Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Лайкбозлик» сафсатаси

«Лайкбозлик» сафсатаси

Фото: «Misto News»

Ҳар куни иш куним шундай бошланади. Олдин «Фейсбук»ни зиёрат қиламан. Дунёдаги ҳамма гап шу ерда. Сўнгги пайтда газетага ҳам, телевидениега ҳам эҳтиёж йўқ. Дунё янгиликларидан хабардор қилиб турадиган «дўстларим» бор. Истаймизми, йўқми, бизнинг бугунги хатти-ҳаракатларимизни «Фейсбук» бошқарадиган бўлиб қолди. Боз устига баъзи раҳбарлар ҳам «Фейсбук»ни ёқлаб тургандан кейин кун буйи унинг оқими бўйлаб ҳаракат қилишга, аҳён-аҳёнда бу оқимга қаршилик қилишга тўғри келади.

Эҳтимол, «Фейсбук» яратувчилари ҳам ўзбек фойдаланувчиларига бунчалар зўр хизмат қиламан деб ўйламаган бўлса керак. Чунки ахборот танлаб ўтирмасдан уни муҳокама қилиш бўйича ҳаммадан ўтиб кетдик. Баъзан бу муҳокамалар «фейсбукона тош отиш»ларгача боради. Нима қилиб бўлса ҳам кўнгилни хира қиладиганлар анча-мунча топилади.

«Лайкбозлик» эса алоҳида масала. Назаримда лайкбозлик ҳам қарсакбозликнинг бир тури. Ўқийсанми, ўқимайсанми, фарқи йўқ, бир қарсак чалиб қўйгандай мунғайиб турган постларга лайк босиб қўясан, мажбурсан. Шу боис овоз оласан! Яқинда ишхонамизда биттаси катта бир мажлисда даъво билан чиқди. Эмишки, «ҳасадгўйлар» постларга лайк босмас эмиш. «Қарсак чалинг, менга қарсак!» деганлардан бўлди бу ёғи! Бир ёқдан давлат бошлиғининг ўзи қарсакбозликка қарши чиқса-ю, бу ёқдан лайкбозлик ёқланса. Энг қизиғи, эндиликда ҳар бир ходим постга босилмаган лайклар учун ҳам тушунтириш беради. Қойилмисиз?!

Аҳли дониш, биз «Фейсбук» учун, лайк учун эмас, шу юрт учун ишлашимиз, халқимизнинг реал муаммоларини ҳал этишимиз керак эмасми?

Фикрингиз тўғри, одамларнинг кўплаб муаммолари «Фейсбук» орқали ҳал бўлаяпти. «Фейсбук»да жамоатчилик фикрини шакллантириш, муаммога эътибор қаратишга интилишлар ўз самарасини бераяпти. Айтиш жоизки, «Фейсбук» орқали эришган энг катта ютуғимиз ҳам шунда! Аммо «Фейсбук» фойдаланувчилари аҳолининг бор-йўғи икки фоизини ташкил қилади холос.

Демак «Фейсбук»ка кириш тугул, интернет етиб бормаган чекка қишлоқлар, қишлоқ аҳлининг бир талай муаммолари, етказа олмаётган гаплари борки, уларни реал ўрганмасдан ечиб бўлмайди... Уларнинг ўй-фикрлари билан ким шуғулланади?

Виртуаллашиб бораётган, лайкбозликка чалинаётган бир пайтимизда ҳаёт олдимиздан ўтиб кетмоқда...

Яқинда бир касбдошимиз «мактабдаги муаммоларни ёзинглар» деб пост қўйибди. Унга жавобан фойдаланувчи «Ҳой ақлли, мактаб муаммосини мактаб тугашига бир ой қолганда ёзасанми? Мактабда у ё бу фанлардан ўқитувчилар бўлмаганда қаёқда эдинг? Мактабда болалар 6-7 ой китобсиз ўқишди, қаёқда эдинг, энди одамларни аҳмоқ қилиб муаммо сўрайсан» деб ташланиб қолибди. Мана биз кутган реаллик... Унда ечимини кутаётган муаммолар талайгина... Биз эса лайк учун мусобақа ўйнаймиз. Худди лайк ҳаётимизни енгиллаштираётгандай...

Танишувлар ҳақида эса гапирмадим. Бу «алоҳида» мавзу! Ҳа, айтганча, «Фейсбук»даги дўстларимнинг кўплиги менинг «фейк» эмаслигимдан... Ҳамма бало ўша фейкларда аслида. Истаганингни ёзаверасан. Ҳамма, айниқса фейклар истаганини гапиради! Истасанг нигилистлар билан, истасанг феминистлар билан талашиб тортиш... Ким билан нима ҳақида тортишганинг муҳим эмас. Муҳими офисдаги иш соатинг чиқиллаб ўтиб бораётгани... Хуллас, бу «Фейсбук»... «Фейсбук»ка хуш келибсиз!

Элга Манзур

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг