Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўн беш ҳудудда IT-шаҳарчалар ташкил этилади

Ўн беш ҳудудда IT-шаҳарчалар ташкил этилади

Фото: Президент матбуот хизмати.

Президент Шавкат Мирзиёевга мамлакатимизда рақамли технологияларни ривожлантириш, бу соҳада ёшларни ва лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари бўйича ахборот берилди.

Давлатимиз раҳбари бу ҳақда ўтган йили 20 декабрь куни Рақамли технологиялар вазирлигига ташрифи чоғида топшириқ берган эди.

Сўнгги йилларда бу соҳа жуда тез ривожланиб, мутахассислар ва хизматлар кўпайиб бормоқда. Хусусан, 2017 йилда юртимизда IT компаниялар сони 147 та бўлган бўлса, бугунги кунда 2 мингга яқинлашди. Уларда 30 минг ходим юқори даромадли иш билан банд. 70 мингдан зиёд ёшлар IT билан мустақил шуғулланаяпти.

Жорий йилнинг ўтган тўрт ойида соҳадаги хизматлар ҳажми 20 фоиз ўсди, 200 миллион долларлик экспорт қилинди, 5 мингта иш ўрни яратилди.

Лекин, ҳудудлар кесимида қараганда, IT хизматлари ва экспортининг асосий улуши Тошкент шаҳрига тўғри келади. Мутахассисларнинг 80 фоизи шу ерда яшайди.

Шу боис, бу соҳани чекка ҳудудларда ҳам ривожлантириш режалаштирилган.

Лойиҳага кўра, бундай масканлар дастлаб 15 та ҳудудда – Чимбой, Ғиждувон, Зомин, Шароф Рашидов, Фориш, Хатирчи, Поп, Шаҳрисабз, Қўшработ, Сариосиё, Сирдарё, Паркент, Тошлоқ ва Тупроққалъа туманлари ҳамда Хонобод шаҳрида ташкил қилинади. Уларда йилига 10 мингга яқин ёшлар IT, чет тили ва бошқа замонавий касблар бўйича бепул ўқитилади.

Президентимиз шаҳарчалар ёшлар учун қулай жойда бўлиши, уларда юқори малакали мутахассислар дарс бериши зарурлигини таъкидлади. 

– Шиддат билан ўзгараётган даврда ҳамма соҳага ахборот технологияларини биладиган кадрлар керак. Бу соҳада хизматлар учун ҳам, экспорт учун ҳам энг асосий ресурс бу – малакали мутахассислар. IT-шаҳарчалар бу йўлда ёшларга қанот бўладиган, замонавий касбларга ўргатадиган тизим бўлиши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ривожланган давлатларда IT саноатни ривожлантиришда стартапларни қўллаб-қувватлашдан кенг фойдаланилади. Юртимизда ҳам бундай лойиҳалар бўйича танловлар ўтказиб келинмоқда. Лекин  бу борада шаффофликни ошириш, лойиҳаларга натижадорлик асосида грант ажратиш зарурати мавжуд.

Шунинг учун IT таълим ва дастурий маҳсулот йўналишидаги лойиҳалар бўйича 1 миллиард сўмгача бўлган стартаплар танловини IT-парк орқали ўтказиш таклиф этилмоқда.

Давлатимиз раҳбари бу танловда ҳам, худди “President Tech Award”даги каби, нуфузли халқаро компаниялар томонидан баҳолашни йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади.

Сунъий интеллект дастурларини яратиш ва қўллаш бўйича ҳам муваффақиятли иш олиб борилмоқда. Жумладан, биометрик идентификациялаш учун “My ID” тизими ривожлантирилди. Бугунги кунда 28 та банк ва 5 та давлат ташкилоти мазкур тизимга уланди. У орқали 8 миллион 200 мингдан ортиқ фойдаланувчи рўйхатдан ўтди.

“Muxlisa” номли ўзбек тилидаги овозли ёрдамчи ишлаб чиқилмоқда. Ушбу ишланмани турли замонавий техника воситаларига ўрнатиш мўлжалланган.

Рақамли технологиялар соҳасини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида сунъий интеллект ва космик фаолиятга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, тақдимотда Ягона коммунал хизматлар платформасини жорий этиш бўйича ҳам ахборот берилди. Бу онлайн платформа орқали истеъмолчилар 8 та коммунал ташкилот хизматлари учун тўловларни амалга ошириши мумкин бўлади. Унда 14 тадан ортиқ идоралар маълумотларини бир нуқтада жамлаш ҳамда автоматлаштирилган равишда тақсимлаш имконияти пайдо бўлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг