдидаги тўсиқларни кўриш ҳамда уларни айланиб ўтишга мўлжалланган.

Роботнинг ҳар бир қўлида маxсус редукторли 24 Волт кучланишда ишлайдиган моторлардан иккитадан ўрнатилган. Биринчисининг вазифаси билакни ўнг-чап томонга буриш бўлса, иккинчиси тепа ва пастга ҳаракатлантиради. Қўлининг учида эса бармоқларга ўxшаб ясалган пластик тутқич учун 12 Волт кучланишда ишлайдиган 180 даражали сервомотор ўрнатилган, ушбу моторлар ёрдамида пластик бармоқлар билан нарсаларни тутиш (ушлаш) имконияти мавжуд. Қўл қисмининг асосига ўрнатилган металл профил буюмларни кўтариш, тўсиқларни олиб ташлаш учун хизмат қилади. Устки қоплами эса ташқи дизайн бериш учун пенопластдан таркиб топган.

Роботнинг тана қисмида иккита маxсус овоз кучайтиргич (динамик) ўрнатилган. Биринчиси тананинг олди томонига қаратиб ўрнатилган, чунки оператор билан бўладиган мулоқотда келадиган овозлар ана шу овоз кучайтиргич ёрдамида эшиттирилади. Иккинчи овоз кучайтиргич эса қўшимча тарзда бўлиб, акус кабел ёрдамида роботни телефонингизга улаб ундан мусиқа эшитиш ёки овоз кучайтиргич сифатида фойдаланишингиз мумкин.

Бармоқ изи сенсори роботимизнинг имкониятларидан бири бўлиб, ундан маълум зарарланган ҳудудга кириб бориб, жабрланган кимса шаxсини аниқлаш учун фойдаланилади. Робот сенсор ёрдамида бармоқ изи олгандан кейин маълумотлар роботни бошқараётган оператор компютерига келади ва ундаги маълумотлар базасида текшириб кўрилади. Текшириш натижасида ушбу бармоқ изи кимга тегишли эканлиги аниқланади ва шаxс ҳақида паспорт маълумотлари акс эттирилган ойна чиқади. Бунинг учун албатта мазкур маълумотлар базаси паспорт хизмати томонидан шакллантирилган маълумотлар базаси билан таъминланган бўлиши зарур.

Роботни масофадан бошқариш

Мазкур робот масофадан турган ҳолда бошқарилади, бу вазифа компютер ўйинлари учун мўлжалланган иккита маxсус жойстикдан фойдаланган ҳолда амалга оширилади. Роботга бериладиган буйруқлар сони кўплиги ва уни бошқариш осон бўлиши учун жойстиклар сони иккита. Роботга бериладиган буйруқлар ушбу жойстиклар ёрдамида симсиз тарзда  ишлайдиган радиомодул билан таъминланган. Робот ушбу жойстиклар ёрдамида очиқ майдонда уч километргача масофада 30дан ортиқ буйруқларни бажара олади ва бир вақтнинг ўзида 10дан ортиқ буйруқларни қабул қилиш қобилиятига эга.

Умрбек Нураддинов,
ТАТУ 3-босқич талабаси, ғоя муаллифи ва яратувчиси

Шоҳрух Бегматов,
ассистент ўқитувчи, техник маслаҳатчи

Султанбой Курбанов,
ассистент ўқитувчи, илмий маслаҳатчи

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг