Германия мушкул танлов қаршисида
Германияда кекса аҳоли сони ошиб бораётган бир пайтда пенсия ёшини 70 ёшга ошириш таклиф этилмоқда. Бу ҳукумат учун мушкул танловдир. Негаки, пенсия ёши кўтарилиши билан ижтимоий ҳимоя талаблари савол остида қолади.
Христиан-демократик иттифоқ (ХДС) ва Христиан-социал иттифоқнинг (ХСИ) парламентдаги фракцияси етакчиси Йенс Шпанга кўра, демографик қалтис вазиятга жавоб чораси сифатида пенсия ёшини ошириш мақсадга мувофиқдир.
23 февраль куни бу борада экспертлар комиссияси йиғилиши ўтказилиши ва пенсия ёшини ошириш имкониятлари муҳокама этилиши кутилмоқда. Олимлар ва сиёсатдонлардан иборат ҳайъат йил ўрталарида якуний хулоса тақдим этади.
Масала ўта ҳассос экани инобатга олинса, бу борадаги муҳокамалар ва қонунчилик жараёни бир неча ойдан бир неча йилга қадар чўзилиши мумкин.
“Ёшингиз 100 га тўлар экан, 60 ёшда ишлашни тўхтатишингиз тўғри эмас. Бугун дунёга келган ҳар икки қизалоқдан бири 100 ёшга қадар яшаши мумкин”, – дейди ХДС ва ХСИ фракцияси раҳбари Йенс Шпан.
Германия федерал статистика идораси таҳлилларига қараганда, 2024 йилда туғилган қизалоқларнинг ўртача умр кўрсаткичи 83,5 ёшни, ўғил болаларники эса 78,9 ёшни ташкил этади. Мазкур кўрсаткич 100 ёшга етиши учун маълум вақт талаб этилади.
2024 йилда эркаклар ва аёлларнинг ўртача пенсия кўрсаткичи 64,7 ёшга тўғри келган.
Сўнгги вақтларда Германияда кексаларнинг нафақага чиқиш вақти тобора ортга сурилмоқда. 2024 йилда 68 ёшга кирган кексаларнинг 16 фоизи ишлашда давом этган. Ҳолбуки, ўн йил аввал бу 11 фоизни ташкил этар эди.
Шу тариқа ҳозирда қонунан белгиланган пенсия ёши 67 га қадар ўсмоқда.
Сиёсатдонлар фикрича, кексалар армияси кенгайиб бораётган бир пайтда бюджет зўриқишини уларнинг иш вақти ва пенсия ёшини ошириш орқали енгиллаштириш мумкин.
Германия Европа Иттифоқидаги энг кекса ишчи кучига эга. 2024 йилда олмон ўлкасида меҳнат ёшидаги (15 дан 64 гача) аҳоли қарийб 41 миллион кишини ташкил этган бўлса, уларнинг қарийб 10 миллион нафари 55-64 ёшдагилардир. Яъни кекса ишчи кучи аллақачон 24 фоизга етган.
Дарвоқе, меҳнат бозорида талаб ортаётган бир пайтда Германия Ўзбекистон билан ҳам ишчи кучи борасида ҳамкорликни кучайтирмоқда.
Аввал хабар берганимиздек, Германия канцлери Олаф Шольцнинг 2024 йил 15-16 сентябрь кунлари Самарқандга ташрифи чоғида бир қатор муҳим ҳужжатлар қаторида Миграция ва мобиллик соҳасида ҳар томонлама шериклик тўғрисида ҳукуматлараро битим ҳам имзоланганди.
Германия кўплаб соҳаларда ўзбекистонлик малакали ишчиларни чорлаётир.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter