Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«uMail.uz» электрон почтасининг тўлақонли ишлашига нима тўсқинлик қилмоқда?

«uMail.uz» электрон почтасининг тўлақонли ишлашига нима тўсқинлик қилмоқда?

«uMail.uz» электрон почта тизими

Фото: «Xabar.uz»

Ишга туширилганига яқинда беш йил тўладиган «uMail.uz»  электрон почта хизматида бугунги кунга келиб ярим миллиондан ортиқ почта қутилари очилган. Демак, ҳар куни минглаб кишилар бу почта хизматидан фойдаланиб келишади.

Сўнгги вақтларда ушбу почта тизимида техник муаммолар юзага кела бошлади. Бу эса ҳақли равишда фойдаланувчилар эътирозларини келтириб чиқармоқда. «Xabar.uz»га ҳам бу борада мурожаатлар бўлди. Аниқлик киритиш мақсадида UZINFOCOM ягона интеграторига боғландик ва қуйидаги жавобни олдик:

«uMail.uz»  почтаси барча фойдаланувчиларга қулай интерфейсга эга бўлган, спам ва вируслардан ишончли ҳимояланган электрон почта қутисини таклиф қилиб келмоқда. Хизматдан веб-интерфейс ва компютерда почта мижози сифатида фойдаланиш мумкин.  

«uMail.uz»  электрон почта тизими 2013 йилнинг 15 майида ишга туширилиб, 2017 йилнинг май ойида унинг дастурий таъминоти қайта ишлаб чиқилди ва янги кўринишдаги почта хизмати йўлга қўйилди.

«uMail.uz»  почта тизимининг май ойида янги кўриниши ишга тушган бўлса-да, баъзи сабаблар туфайли почта хизматининг муқобил ишлашида муаммолар вужудга кела бошлади. Бунга сабаб қуйидагича:

Фойдаланувчилар — почта хизмати ҳар бир фойдаланувчига 3 ГБ миқдорда маълумотларни сақлаш имконини берувчи қутиларни ажратиб берган. Ҳозирги кунда почта хизматидан фойдаланувчилар сони 550 минг нафардан ошган. Ҳар бир фойдаланувчи почта хизматининг мактубга файлларни боғлаб юбориш хизмати билан бирга, почта қутисидан «Булутли сақлагич» сифатида фойдаланади.

Серверга мурожаат — почта хизматидан фойдаланувчилар сони ортиб боргани сари тармоққа бўлаётган «файл-сервер» мурожаатлар сони ҳам ортиб боради. Мурожаатлар сони ошгани сабабли сервернинг маълумотларни қайта ишлашга жавоб берувчи дисклари мурожаатлар ва келиб тушаётган маълумотларни қайта ишлашида муаммолар вужудга келмоқда.

Файл-сервер (File-server) — локал тармоқни ташкиллаштиришнинг бир архитектураси бўлиб, умумий ресурсларни (файлларни) сақлаш, бошқариш, ҳимоя қилиш ва улардан фойдаланишга рухсат бериш сервер зиммасига юклатилади.

Муаммонинг ечими нималарга боғлиқ?

«uMail.uz»  почта тизимидан фойдаланувчилар сони ортиб, оммалашиб бораётгани ва хизматдан фойдаланишга бўлган эҳтиёж юқорилиги, шунингдек, почта хизмати узилишларсиз ишлаши учун техник таъминотни янгилаш ва қурилмаларнинг техник кўрсаткичларини ошириш вақти келганидан дарак беради. Мазкур муаммоларни бартараф этиш бўйича ишлар бошлаб юборилган.

Ҳозирда «uMail.uz» почта тизимини модернизациядан ўтказиш бўйича техник чораларни амалга ошириш тадбирлари бошланган бўлиб, тез кунларда почта хизмати узлуксиз, муқобил ишлаши таъминланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг