Чорак аср оғир меҳнат қилган ва 53 ёшида санъат оламини ўзгартирган аёл
Клементин Хантер 1886 йилнинг қиш фаслида Луизианадаги плантацияда дунёга келди. Унинг бобо-бувилари қул бўлишган, ота-онаси эса тонг саҳардан то қоронғу тушгунча далада меҳнат қиларди.
Беш ёшида Клементин мактабга чиқди, аммо бир неча кундан кейин ҳаммаси аён бўлди: у каби болаларнинг тақдирига билим олиш эмас, далада ишлаш ёзилган эди. Қизалоқ мактабда бир ҳафта ҳам ўқимади. Умрининг охиригача ўқишни ҳам, ёзишни ҳам ўрганмади, ҳатто ўз исмини ёза олмасди.
Кутилмаган бурилиш
Кейинги эллик йил давомида унинг ҳаёти фақат яшаб қолиш учун курашдан иборат бўлди. У пахта терди, овқат пиширди, уй тозалади. Етти фарзандни дунёга келтирди. Бир сафар фарзандини дунёга келтиришдан бир неча соат олдин пахта териб, уйга қайтган ва дояни чақирган, бир неча кундан кейин эса яна далага чиққан.
1939 йилда, Клементин 53 ёшга тўлганида, кутилмаган воқеа юз берди. У Мелроуз плантациясида ошпаз бўлиб ишларди. У ерга бутун мамлакатдан рассомлар келиб турарди. Бир куни рассом аёллардан бири кетаётиб бўёқ солинган қутича ва мўйқаламларини қолдириб кетди. Мана шу ташлаб кетилган мўйқаламлар кейинчалик бир инсоннинг тақдирини ўзгартиришини ким ҳам ўйлабди дейсиз.
Клементин уй тозалаётганда уларни топиб олди ва ҳаммаси шундан бошланди. У илгари ҳеч қачон қўлига қалам ушлаб кўрмаганди, аммо рангли бўёқларга қараб туриб ўйлади: “Нега бу матоҳлар бекор ётиши керак?”
У эски дераза пардасига илк расмини чизди. Унда ўзи билган дунё — Кейн дарёсидаги чўмилиш маросими тасвирланган эди. У ушбу илк асарини 25 центга сотди.
Ҳар қандай буюм ижод учун ...
Клементин тўхтамади. У қўлига тушган ҳар қандай нарсага: картон қутилар, шиша идишлар, қуриган қовоқлар, ёғоч бўлаклари ва банка қопқоқларига расм чиза бошлади. У пахта теримини, тўйларни, шанба кунги рақсларни, ёнғоқ терими каби оддий қора танли деҳқонлар ҳаётини тасвирлади, унинг чизган суратлари галареялар, кўргазмалар учун эмас эди, шунчаки у кўрганини, оддий ҳаётни чизарди.
Унинг услуби ўзига хос эди: ҳеч қандай қоидаларсиз, ёрқин ранглар ва оддий шакллар. Унга ҳеч ким “тўғри чизиш”ни ўргатмаганди ва бунга эҳтиёжи ҳам йўқ эди.

1949 йилда, у олтмиш ёшдан ошганда, илк шахсий кўргазмаси бўлиб ўтди. Санъатшунослар унинг ижодини “содда санъат”, “болаларча”, “фольклор” деб аташди, аммо Клементин бундай ёрлиқларга эътибор бермай ижод қилишда давом этди. Гарчи бу фикрлар мақтовга ўхшасада, ушбу сўзлар ортида бошқа нарса ётарди: “ҳақиқий” эмас, “жиддий” эмас...

1955 йилда унга Мелроуз плантациясидаги Aфрика уйининг деворларини бўяш топширилди. Етти ҳафта давомида у деворни африкаликлар ҳаётини акс эттирган лавҳалар билан ёритди: пахта терими, черков хизматлари, тўйлар, хайрлашувлар ва қўлида мўйқалам билан ўзининг автопортрети.

Кечиккан эътироф
1970 йилларга келиб, унинг ишлари бутун АҚШ бўйлаб машҳур бўлди. Президент Жимми Картер уни Вашингтонга таклиф қилди. Илгари 25 центга сотилган расмлари энди минглаб доллар турарди.
Шунга қарамай, Клементин жуда камтарона яшашда давом этди. У ўз исмини ёза олмагани учун расмларига “C” ва “H” ҳарфларини бир-бирига қарама-қарши тарзда чизиб белги қўярди. Бу белги муаллифи чизган расмлар шунчалик қадрли эдики, ҳатто уни сохталаштира бошладилар.
1986 йилда, 100 ёшида, Луизиана университети унга тасвирий санъат бўйича фахрий доктор унвонини берди. Клементин 1988 йилда, 101 ёшида вафот этди ва охирги кунларигача сурат чизиб, ўзидан 5000 дан ортиқ асар қолдирди.

Бугун унинг асарлари дунёнинг энг йирик музейларида, жумладан Смитсониан институтида сақланади. Клементин Хантер билим ва имконият йўқлиги ижодга тўсиқ бўла олмаслигининг тирик исботидир. У ўз жамиятининг тарихини ҳеч ким айтмаган тилда — ранглар тилида сўзлаб берди.
У 50 йил далаларда меҳнат қилди, аммо ичидаги ижодкорни ўлдирмади. Унинг “оддийлиги” замирида улкан куч бор эди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter