Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Экстремистлар уй ва автомобилларга ўт қўйди

Экстремистлар уй ва автомобилларга ўт қўйди

Фото: Anadolu/Getty Images

Юзлаб яҳудий келгиндилари Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилида жойлашган Ал-Муғайир қишлоғига ҳужум уюштирди. Оқибатда бир фаластинлик ҳалок бўлди, йигирмадан зиёди жароҳатланди. Экстремистлар фаластинликларга тегишли уй ва автомобилларга ўт қўйган.  

СNN хабарига кўра, 1000-1200 нафар яҳудий келгиндиси қишлоқни қамал қилган ва улардан 500 нафари кўча ҳамда хонадонларга босқин уюштирган, одамларни ўққа тутган. Мутаассиб гуруҳ йўқолиб қолган 14 ёшли исроиллик ўсмирни қидиргани айтилмоқда. 

Тель-Авив ҳукумати Фаластин ерларига кўчирилган яҳудий оилаларини фаол равишда қуроллантирмоқда. Бу вазиятда қуролсиз фаластинликлар ҳаёти икки карра хавф остида қолаётгани айтилмоқда.

Исроил 1967 йилда босиб олинган Фаластин ҳудудлари – Ғарбий соҳил ва Шарқий Қуддусда кўп йиллардан буён ноқонуний яҳудий уйларини қуриб келади.

Исроилдаги Peace Now инсон ҳуқуқлар ташкилоти Бинямин Нетаняҳу ҳукуматининг ноқонуний тураржойлар қуриш ҳаракатини қоралар экан, бу орқали Ғарбий соҳилни бутунлай ишғол этиш кўзланганидан огоҳлантирган.

Ноқонуний яҳудий тураржойлари қурилишини Исроилнинг энг яқин иттифоқчиси АҚШ ҳам номақбул деб билади. Негаки, бу халқаро ҳуқуқ ҳамда Фаластин давлатчилигининг намойишкорона поймол этилишидир.

Жорий йил февраль ойида президент Жо Байден Ғарбий соҳилда фаластинликларга нисбатан зўравонлик ҳаракатларини содир этган яҳудийларга нисбатан санкция жорий этди.

2023 йил декабрь ойида Франция, Австралия, Бельгия, Канада, Дания, Финляндия, Люксембург, Нидерландия, Норвегия, Испания, Швеция, Швейцария, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи ҳам Ғарбий соҳилда экстремистик кайфиятдаги аҳоли томонидан фаластинликларга ҳужумлар мисли кўрилмаган даражада кўпайганидан чуқур хавотир изҳор этган ва Тель-Авивдан зўравонликларга чек  қўйишни талаб қилган эди.

Исроил томонидан Фаластиннинг босиб олинган ҳудудларида ноқонуний уйлар қурилиши халқаро ҳамжамият томонидан танқид қилиб келинади. Хусусан, БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2016 йил 23 декабрь куни қабул қилинган резолюциясида Исроилдан ишғол остидаги Фаластин ерларида ғайриқонуний тураржойлар қуришни буткул тўхтатиш талаб қилинган.   

Халқаро ҳамжамият эътирозларига қарамай, Тель-Авив маъмурияти Ғарбий соҳилда яҳудий уйларини қуриш ва келгиндиларни кўчириш учун тобора кўпроқ маблағ ажратмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг