Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Байден салафи хатосини тўғрилади: АҚШ нуфузли халқаро тузилмага қайтмоқда

Байден салафи хатосини тўғрилади: АҚШ нуфузли халқаро тузилмага қайтмоқда

АҚШнинг нуфузли тузилма аъзолигига сайланиши президент Байден ва давлат котиби Блинкен томонидан олқишланди.

 Фото: Давлат департаменти 

АҚШ БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзолигига кўпчилик овоз билан сайланди. Мамлакат 2022-2024 йилларда ушбу халқаро тузилма ишида аъзо сифатида фаол қатнашади. Қўшма Штатлар 2018 йили Дональд Трамп давридан Кенгашни тарк этган эди. Байден маъмурияти эса жорий йил 24 февралда мамлакатни Кенгаш аъзолигига қайтариш борасида расмий сўров йўллаган.

Ушбу ҳодиса муносабати билан баёнот берган президент Жо Байден Қўшма Штатлар дунё бўйлаб адолатсизлик ва зулмга қарши курашда олдинги сафда бўлишини таъкидлади.

«Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва демократиянинг халқлар корига яраётганини намоён этиш замонамизнинг долзарб вазифалари сирасига киради. Бу масала менинг маъмурияти ташқи сиёсатида марказий ўрин тутади. Қолаверса, мазкур жиҳат бизнинг миллат ва халқ сифатидаги жавҳаримиздир», – дейди президент Байден. 

Таъкидланишича, дунё бўйлаб зулм-зўравонликка қарши курашиш, инсон ҳуқуқларини поймол этаётган ҳукуматларни жазога тортиш, озодликни муҳофаза этиш расмий Вашингтон диққат марказидаги масалалар қаторида бўлади.

«Ўтган ой БМТ Бош ассамблеясида таъкидлаганимдек, биз тарихнинг бурилиш-эврилиш палласида турибмиз. Келажак авлодга қандай дунёни мерос қолдиришимиз яқин фурсатдаги танловимизга боғлиқ», – дейилади АҚШ президенти баёнотида.

Ушбу муҳим воқеага АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ҳам ўз муносабатини билдирди.

«Президент Байден ҳокимиятга келган илк кунларданоқ бизнинг ташқи сиёсатимиз ҳурриятни муҳофаза этиш, имкониятларни асраб-авайлаш, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинларни муқаддас деб билиш, қонун устуворлигига ҳурмат кўрсатиш, ҳар бир инсоннинг қадр-қимматини таъмишлаш каби Американинг олий демократик қадриятларига асосланишини баралла эълон қилди. У, шунингдек, умуминсоний муаммоларни ҳал этишга салмоқли улуш қўшиш мақсадида АҚШнинг халқаро майдондаги иштирокини тиклаш, етакчилик мақомимизни қайтаришга ваъда берган эди», – дейди Энтони Блинкен.  

Давлат котиби ўз баёнотида Кенгаш фаолиятини ислоҳ этиш заруратига ҳам урғу берган.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида дунёда пешқадам ва яловбардор бўлган мамлакатнинг уч йил аввал БМТ кенгашини тарк этиши хато қадам деб баҳоланган эди. Шунга кўра, таҳлилчилар Байден маъмурияти салафининг яна бир хатосини тўғрилагани ва изоляционизм сиёсатидан йироқлашув йўлида дадил қадам ташлаганини таъкидламоқдалар. 

Аввалроқ Ж.Байден АҚШнинг ЖССТдаги аъзолигини тиклаган, иқлим ўзгаришлари бўйича Париж битимига қайтган, БМТ тузилмаларига молиявий кўмак қайта йўлга қўйган эди.

Анъанага кўра БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши мажлисларига Женева шаҳри (Швейцария) мезбонлик қилади. Фото: БМТ

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, БМТ таркибида 1946 йилдан Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссия фаолият юрита бошлаган. 2006 йили янги давр талабларига кўра комиссия ўрнида Инсон ҳуқуқлари кенгашига асос солинган. БМТ Бош ассамблеяси органи бўлмиш Кенгаш инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи дунёдаги энг муҳим тузилма саналади.

БМТ Бош ассамблеясининг 2006 йил 15 мартдаги 60/251-сонли резолюциясига кўра, Кенгаш аъзолари инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш борасида юксак намуна кўрсатмоғи лозим.

Кенгаш аъзолари – 47 давлат 3 йил муддатга яширин овоз бериш йўли сайланади. Мазкур тузилмадаги ўринлар минтақалар бўйича тақсимланган: Осиё ва Африкага 13 тадан ўрин, Шарқий Европага 8 та ўрин, Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзасига 8 та ўрин, Ғарбий Европа ва бошқа давлатларга (жумладан, АҚШ, Канада ва Исроил) 7 та ўрин.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил октябрь ойида Ўзбекистон ўз тарихида илк маротаба БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайланган.

С.Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг