Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бугун Туркияда ким президент бўлиши аниқланади

Бугун Туркияда ким президент бўлиши аниқланади

Бугун, 28-май куни Туркияда маҳаллий вақт билан соат 8:00 да президентлик сайловининг иккинчи босқичи бошланди. Бутун мамлакат бўйлаб сайлов участкалари маҳаллий вақт билан эрталаб соат 8:00да очилиб, 17:00да ёпилади.

Давлатда 191 мингдан ортиқ овоз бериш қутилари ўрнатилган. Туркиядаги президентлик сайловларида икки номзод – амалдаги давлат раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва бирлашган мухолифат етакчиси Кемал Қиличдароғлу иштирок этмоқда.

Айни пайтда президентликка номзодлар Синан Оган ва Муҳаррем Инже ҳам жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланмагани учун сайловдан воз кечган. Президент сайловида сайловчилар шахсини тасдиқловчи расмий ҳужжатлардан бири билан овоз беришлари мумкин.

Сайловчиларга президентликка икки номзоднинг фамилияси ёзилган биттадан бюллетень берилади. Соғлиғи сабабли сайлов участкаларига кела олмаган фуқаролар учун «кўчма қутилар» ишлайди. Шунингдек, кўзи ожизларнинг махсус тоифаси ҳам махсус тайёрланган шаблон бўйича овоз бериши мумкин.

Бундан ташқари, Туркия Олий сайлов комиссияси февраль ойидаги зилзиладан жабр кўрган мамлакатнинг 11 вилоятида овоз бериш учун барча зарур чораларни кўрди. Бу ҳудудларда сайлов қутилари махсус ажратилган контейнерлар ва мактабларга ўрнатилган. Хориждаги сайлов участкаларида 3,5 миллиондан ортиқ киши овоз беришда иштирок этди. Улар учун 73 та давлатда ва 156 та хорижий ваколатхоналарда сайлов комиссиялари тузилган.

Хорижда яшаётган Туркия фуқаролари учун овоз бериш жараёни 24-майда якунланди.

Сайлов участкалари соат 17:00да ёпилганидан кейин овозларни санаш бошланади. Натижалар соат 21:00 дан кейин эълон қилинади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг