Алиев Россия армиясининг мудҳиш қилмишини эслатди

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев “Ал-Арабия” (Саудия Арабистони) телеканалига берган интервьюсида муҳим халқаро масалалар қатори Россия билан муносабатларга ҳам тўхталди. Суҳбат матни “Azertac” давлат ахборот агентлиги сайтида тўлиқ ҳолда чоп этилган.
Алиев, аввало, Озарбайжоннинг замонавий мустақил республика тузиш йўлидаги уриниши юз йил аввал Россия томонидан йўққа чиқарилганини ёдга олган.
“Русия империяси парчаланганидан кейин... Озарбайжон демократик республикаси тузилди. Бу мусулмон дунёсида, 1918 йил май ойида таъсис этилган илк демократик республика эди. Республика 1920 йил апрелга қадар, Россия армияси Озарбайжонга бостириб кириб, мамлакатни босиб олгунга қадар яшади. 1917 йилда инқилоб қилган большевиклар халқни алдади. Улар “Ишчиларга – завод-фабрикалар, деҳқонларга – ер, халққа – эркинлик” шиорини кўтариб чиққан эди. Ўз давлатимизни туздик, аммо большевиклар уни биздан тортиб олди”, – дея 1991 йилга қадар чўзилган мустамлака тарихини эсга олган Илҳом Алиев.
Сўнгги вақтларда Москва ва Боку орасига совуқчилик тушди. Бунга 2024 йил охирида рўй берган авиаҳалокат ҳам сабаб бўлди.
Azerbaijan Airlines компаниясига қарашли самолёт 2024 йил 25 декабрь куни Қозоғистон ғарбидаги Оқтов шаҳри яқинида қулаб тушган, оқибатда ўнлаб йўловчи ва экипаж аъзолари ҳалок бўлган эди.
Ҳалокатнинг илк дақиқаларидаёқ Бокудан Грознийга парвоз қилаётган Embraer 190 учоғи Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими орқали уриб туширилгани ҳақида тахмин илгари сурилди.
Учоқ ҳалокатидан сўнг Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Россияга ташрифини бекор қилганди.
Расмий Боку Москвадан айбини тан олиш, айбдорларни жазолаш ва авиаҳалокат жабрланувчиларига компенсация тўлашни талаб қилиб келяпти.
Алиев “Ал-Арабия” мухбири билан суҳбатда ушбу масалани яна бир карра кўтарган.
“Сизга бир мисол келтирсам. Иккинчи Қорабоғ уруши даврида, урушнинг сўнгги кунлари, (2020 йилнинг) 9 ноябрида Озарбайжон тасодифан Россия вертолётини уриб туширди. Вертолёт тақиқланган ҳудудга – Озарбайжон чегарасига яқинлашаётган эди. Гап шундаки, 30 йил мобайнида Арманистон ҳудудидан Озарбайжон чегарасига бирор марта Россия вертолётлари яқинлашиб келмаган эди. У (вертолёт) Арманистон томонидан келаётган эди. Яъни уни уриб туширганлар Арманистон вертолёти бизнинг ҳудудга киришга уринмоқда деб ўйлаган... Мен ўша куннинг ўзида, зудлик билан Россия президентига қўнғироқ қилдим ва узр сўрадим. Биз дарҳол ҳалок бўлган учувчиларнинг оила аъзолари ва (Россия) мудофаа вазирлигига компенсация тўладик. Тергов ўтказдик ва фожиавий хатони содир этганлар жавобгарликка тортилди. Россия томонидан эса бундай муносабатни кўрмадик”, – деган Озарбайжон раҳбари.
Алиев суҳбат давомида расмий Боку Москва билан муносабатлар ёмонлашуви учун жавобгар эмаслиги, қонун доирасида ҳаракат қилиши, аммо ҳурматсизлик, агрессияга асло тоқат қилмаслигини таъкидлаган.
Маълумот ўрнида: жорий йил 27 июнь куни Россиянинг Екатеринбург шаҳрида озарбайжон миллатига мансуб 50 дан ортиқ шахс қўлга олингани, ҳибсга олиш пайти икки киши ҳалок бўлгани ҳам икки давлат ўртасидаги дипломатик тарангликнинг ортишига олиб келди.
Август ойи бошида Озарбайжон ҳукумати Россияни мамлакатнинг Украина ҳудудидаги объектларига қасддан зарба беришда ҳам айблаганди.
Таҳлилчилар тобора геосиёсий жиҳатдан мустақил сиёсат юритишга уринаётган Озарбайжон Россиянинг “катта оғалик” қилишига ортиқ тоқат қилмаслигини айтмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter