Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эскалаторлар қандай ишлайди?

Эскалаторлар қандай ишлайди?

Эскалатор механизми.

Фото: «Hi-News»

«Айлана бўйлаб ҳаракатланадиган зина» шаклидаги биринчи эскалатор 1859 йилда америкалик ихтирочи Натан Эймс томонидан патентланган, бироқ ҳеч қачон фойдаланилмаган. Орадан 30 йил ўтгач, 1892 йилда Жесс Рено «оғма кўтаргич»ни патентлаган. Унинг дунёдаги илк эскалатори орадан икки йил ўтгач Нью-Йоркнинг Кони-Айленд боғида жойлашган туристлар атракционида пайдо бўлган. Яна 4 йил ўтгач эса Лондондаги «Xarrods» дўконига ҳам ўрнатилган. Савдо уйига ташриф буюрган мижозлар ундан фойдаланишга қўрққан. Шунда дўкон директори эскалатор орқали юқорига кўтарилган ҳар бир «довюрак»ка бир пиёладан бренди қуйиб беришни ваъда қилган. Дастлабки эскалаторлар пиллапоясиз, силлиқ йўлак кўринишида эди. Замонавий, биз ўрганган эскалаторлар 1921 йилга келибгина пайдо бўлган. Бу ҳақда «Hi-News.ru» хабар берди.

Демак, эскалатор лентаси қоплама устига ўрнатилган, ўзаро боғланган зиналардан иборат. Ҳар бир зина иккита узун занжир орқали боғланган ва роликларда ҳаракатланади. Двигатель валлар ёрдамида занжирларни маълум бир тезликда ҳаракатга келтиради. Етакчи вал эскалаторнинг юқори қисмидаги пол остига ўрнатилади, пасти қисмидан эса қайтарма вал жой олади. Йўловчиларнинг эскалатор устидаги барқарорлиги зиналар ҳаракатининг тезлигига боғлиқ. Эскалатор пастга қараб ҳаракатланганида унинг тезлиги дастлаб 0,6 метр/секунддан ва қолган вақтда 0,75 метр/секунддан ошмаслиги керак.

Фото: «Hi-News»

Эскалаторнинг юқори ва пастқи қисмига лентанинг ҳаракати бошланувчи қўзғалмас «тароқ»лар ўрнатилган. Эскалатор лентаси «тароқ» ичидан чиққанида текис юзали бўлади, кейинроқ зинага айланади.

Эскалаторнинг яна бир ажралмас қисми ҳаракатланувчи тутқичлардир. Бироқ тутқичлар тезлиги зиналар тезлигидан бироз фарқ қилади. Бунга сабаб тутқичларни ҳаракатга келтирадиган дискларга резин қисмлар кийдирилади, у эса вақт ўтиши билан емирилади. Шунинг натижасида тезликда ўзгариш содир бўлади, бироқ зина ва тутқич тезлиги ўртасидаги фарқ 3 фоиздан ошмаслиги керак.

Эскалаторнинг оғиш бурчаги унинг узунлигидан келиб чиқиб 30-35 даражани ташкил этади. 6 метрдан баландроққа мўлжалланган эскалаторларда оғиш бурчаги 30 даража бўлиши керак, бошқа ҳолатларда 35 даражага тенг бўлиши мумкин.

Бундан ташқари эскалаторга хавф туғилиши мумкин бўлган ҳолатларда унинг ҳаракатини тўхтатишга мўлжалланган қурилма ҳам ўрнатилган. Улар тезлик тўсатдан ўзгарганида, тутқичлар тўхтаб қолганида ишга тушади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг