Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Нетаняҳу ўзини ҳибсга олиш ҳақидаги қарорга муносабат билдирди

Нетаняҳу ўзини ҳибсга олиш ҳақидаги қарорга муносабат билдирди

20 май куни Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд прокурори Карим Хон Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олиш юзасидан сўров берган эди.

Ҳужжатда қайд этилишича, ҳар икки шахсни «Фаластин ҳудудида (Ғазо сектори) 2023 йил 8 октябрдан буён содир этилган уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар учун жавобгар» деб ҳисоблаш учун етарли асослар бор.

Карим Хон, шунингдек, ҲАМАСнинг уч етакчисини ҳам ҳибсга олиш учун ордер cўраган.

Ушбу ҳодисага муносабат билдирган Бинямин Нетаняҳу халқаро маҳкамани терроризмни қўллаб-қувватлашда айблаган. У, шунингдек, прокурор Карим Хонга таҳдид қилган.

«Мен истаган давлатимга бемалол саёҳат қила оламан. Аммо мени ҳибсга олишга ордер берган прокурор Карим Хон эҳтиёт бўлгани маъқул, у ҳамма ерга ҳам саёҳат қила олмайди», – деган у.

Гап шундаки, халқаро маҳкаманинг ушбу қарорига Исроилнинг яқин иттифоқчи АҚШ қарши чиқди.

«Бу прокурор нимани назарда тутганидан қатъи назар, Исроил ва ҲАМАС ўртасига тенглик белгисини қўйиш мумкин эмаслигини айтмоқчиман. Биз хавфсизликка таҳдид борасида ҳамиша Исроил томонида бўламиз», – деган АҚШ президенти Жо Байден.  

Оқ уй раҳбари халқаро маҳкама қарори юридик ҳужжат экани ва уни сиёсатдонлар томонидан муҳокама этиш номақбул ҳолат эканига эътибор қаратмаган.

АҚШ сенати аъзоси Линдси Грэм эса Халқаро жиноий суд мансабдорларига санкция киритиш билан таҳдид қилган.  

Халқаро маҳкама прокурори Карим Хонга кўра, Исроилнинг юқори рутбали амалдорларига нисбатан тергов олиб бориш пайти унга пўписа ва таҳдидлар бўлган, ҳатто амалдорлардан бири халқаро маҳкама Ғарб ва унинг иттифоқчилари учун эмас, балки «Африка ва Путин каби каллакесарлар учун тузилгани»ни  уқтирган.

Ғазода  кўп сонли тинч аҳоли вакиллари ўлимида айбланаётган Бинямин Нетаняҳу ва Йоав Галантни ҳибсга олиш ҳақида қарорни Франция, Ирландия, Бельгия каби давлатлар қўллаб-қувватлаган.

«Франция Халқаро жиноий суднинг мустақиллиги ва барча ҳолатларда жазосизликка қарши курашиш тамойилини қўллаб-қувватлайди», – дейилади расмий Париж баёнотида.

Европа Иттифоқи бош дипломати Жозеп Боррель ҳам ЕИнинг Рим статутига қўшилган барча давлатлари маҳкама қарорини бажариши кераклигини эслатган.

Исроил армияси Ғазога ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан бостириб кирганидан буён давом этаётган урушда 35647 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, 79852 нафари жароҳатланди.

Аввалроқ халқаро адвокатлар гуруҳи бош вазир Бинямин Нетаняҳуни Ғазодаги геноцид жинояти сабаб ҳибсга олишга уринган эди.

Маълумот ўрнида, Нетаняҳу ўз мамлакатида ҳам коррупция бўйича айбловлар юзасидан судланмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг