Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Замон илдамлаб бормоқда. Биз унинг ортидан кузатиб қолаверамизми?

Замон илдамлаб бормоқда. Биз унинг ортидан кузатиб қолаверамизми?

Биз фарзандларимизнинг қулай шароитдан унумли ва тўғри фойдаланишини таъминлай олаяпмизми?

Фото: «Kindergarten»

Кундан-кунга такомиллашиб бораётган маиший техникалар, энг сўнгги русумдаги автомобиллар, ахборот-коммуникация технологиялари...

Шундай тезкор замонда яшаяпмизки, бугун мутлақо ўзига хос янги қурилма тақдим қилинса, эртага ўрнини бошқаси — янада қулайроғи эгаллаб турибди.

Технологиялар, телекоммуникациялар замон билан ҳамнафас ўзгариб, янгиланиб бораётган экан, биз-чи, биз бу ўзгаришларни қандай қабул қилаяпмиз? Улардан қандай фойдаланаяпмиз?

Ҳар бир ота-она фарзандининг келажагини ўйлайди. Ўзи эриша олмаган натижаларга улар эришишини истайди. Бунинг учун ёшларда имконият ҳам кўпроқ. Уларга бу борада нафақат ота-она ёки таълим муассасалари, ахборот технологиялари ва интернет ҳам кўмаклашиши мумкин.

Аммо биз фарзандларимизнинг қулай шароитдан унумли ва тўғри фойдаланишини таъминлай олаяпмизми?

Аслида болаларимизнинг зеҳни ўткир, қўлига тушган қурилмани тез ўзлаштира олади. Ҳозир деярли ҳар бирининг қўлида смартфон. Бу восита ёрдамида бола ер шарининг исталган нуқтаси билан боғланиши, исталган қизиқарли маълумотни топиши, тил ўрганиши, билим олиши ёки, аксинча, онгини заҳарловчи ахборотлар чангалига тушиб қолиши ҳам мумкин.  

Афсуски, ота-оналар шу биргина салбий жиҳатни деб фарзандларини технологиялардан, интернетдан совутишга уринишади, хавфли деб қўрқитишади. Аслида уларни билимлар уммонидан, порлоқ келажагидан мосуво қилаётганини ўйлаб ҳам кўришмайди.

Бугун ахборот технологиялари соҳасини мукаммал эгалламай туриб, келажакда ҳеч бир касбнинг устаси бўлиш мумкин эмас. Фарзандларимиз эртага ўз йўлини топиб кетиши учун ҳам бугун технологияларни билиши, шунчаки эмас, мукаммалроқ ўрганишлари керак.

Бола смартфон орқалими, ёки компютер ёрдамида бўладими, интернетдан унумли фойдалансин, фақат унда ахборотларни таҳлил қилиш, тўғри ва нотўғри маълумотларни фарқлай олиш кўникмасини шакллантириш лозим.

Ахир замон илдамлаб бормоқда. Шунга яраша ҳаракат қилмасак қатордан қолиб кетишимиз ҳеч гап эмас.

Анвар Турапов,
Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш
марказининг интернет-маданият бўлими бош мутахассиси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг