Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Журналист президент Байденни тилидан илинтирди. Трамп усталик билан чап берган эди

Журналист президент Байденни тилидан илинтирди. Трамп усталик билан чап берган эди

Фото: "Google Images”

АҚШ президенти Жо Байден ABC телекомпаниясига берган интервьюсида Россия етакчиси Владимир Путинни қотил деб атагани расмий Москвани дарғазаб қилди.  Журналист Жорж Стефанополуснинг «Cиз Путинни қотил деб ҳисоблайсизми?» деган саволига Байден бироз тараддуддан кейин ҳа дея жавоб қайтарди.

Кеча хабар берганимиздек, Владимир Путин Оқ уй соҳибининг кескин айбловига тагдор киноя билан жавоб беришга ҳам улгурди.

Аслида, «Путиннинг қотил экани» масаласи АҚШдан кўпдан буён муҳокама этилмоқда. Собиқ президент Дональд Трамп ушбу масалада журналистлар томонидан уч марта саволга тутилган ва ҳар гал мушкул вазиятдан чиқиб кетишнинг йўлини топган.

Биринчи марта MSNBC телеканали бошловчиси Жо Скарборо Путин журналистлар ва мухолифларини ўлдираётгани масаласида муносабат сўраган. Миллиардер президент мавзуни бошқа ўзанга буриб, Путин ўз мамлакатини идора этаётган етакчи эканини қайд этиш билан чекланган.

Иккинчи бор АВС вакили Жорж Стефанопулос (ҳа, бу ўша – куни кеча Байденни тилидан илинтирган журналист. Дарвоқе, у ўз вақтида президент Билл Клинтоннинг матбуот котиби вазифасида ишлаган) Трампга айни шу мазмундаги савол билан мурожаат қилган. Президент эса «Одам ўлдирган дейсизми? Мен бундай ҳолатга гувоҳ бўлмадим» дея жавоб қайтарган.

Шунингдек, Fox телеканали бошловчиси Билл О'Райли ҳам Россия раҳбарини қотилликда айблаб, бу борада Трампнинг нуқтаи назарини билишга уринган.

«Умуман олганда, қотиллар талайгина. Ўзимизда ҳам (АҚШ назарда тутилмоқда – таҳр.) каллакесарлар кўплаб топилади. Нима, сиз бизнинг мамлакатимиз бегуноҳ-маъсум деб ўйлайсизми?» деб саволга савол билан жавоб қайтарган Трамп.

Оқ уйнинг Байден ҳамда Трампдан аввалги соҳиблари ҳам Кремлдаги ҳамкасблари борасида кескин фикрлар айтгани маълум. Қўшма Штатларга 2008-2016 йилларда раҳбарлик қилган Барак Обама Россия етакчисини «босқинчи ва безори» дея сифатлаган.

Жорж Буш ҳамда Барак Обама маъмуриятида мудофаа вазири лавозимида фаолият юритган Роберт Гейтс эса Путиннинг кўзига боқиб, совуққон қотилни кўрганини сўзлаб берган

Бундан ташқари, Жон Маккейн, Митт Ромни, Марко Рубио, Берни Сандерс каби сенатор ҳамда президентликка номзодлар ҳам шундай айбловларни илгари сурган.

АҚШ Конгресси Вакиллари палатаси спикери Нэнси Пелоси президент Трамп Путинни Вашингтонга таклиф этгудек бўлса, Россия раҳбари Капитолийда (парламент биносида) қабул қилинмаслигини айтган. Сенатдаги республикачилар фракцияси раиси Митч Макконнелл ҳам ушбу баёнотни қўллаб-қувватлаган

Америкалик арбоблар Россия раҳбарини коррупцияда ҳам айблаб келади.

Расмий Москва бундай айбловларни қатъиян рад этади. Байденнинг сўнгги баёноти ортидан ҳам Россиянинг АҚШдаги элчиси Анатолий Антонов маслаҳатлашув учун ошиғич равишда Москвага таклиф этилди. Бу эса дипломатик «лаҳжа»да кескин норозиликни ифодалайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг