Эпштейнга тегишли деб тахмин қилинаётган ёзув ошкор қилинди
АҚШда федерал суд Жеффри Эпштейнга тегишли деб тахмин қилинаётган суицид ёзувини ошкор қилди. Ҳужжат йиллар давомида муҳрланган ҳолда сақланган бўлиб, у Эпштейннинг собиқ камерадоши Николас Тартаглион иши доирасида очиқ қилинган. Шу билан бирга, The New York Times нашри ушбу ёзув айнан Эпштейн томонидан ёзилганини мустақил равишда тасдиқлай олмаганини маълум қилган.
Маълумотларга кўра, ёзув 2019 йил июль ойида Эпштейн ҳушсиз ҳолда топилганидан сўнг график роман ичида аниқланган. У вақтда у тирик қолган, аммо бир неча ҳафта ўтиб, Ню-Йоркдаги қамоқхонада вафот этган. Расмий хулосага кўра, ўлим сабаби суицид деб баҳоланган.
Ошкор қилинган ёзувда қуйидаги иборалар келтирилган:
- «Мени бир неча ой текширишди — ҳеч нарса топишмади!!!»
- «Хайрлашиш вақтини ўзинг танлаш имкони — бу ўзига хос имтиёз»
- «Мендан нима кутаяпсан — ўтириб йиғлайми?!»
- «Қизиқ эмас»
- «Арзимайди!!»
Мутахассислар таъкидлашича, ёзувдаги айрим иборалар Эпштейн илгари электрон мактубларида ишлатган услубга ўхшаш. Бироқ ҳужжатнинг ҳақиқийлиги ҳали ҳам расман тасдиқланмаган.
Судья Кеннет Карас мазкур ҳужжатни ошкор қилиш тўғрисида қарорни оммавий ахборот воситалари мурожаатидан сўнг қабул қилган. АҚШ Адлия вазирлиги эса ушбу ёзувни аввал кўрмаганини билдирган.
Эпштейннинг ўлими атрофидаги баҳслар ва шубҳалар ҳалигача давом этмоқда. Қамоқхонадаги хавфсизлик камчиликлари ва воқеа тафсилотлари юзасидан турли тахминлар илгари сурилмоқда. Ошкор этилган янги ёзув эса ушбу ишга оид саволларга яна қўшимча баҳслар туғдириши мумкин.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter