Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Юлдуз Хўжаева нега Канадага ўқишга кетгани, Тошкентдаги «ғалати қоида», текин ноутбук ва бошқалар ҳақида

Юлдуз Хўжаева нега Канадага ўқишга кетгани, Тошкентдаги «ғалати қоида», текин ноутбук ва бошқалар ҳақида

«Xabar.uz» чет элдаги ватандошларимиз билан интервьюларини давом эттиради. Ватандошимиз Юлдуз Хўжаева Канада университетлари рейтингида 10-ўринда турувчи Далҳауз университети (Dalhousie University, Галифакс) магистратурасида таҳсил олмоқда. Бакалавриатурани эса 2018 йили Тошкентдаги ИНҲА университетида тамомлаган (Компьютер фанлари ва муҳандислиги).

— Юлдуз, ахборот технологиялари соҳасини танлашингизга нима туртки бўлган?

— Болалигимдан математика ва физикага қизиққанман. Қийин масалаларга ечимлар топишга қизиқардим: хоҳ у теорема бўлсин, хоҳ физикадаги бирор бир қонун. Келажакда ҳам мазкур фанларга тааллуқли соҳа мутахассиси бўлишни ният қилардим.

2014 йили Тошкент шаҳрида ИНҲА университети очилаётганини эшитганимдан сўнг, тарозининг палласи ахборот технологиялари томонга оғиб кетди. Шундай қилиб, 2014—2018 йилларда ИНҲАда таҳсил олдим.

Умуман олганда, асримизда муваффақиятга эришиш учун чет тилларини, айниқса, инглиз тилини ўрганиш муҳим, деб ўйлайман.

— Нега магистратурани айнан Канадада олишга қарор қилгансиз? Бу мамлакат қандай таълим имкониятларини беради?

— Магистратурада ўқишдан олдин бир неча сабабларни ҳисобга олдим. Биринчидан, Ўзбекистонда Компьютер фанлари (Computer Science) юқори даражада ривожланмаган: Сунъий онг (Arificial intelligence) ва Киберхавфсизлик (Cybersecurity) ҳали бошланғич босқичларда. Иккинчидан, мен ҳар доим магистратурани асосий тили инглиз тили бўлган давлатда ўқишни хоҳлаб келганман. Барчага маълумки, Канаданинг расмий тили инглиз ҳамда француз тиллари ҳисобланади. Учинчидан эса, Канада университетлари илмий ишлар миқёси (research output), профессорлар сонининг талабалар сонига нисбати, халқаро талабаларнинг сони бўйича жаҳонда юқори ўринда туради. Шунингдек, Канада ҳукумати ҳамда университетлар бошқа давлатдан келиб ўқиётган талабалар учун ҳам грантлар ажратади. Шу йили мен ўқишим ҳамда яшаш харажатларимни қоплаб берадиган «Study in Canada Scholarship» грантининг соҳибасига айландим.

— Илмий ишингиз қандай муаммо ечимига қаратилган?

— Шу йил сентябрь ойидан бошлаб илмий иш бўйича менга йўл-йўриқлар кўрсатиб борадиган профессор билан мавзу танлашга киришдим ва «Тармоқдаги ҳужумлар ва хатоликларни ўрганиш алгоритмлари ёрдамида аниқлаш» (Network Anomaly detection using Machine Learning algorithms) мавзусига тўхталдик. Бу илмий иш тармоқдаги (асосан интернетдаги) киберҳужумларни аниқлаш, уларнинг қандай турдаги ҳужум эканлигига аниқлик киритиш ҳамда уларнинг олдини олиш учун хизмат қилади. Илмий ишнинг асосий мақсади нафақат киберҳужум, балки тармоқда рўй бераётган ҳар қандай ноодатий ҳаракатни аниқлашнинг янги, энг самарали усулини топишдир.

— Канаданинг қандай тажрибаларини Ўзбекистонда ҳам жорий этиш мумкин деб ўйлайсиз?

— Назаримда, Канадада илмий ишнинг аҳамияти жуда катта. Қандай ташкилот (давлат ёки хусусий компания) бўлишидан қатъи назар, агар бирор-бир муаммога инновацион ечим керак бўлса, биринчи ўринда, муаммо атрофлича ўрганилиб, тадқиқот, илмий ишлар олиб борилади ва шундан кейингина муаммога ечим топилади. Масалан, бирор компания ўзининг иш жараёнига, ишлаб чиқаришига оид муаммо учун ечим топмоқчи. Айтайлик, бу компаниянинг «Facebook» ёки «Google»да бўлгани каби ўзининг тадқиқот марказлари йўқ. Шунинг учун ушбу компания бирор-бир университетга илмий иш қилиб бериши учун мурожаат қилади ёки буюртма беради. Университетнинг тадқиқотчи олимлари, профессорлари муаммони ўрганиб чиқиб, фактлар ва олиб борилган тадқиқотлар натижасига асосланган ҳолда мумкин бўлган ечимларни компанияга тақдим қилади. Исбот сифатида шу ечимларнинг тўғри ишлашини кўрсатиб беришади. Натижада университет ҳам, буюртмачи компания ҳам фойда кўради: компания ўз муаммосининг инновацион ечимига эга бўлади, университет ва университетнинг тадқиқотчи олимлари эса молиявий томондан фойда кўришади ҳамда қилинган илмий ишлар сонини кўпайтириб олишади. Бу эса ўз-ўзидан университетнинг нуфузи ҳамда рейтинги учун фойдалидир.

Ўзбекистонда ҳам худди шундай илмий ишларга эътиборни кучайтириш керак. Университет фақатгина таълим берадиган муассаса эмас, балки долзарб муаммоларга ечим топиб берадиган муҳим ташкилот бўлиши керак. Ва албатта, университет билан келишган ҳолда ҳар қандай компания илмий иш учун буюртма бера олиши керак.

— Мамлакатимизда соҳангизнинг ривожланишига тўсиқ бўлаётган омиллар нималар, уларни бартараф этиш учун таклифларингиз борми?

— Ҳар қандай катта муаммо кичик-кичик камчиликлар сабабли юзага келади. Мен ўзим гувоҳ бўлган мисолларни келтириб ўтмоқчиман. Тошкент шаҳридаги ИНҲА университетида биринчи ҳамда иккинчи босқичда ўқиб юрган пайтларимда университет талабалари Тошкент ахборот технологиялари университетининг (ТАТУ) талабалар ётоқхонасида яшашган. У ерда бир ғалати қоида бор эди: ётоқхонада яшайдиган талабаларга, бошқача қилиб айтганда, бўлажак дастурчиларга ТАТУ ётоқхонасида ўз ноутбукларидан фойдаланишга рухсат берилмас эди. Бу, турган гапки, мустақил ўқиб-ўрганиш учун тўсқинлик қилар эди. Яна бир тушунарсиз қоида кечки соат 11 дан кейин чироқларни ўчириш кераклиги эди. Ётоқхона мутасаддилари сарфланадиган электр энергиясини камайтиришни баҳона қилган ҳолда талабаларнинг имтиҳонлари ёки уй вазифалари билан ишлари йўқ эди. Бундай чекловлар Ўзбекистондаги асосий АКТ университетларидан бири бўлган ТАТУ талабарининг, кейинчалик АКТ мутахассисларининг салоҳиятига салбий таъсир ўтказиши табиий.

Энди мен ҳозир ўқиётган Далҳауз университетига қайтамиз: бу ерда агар бирор талабанинг ноутбуги бўлмаса ёки сотиб олишга қурби етмаса, университет унга узоқ муддатга ноутбук бериб туради. Талабалар бу ноутбукларни худди шахсий ноутбукдек узоқ муддат ишлатишлари мумкин ва бу мутлақо бепул. Бундан ташқари, университет АCМ ҳамда IEEE каби дунёнинг энг катта илмий мақолалар электрон кутубхоналарининг обуначиси ҳисобланади. Университетнинг ҳар бир талабаси шу кутубхонадаги илмий мақолаларни бепулга қўлга киритиши мумкин. Кеча конференцияда тақдим қилинган мақолани бугун университет талабалари ўқий олишади. Хуллас, фарқ катта! Ўзбекистондаги талабаларнинг жуда кўп қисмида юқоридагидек имкониятлар мавжуд эмас, афсус.

— Сиз каби IT-соҳасига кириб келмоқчи бўлган ёшларга тавсияларингиз.

— Биринчи навбатда, олдиларига катта мақсадлар қўйишлари керак. Айниқса, қизлар. Жамиятда кенг тарқалган оғзаки қоидалар ёки «аёллар бу йўналишда кучли эмас», «қиз боладан яхши дастурчи чиқмайди» каби гапларни деб ўзларини чегаралаб қўймасликлари керак. Агар улар STEM (Science, Technology, Engineering – Фан, Технология, Муҳандислик, Математика) йўналишига қизиқсалар, албатта, аниқ фанларни чуқур ўзлаштиришлари керак бўлади. Бундан ташқари, аллақачон шу йўналишда таълим олаётган талабалар ўз ўқитувчиларида ҳамда бошқа талабалардан ўзлари билмаган нарсаларни иложи борича кўпроқ сўраб, ўрганишдан қўрқмасликлари ёки уялмасликлари керак. Бундай фанларни тушунишда қийинчилик бўлиши табиий, уларни яхши ўрганмаслик эса бир қанча муддатдан кейин бутунлай ривожланишдан тўхтаб қолишга олиб келиши мумкин.

Кимки талаба бўлиш бахти насиб қилмаган бўлса ҳам, бундан тушкунликка тушмаслиги керак. Агар мақсад ўқиб-ўрганиш бўлса, ҳозирги кунда деярли барча китоблар ҳамда онлайн курсларни интернет орқали топса бўлади ва аксарият қисми бепул. Фақатгина тинимсиз меҳнат, қунт ва шижоат бўлса бас.

Яна такрорлайман, инглиз тилини ўрганинг! Дунёда жуда кўп мақолалар, янгиликлар биринчи бўлиб инглиз тилида чоп этилади. Инглиз тилини билмаган одам улар таржима қилиниб, етиб келишини (келса агар… — таҳр.) кутишига тўғри келади. Бу худдики инглиз тилини биладиган одамдан доим ортда юриш билан баравар…

— Режалар?..

— Аввало ўқишни мувафаққиятли якунлаб олиш. Ундан кейин эса дунёнинг катта технология компанияларида ишлаб, бироз тажриба орттириш ниятидаман. Кейин эса Ўзбекистонга қайтиб, «Machinea Learning», «Artficial Intelligence» каби бизнинг юртда кам ривожланган йўналишларда стартап бошлашни мақсад қилганман.

Юртимиз ёшларининг салоҳиятлари юқори эканлигига ишонаман. Уч йил олдин — ИНҲА ўқиб юрган пайтимда университетнинг бир семестрини АҚШда ўқиш имкониятига эга бўлганман. Ўша пайтларда, АҚШда мен билан бирга ўқиган бошқа давлатдан келган талабалар математика ҳамда чизиқли алгебрани яхши билганим учун мени «Математика даҳоси» дейишарди. Ваҳоланки, улар менинг Тошкент шаҳридаги ИНҲА университетида бор-йўғи топ-ўнталикдаги талабалардан бири эканимни билишмаган. Ўзбекистонда истеъдодлар саноқсиз, фақат уларга тўғри йўл кўрсатилса, қўллаб-қувватланса бўлгани.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг