Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дунёга машҳур IT-мутахассис: «Инсон ресурси — Ўзбекистоннинг асосий рақобатбардош манбаи»

Дунёга машҳур IT-мутахассис: «Инсон ресурси — Ўзбекистоннинг асосий рақобатбардош манбаи»

Беларусь Юқори технологиялар парки асосчиси ҳамда «Mirzo Ulugbek Innovation Center» инновация маркази маслаҳатчиси Валерий Цепкало.

Фото: «Muic.uz»

Беларусь Юқори технологиялар парки асосчиси ҳамда «Mirzo Ulugbek Innovation Center» инновация маркази маслаҳатчиси Валерий Цепкалонинг Тошкентга қилган навбатдаги ташрифида IT-таълим асосий мавзуга айланди.

Ўзбекистонда татбиқ этилаётган халқаро тажриба Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, БМТТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, ТАТУ, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ва Инновация марказида бўлиб ўтган учрашувларда кенг муҳокама этилди.

Беларусь мутахассисининг фикрига кўра, бевосита маҳаллий ва хорижий компаниялар иштирокида олий ўқув юртлари ҳузурида лабораторияларни ташкил этиш IT-саноатига улкан фойда келтиради. Бунинг яққол исботи сифатида ўз вақтида инсон капиталини юқори қўйиб, бугунги кунда дунёда етакчи бўлган АҚШ, Исроил, Беларусь ва Жанубий Корея давлатлари мисолида кўриш мумкин.

Цепкало «Юқори технологиялар. Шахсий ташаббуслар. Келажакка нигоҳ» мавзуида тақдимот ўтказмоқда. Фото: «Muic.uz»

АҚШ ва Стенфорд университети

Мисол учун, ўқув жараёнини ташкиллаштиришга бошқача ёндашуви билан фарқ қилувчи Стенфорд университети (АҚШ) биринчилардан бўлиб технология корхоналари учун ерларни ажратишни бошлаган. Улар бу ерда лаборатория ташкил этиб, профессор-ўқитувчилар кўмагида илмий-тадқиқот ишларига талабаларни жалб этишган. Бу университет мавқеининг юқори даражага кўтарилишига туртки бўлган, сабаби бу ердан нафақат назариялар, балки амалиёт ҳам ўз натижасини бера бошлади, яъни академик билимлар ва соҳанинг ҳақиқий талаблари ўртасидаги ажралиш енгиб ўтилган эди. Шу билан бирга, кўплаб йигитлар университет яқинида ўзларининг фирмаларига асос солишди.

Шу тариқа, бугунги кунда бутун дунёга машҳур бўлган IТ-компанияларнинг улкан жамияти — Кремний водийси пайдо бўлган: Hewlett-Packard, Electronic Arts, Nvidia, Yahoo! ва Google. Ҳаттоки, кампус илмий маркази ҳудудида NASAнинг тадқиқотлар лабораторияларидан бири ҳам жой олган.

Исроил ва Жон Брайснинг таълим маркази

Келиб чиқиши яҳудий бўлган америкалик Жон Брайс (қишлоқ хўжалиги мамлакати бўлган Исроил унинг хатти-ҳаракатлари натижасида IТ йўналишида етакчи ҳудудга айланган) 1990 йилларда Стенфорд услубидан фойдаланган. У собиқ СССРнинг муҳожирларини техник мутахассислик бўйича ўқитиш марказини ташкил этди ҳамда Американинг бир нечта компаниялари — Motorola, Hewlett-Packard ва бошқаларни жалб этган ҳолда ишлаб чиқиш марказини яратди.

Бир йилдан сўнг IТ-соҳасида кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат лойиҳасини ишга туширди. Лойиҳа доирасида аксарият олимларнинг илмий-тадқиқотлари ва ишлаб чиқишларининг дастлабки босқичида молиявий таъминловчи 24 та технологик инкубатор яратди. Мақсад нафақат технологияларни яратиш, балки уларнинг бизнес-истиқболларини баҳолаш ҳам эди. Чунки тор ички бозор шароитида Исроил тадбиркорлари кенг миқёсда фикрлаши лозим эди. Инновация технологияларини жорий этиш бўйича тайёр лойиҳалар инвестициялар учун фойдали йўналиш бўлиб қолди. Cisco ўндан зиёд Исроил компанияларини сотиб олди, 2004 йилда эса Cisco АҚШдан ташқаридаги илк илмий-тадқиқот ва ишлаб чиқиш марказини (R&D) очади.

2015 йилда Lenovo, 3M, Bosch, Magic Leap, AVG, Fraunhofer SIT, Origami Logic, AxiomSL, PayPal ва бошқалар Исроилда ўзларининг R&D марказларига асос солди ёки кенгайтирди. Apple, Facebook, IBM, EMC, Amazon, eBay, PayPal, SanDisk ўз штатлар сонини сезиларли даражада оширди. Шуниси эътиборлики, авваллари бундай марказларнинг муҳим қисмлари бошидан яратилган бўлса, бугунги кунга келиб улар исроиллик стартаплар негизида шаклланади.

Беларусь Юқори технологиялар парки. Фото:«Belmarket.by» 

Беларусь ва Юқори технологиялар парки

Беларусда Юқори технологиялар паркини яратишда муваффақиятли халқаро тажриба қўлланилган.

— Дастлаб, биз нима қилдик: Стенфорд моделини жорий этдик ва олий ўқув юртлари ҳузурида 85та лаборатория ташкил этдик, — дейди ЮТП асосчиси Валерий Цепкало. —  Эндиликда, талабалар университет курсларига қўшимча равишда илғор компаниялар ходимларидан таклиф этилган ўқитувчилардан факултатив таҳсиллар олиш имконига эгадирлар. Брайс модели бўйича ЮТПнинг таълим маркази ташкил этилди ва у ўта самарали бўлди. Таълим бу ерда пуллик бўлиб, Паркнинг соҳадаги етакчи компаниялар билан келишувлари мавжуд: агарда талаба ишлаб чиқарувчининг ички имтиҳонларини муваффақиятли топширса ва ишга жойлашса, у ҳолда иш берувчи дарҳол унга таълимга сарфлаган пулини тўлайди. Агарда синовдан ўта олмаса — ҳақ тўланмайди.

Ўзбекистон ва «Mirzo Ulugbek Innovation Center»

Инсон ресурси — Ўзбекистоннинг асосий рақобатбардош манбаи ҳисобланади. Республика аҳолисининг 60 фоизини ёшлар ташкил этади. Мамлакатнинг 31 та ўқув муассасасида 16 мингдан зиёд талабалар таҳсил олади. Лекин, жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, бозорни малакали мутахассислар билан тўлдиришда фақатгина университетларга таяниш нотўғри, бугунги кунда ўқув дастурлари янгиланиб боришига нисбатан технологиялар шиддатлироқ ривожланмоқда. Саноат ва таълим тизими ўртасидаги ўзаро муносабатларга асосланган экотизимни яратишда ваколатли ёндашиш IT-мутахассисларнинг максимал тақсимотини таъминлайди, бу ўз навбатида, соҳанинг асосий омили бўлиб хизмат қилади.

Валерий Цепкало ва MUIC вакиллари ТАТУда. Фото: «Muic.uz»

Инновация маркази мазкур ёндашувни беларуслик IT-мутахассис ёрдамида ишлаб чиқмоқда. Валерий Цепкало ва MUIC вакиллари ТАТУ, Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига ташриф буюриб, таълим соҳасига оид долзарб масалаларни муҳокама этишди. Хусусан, инновация маркази ва кадрларни тайёрлашга манфаатдор бўлган халқаро компаниялар резидентларидан таркиб топган инвесторларнинг бевосита иштирокида лабораторияларни ташкил этиш, талабаларнинг билимларини баҳолашда замонавий тизимларга ўтиш, бунинг натижасида республиканинг таълим муассасалари халқаро олий ўқув юртлари рейтингларида иштирок эта олиши, ёшларни ITни ўрганишида бевосита стипендиялар, грантлар ва бошқалар ёрдамида рағбатлантириш каби масалалар кўриб чиқилди.

Алоҳида суҳбатларда эса ҳудудларда коворкинг марказлари тармоғини яратиш каби мавзуларга эътибор қаратилди. Айнан, Цепкалонинг фикрига кўра, малакали мутахассислар соҳа ривожланишида ҳал қилувчи омил бўлади.

Маълумот ўрнида: IT-соҳасида машҳур мутахассис ва MUIC маслаҳатчисининг беш кунлик ташрифи БМТТД «Маъмурий ислоҳотлар ва рақамли трансформация» лойиҳаси кўмагида ташкил этилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг