Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Олмаота ва Остонадаги норозиликлар оммавий ҳибслар билан давом этмоқда (видео)

Олмаота ва Остонадаги норозиликлар оммавий ҳибслар билан давом этмоқда (видео)

Фото: «CA-News»

10 май куни Олмаота ва Остонада ўнлаб одамлар сиёсий сабабларга биноан таъқиб қилинаётганларни қўллаб-қувватлаш мақсадида рухсат берилмаган намойишга чиқишди.

Остонадаги Европа давлатларининг дипломатик ваколатхоналари жойлашган Космонавтлар кўчасида тўпланган ўнлаб одамлар «Сиёсий маҳбусларга озодлик!», «Бостандиқ!» («Озодлик!»), «Шармандалик!» дея бақирдилар.

Олмаотада эрталаб ўнлаб одамлар опера ва балет театри яқинидаги пиёдаларга мўлжалланган кўчага келишди. Улар қўлларида Қозоғистон хуқуқ ҳимоячилари томонидан сиёсий маҳбус дея таъриф бериладиган инсонларнинг суратларини ҳамда қийноқларни тўхтатиш борасидаги чақириқларни кўтариб олишган эди.

Ҳар икки шаҳарда норозиликлар вақтида ҳибсга олишлар кузатилди. Xабарга кўра Олмаотада 80 га яқин киши ушланди. Тирбанд кўчада ҳибсга олинганлар орасида полициянинг ҳаракатларидан ҳайратга тушган, шунчаки ўтиб кетаётганлар ҳам бор эди.

Полиция вакиллари юз берган ҳодисаларга изоҳ бермади, Остонадаги полиция ходимларидан бири изоҳ «кейинроқ бўлиши»ни айтди. Олмаотада полиция ходимлари изоҳ учун ички ишлар департаменти матбуот хизматига мурожаат қилиш лозимлигини айтишди.

Куни кеча ҳуқуқни ҳимоя қилувчилар Қозоғистонда кутилаётган норозиликлар олдидан бир неча ўнлаб фаоллар ва оддий фуқаролар полицияга чақирилгани ёки олиб келингани ҳақида маълум қилишган эди. Норозилик намойишларини мамлакатда фаолияти тақиқланган «Қозоғистоннинг демократик танлови» ҳаракати уюштирди. Маълумки, бу ҳаракатга ҳозир хорижда яшаётган собиқ банкир, Қозоғистон расмийларини ҳамиша танқид қилиб келадиган Мухтор Аблязов асос солган. Шу йилнинг март ойида Остона суди бу ҳаракатни экстремистик ташкилот деб эълон қилган эди.

Иштирокчиларнинг сўзларига қараганда, норозилик акцияси Қозоғистонга Европа парламентининг расмий миссияси келиши муносабати билан ўтказилди. Мазкур миссия Қозоғистон ва Европа иттифоқи ўртасида эришилган ҳамкорлик ва ҳамдўстлик тўғрисидаги битим Остона томонидан қандай бажарилаётганига ўз баҳосини бериши керак.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг