Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Крокус»даги теракт ИШИДнинг Афғонистондаги қаноти томонидан мувофиқлаштирилган – ФХБ

«Крокус»даги теракт ИШИДнинг Афғонистондаги қаноти томонидан мувофиқлаштирилган – ФХБ

Бишкекда бўлиб ўтган МДҲ давлатлари махсус хизматлари раҳбарлари кенгашида Россиянинг Федерал хавфсизлик бюроси (ФХБ) ташкилоти раҳбари Александр Бортников Москва яқинидаги Crocus City Hall мажмуасида содир этилган теракт бўйича 20 дан ортиқ одам ҳибсга олинганини маълум қилди.

Унинг билдиришича, террорчиларнинг ҳаракатлари ИШИДнинг Афғонистондаги қаноти дея қараладиган «Вилояти Хорасан» террорчилик ташкилоти томонидан мувофиқлаштирилган.

«Биз ҳозирда жиноятга дахлдор бўлганларнинг бутун алоқаларини аниқлаяпмиз. Йигирмадан ортиқ одам ҳибсга олинди: улар орасида бевосита жиноятчилар ва жиноятга шерик бўлганлар ҳам бор», – деди Бортников.

ФСБ директорининг сўзларига кўра, «террорчиларни тайёрлаш, молиялаштириш, ҳужум қилиш ва олиб чиқиб кетиш интернет орқали «Вилояти Хуросон» гуруҳи аъзолари томонидан мувофиқлаштирилгани аллақачон аниқланган.

«Тергов давом этмоқда, аммо биз ҳозирданоқ ушбу терактда Украина ҳарбий разведкасининг алоқаси бўлганини ишонч билан айтоламиз», – дейди Бортников.

Бортниковга кўра, ушбу терактдан кўзланган мақсад «диний ва миллий омиллардан фойдаланган ҳолда Ҳамдўстлик мамлакатлари муносабатларига путур етказиш»дан иборат.

ФСБ директорининг қайд этишича, тергов Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон махсус хизматлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари иштирокида ўтказилган.

Эслатиб ўтамиз, Москва яқинидаги Crocus City Hall’да жорий йилнинг 22 март куни бир неча нафар қуролланган шахслар томонидан теракт уюштирилган ва оқибатда 144 киши қурбон бўлган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг