Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

15 ёшли Ислом Москвадаги терактда юздан зиёд одамнинг ҳаётини сақлаб қолди

15 ёшли Ислом Москвадаги терактда юздан зиёд одамнинг ҳаётини сақлаб қолди

Москва вилоятидаги «Крокус сити ҳолл» мажмуасида гардеробчи бўлиб ишлаган 15 ёшли Ислом Халилов 22 март кунги қонли теракт пайти 100 дан зиёд инсонни қутқарди.

Ёш бўлишига қарамай, фавқулодда оғир вазиятда ўзини дарҳол қўлга олган ўсмир жон талвасасида йўл тополмаётган одамларни чиқиш эшиги томон бошлади. Шу тариқа улар муқаррар қирғиндан омон қолди.

Ислом Халилов журналистларга ўша машъум кун ҳақида сўзлаб берар экан, биринчи қаватда шовқин-сурон кўтарилган пайтда дастлаб эскалатор бузилди деган хаёлга борганини айтади.  

«Кейин одамлар югуришга, бақиришга тушди. Мен ўша лаҳзада қўрқиб ўтираверсам, нафақат ўзим, балки юзлаб одам ҳам бевақт ўлим топишини тушуниб етдим. Аввалига бироз ҳадиксирадим. Одамларни бошлаб кетар эканман, улар (террорчилар) граната улоқтириши ёки ўққа тутиши мумкин эди-да. Хайрият, эшикни очишга муваффақ бўлдим ва ҳаммамиз ташқарига чиқдик», – дейди Ислом Халилов.

Мактабда таҳсил олаётган Ислом бўш вақтларида уч-тўрт сўм топиш учун «Крокус сити ҳолл»да гардеробчи бўлиб ишлаб келган. Ўсмирнинг ўзи Россияда туғилган. Ота-онаси эса Қирғизистоннинг Жалолобод ва Ўш вилоятларидан.

Россия Федерацияси Мусулмонлар идораси раҳбари Равиль Ғайнуддин 15 ёшли қаҳрамон Ислом Халиловга «Хизматлари учун» медали берилишини маълум қилди.

Давлат думасининг оилани муҳофаза этиш қўмитаси ҳам жасур ўсмирни мукофотлаш лозим деган фикрда.

«Йигитчанинг жасорати ҳурмат ва эътирофга лойиқ. Қўмитамиз Давлат думаси раиси ва Давлат думаси кенгашига уни фахрий ёрлиқ билан мукофотлаш масаласида мурожаат қилади», – дейди қўмита раиси Нина Останина.

Аввал хабар берганимиздек, 22 март куни Москва вилоятида жойлашган «Крокус сити ҳолл» мажмуасида йирик теракт содир этилди. Концерт ўтиши кутилаётган бинога қуролланган шахслар бостириб кириб, одамларга қарата ўт очган. Мажмуада портлаш ва ёнғин ҳам рўй берган.

Сўнгги маълумотларга қараганда, қўпорувчилик ҳаракати оқибатида 133 киши ҳалок бўлди, 154 киши жароҳатланди. Расмийлар қурбонлар сони ошиши мумкинлигини айтмоқда.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати директори Александр Бортников терактга алоқадор 11 киши, жумладан, қирғинни содир этган 4 нафар террорчи ушланганини маълум қилган.

Қўпорувчилик ҳаракати ортида ким тургани борасида турли тахмин-тусмоллар илгари сурилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг